Қоронғи режим
Image
Logo

Ҳанафий мазҳаби- мўътадил мазҳаб

Ҳанафий мазҳаби- мўътадил мазҳаб

Аҳли суннат ва жамоат таълимотига эргашувчи тўрт мазҳаб – ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбалийликнинг ҳар бирининг асосини Қуръони карим ва ҳадиси шариф ташкил қилиши ҳеч кимга сир эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари ҳар бир мазҳаб фиқҳида асосий манбалардан бири ҳисобланади.

Ислом динининг дунё бўйлаб кўп тарқалган илк даври Имом Абу Ханифа ва у зот асос солган ҳанафийлик мазҳаби ана шундай гуруҳларнинг мутассибона фикрларга қарши чуқур илмий асосда босиқлик, бағрикенглик ҳар бир диний ва дунёвий жиҳатдан мувофиқ ҳолларда раддия беришликка тарғиб қилади.

Муқаддас ислом динида тил ва диндаги нарсани амал билан исботлаш яхши, масаланинг иккинчи томони ҳар назардан қолдирмаслик керак. Ислом динида турли халқлар, тоифа ва гуруҳлар орасида тарқалиши айрим бадғаразли кимсалар имон ва амал бир нарса экани ҳақида бўлмағур ғояни ўзларининг қуроллларига айлантириб келмоқдалар, бунинг оқибатида бирор арконни бажармаган кишини кофирга чиқариш ва унга қарши “ғазот”, “жиҳод” эълон қилишига ҳам етиб борилди. Ана шундай исломий ишоралар, диний ғоялар баъзи гуруҳлар учун тажовуз воситасига айланган, шунинг учун ҳам Абу Ҳанифа имон ва амалнинг алоҳида-алоҳида нарса экани ҳақидаги таълимотни илгари сурди. Олимларимиз бу ишни муваффақият билан қўллаб қувватладилар, шу йўл билан мутаассиб гуруҳларнинг даъволарига зарба берилади.

Тўртта мазҳабнинг ҳеч бир таъсисчиси ҳадиси шарифдан ташқари чиқмаган, ҳадиси шариф турганда, ўз раъйлари ва фикрларини илгари сурмаган. Бунга ёрқин далил сифатида мазҳабларнинг Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан далилларни баён қилган китобларини кўпдан кўпини келтириш мумкин. Бундай китоблар хар бир асрда ўзгача услублар билан ёзилган. Бу борада ҳанафий мазҳабида ҳам талайгина китоблар битилган. Уларнинг ҳар бири бир-биридан ўзига хослиги билан ажралиб туради.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа нақлий билимлар билан бир қаторда, ақлий билимларга ҳам алоҳида эътибор қаратганлар.

Имом Абу Ҳанифанинг нақлий, ақлий билимлар билан бир қаторда ҳаётий тажрибадан келиб чиқиб ҳам фатво бергани айтилади. Абу Ҳанифа, ислом ақидасига кўра, барча Пайғамбарлар ягона эътиқодда бўлганлар фақат шариатларигина бир бириникидан фарқланган. Бундан маълум бўладики, ибодатлар яъни амаллар ҳар хил бўлган, иймоннинг асл ўрни қалбдадур деган олимлар.

Мазҳаб имомлари ҳамда уларга эргашган издошларидан   ҳеч бири ҳадиси шарифдан ташқарига чиқмаган. Ҳадиси шариф турганда, ўз раъйлари ва фикрларини илгари сурмаган. Бу ҳанафий мазҳабида яққол ўз ифодасини топган, десак хато бўлмайди.

Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг маноқиблари тўғрисида ёзилган “Ал-Хайрот ал-ҳисон” рисоласида бундай деган:  “Билгинки, уламоларнинг Абу Ҳанифа ва унинг шогирдларини “асҳоби раъй” дейишларидан мақсад, уларни камситиш, уларни ўз раъйларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ва у зотнинг саҳобаларининг гапларидан устун қўяди, деб нисбатлаш эмаслигини тушунмоғинг лозим! Чунки, улар бундан холидирлар!”

Ҳақиқат шуки, бизнинг ҳанафий мазҳабида бошқа мазҳабларга нисбатан ҳадисга эргашиш ортиқроқдир, ҳаммадан кўра бу мазҳаб соҳиблари ҳадислар маъносини чуқурроқ ва мукаммалроқ тушуниб етадилар. Ҳанафийликнинг асосий манбаси Қуръони каримдир. Ундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари энг асосий манба ҳисобланади. Ҳатто, ҳанафий мазҳабида заиф ҳадис сохталик эҳтимоли бўлган қуруқ қиёсдан устун қўйилган.

Ҳанафийлик мазҳабида заиф ҳадис турганда қиёсга, раъйга ўрин йўқ, заиф ҳадисга амал қилинади. Бу ҳанафий мазҳабининг бошқа мазҳаблардан кўра устунлигини кўрсатади. Улар қанчалик ҳадисга амал қилишни даъво қилсалар ҳам, бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаса, унга амал қилмасдан ўз раъй-фикрларига кўра қиёс қилиб ҳукм чиқарадилар. Ҳанафийликда эса ундоқ эмас. Бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаган тақдирда, заиф ҳадисга амал қилинади, раъй-фикрга суяниб қиёс қилинмайди. Хуллас, ҳанафийликда заиф ҳадис барча турлари билан мужтаҳиднинг ёки бирор бир  фақиҳнинг гапидан устун ҳисобланади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳдан ва унинг Расулидан келган нарсаларни бош-у кўз устига қабул қиламиз! Саҳобадан келган нарсаларнинг эса энг яхшисини танлаб эргашамиз!  Уларнинг гапларидан ташқари чиқмаймиз!” деган сўзларини барча маноқиб китобларда кўришимиз мумкин.

 

Авазбек Тўраев,
 Норин тумани “Қурбон ота” жоме
 масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг