ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДА НАМОЗДАН КЕЙИНГИ ЗИКРЛАР.

Намоздан кейин айтиладиган тасбиҳ, ҳамд ва такбирда мана бу ҳадиси шарифга амал қилиниб келинмоқда.
Имом Муслим ва Термизий Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Намоз) ортидан келувчиларни айтувчилар ёки қилувчилар ноумид бўлмаслар. Ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбиҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир», дедилар».
Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамду лиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш, кейинги ривоятларда келадиган зикрлар ила уйғунлашиб татбиққа кирган.
Имом Муслимнинг ривоятида: «Ким ҳар намоздан кейин, ўттиз уч марта Аллоҳга тасбиҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар», деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур, юзтанинг тамом бўлиши: «Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шаъий қодийр»ни айтса унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам мағфират қилинур», дейилган.
Имом Муслимнинг ривоятига аввал ёки охирида «Оятул Курсий»ни қўшиб ўқишни сўфийлар жорий қилганлар. Буни, сўфийлар хатмиси, деб номланади. Бу нур устига нур дейилади. Чунки, «Оятул Курсий» Қуръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётган нарсадир.
Намоздан кейин имом қавмга қараб ўтириб жамоат ўлароқ зикрларни айтиб, сўнгра қўлларини кўтариб дуо қилишлари, қавмнинг имомнинг дуосига омийн, омийн деб туриши ҳақида саволлар кўп. Авваллари бу масалада ҳеч гап кўтарилмас эди. Аммо кейинги пайтда турли сабабларга кўра саволлар кўпайди.
Аслида бу масала аллақачон ҳал бўлган муҳаддислар ўз китобларида бу борадаги ҳадисларни ривоят қилган ва фуқаҳолар ўз китобларида уни яхшилаб таҳлил қилиб ечиб берган эдилар.
Аммо баъзи одамлар бу масалани яна қайта кўтариб одамларнинг ҳаёлини паришон бўлишига сабаб бўлдилар. Аслида эса эски гапни яна қайта қўзидилар.
Начора, модомики ўзи билмаган нарсани инкор қиладиганлар бўлар экан қайта-қайта овора бўлишдан бошимиз чиқмайди.
Шунинг учун муҳтарам китобхонга қисқача баёнот беришни лозим кўрдик.
Аввало бу масалада алоҳида рисолалар ёзганлар ҳам бўлганини айтиб қўймоқчимиз.
Мисол учун Махдум Муҳаммад Ҳошим ат-Таттавий ас-Синдийнинг «Мухтасари ат-Туҳфатул Марғуба фии афзалияти ад-Дуои баъдал Мактуба»-(Фарз намозидан кейинги дуонинг афзаллиги ҳақида марғуб туҳфа мухтасари) китобини келтиришимиз мумкин.
Бу китобда муаллиф фарз намоздан кейин қўлни кўтариб дуо қилиш, жамоат бўлиб дуо қилиш ва омийн, омийн деб туриш ҳақидаги кўплаб ҳадисларни келтирган.
Биз ўзимизга жуда керакли биргина иқтибос келтириш билан кифояланимиз:
«Агар шайх Абдул Ҳақ Деҳлавий р-и. «ас-Сиротул Мустақийм»га қилган шарҳида: Араб ва ажам юртларида одат бўлиб қолган саломдан кейин имом ва қавмнинг тўпланиб дуо қилишлари, имомлар дуо қилиб қавмнинг омийн деб туриши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидан эмас, бу ҳақида бирорта ҳадис келмаган, бу нарса мустаҳаб саналган бидъатдир», деган унга нима жавоб берилади, дейилса, айтамизки:
«Унга жавоби қуйидагича;
- «Мифтоҳус Солат»нинг соҳиби Аллома Фатҳ Муҳаммад ибн шайх Ийсо аш-Шиторий ўзининг «Футуҳул Аврод» деб номланган китобида қўйидагиларни айтган:
- «Албатта, шайх Абдул Ҳақ олти саҳиҳ ҳадис китобларида ва бошқа китобларда намоздан кейин қилинадиган дуолар ҳақидаги ҳадисларни кўрмагани учун бу ишни бидъат деб айтган.
- Агар шайх Абдул Ҳақ намоздан кейин дуо қилиш аслида бидъат деган гапни ирода қилган бўлса, шубҳасиз гапи нотўғри. Чунки бу гапни биз ривоят қилган фарз намозидан кейинги дуолар ҳақидаги ривоятларнинг ҳаммаси уни рад қилади.
- Агар шайх Абдул Ҳақ намоздан кейин икки қўлни кўтариб, иқтидо қилувчиларнинг омийн, омийн, деб туриши шаклидаги дуони бидъат деган бўлса, бу гапи ҳам нотўғри. Чунки, дуода икки қўлни кўтариш суннатдир, дуонинг охирида икки қўлни юзга суртиш ҳам дуонинг суннатидир, эшитувчиларнинг омийн, омийн, деб туришлари ҳам дуонинг суннатларидан.
Манбаълар асосида тайёрланди.
Ғиёсиддин Тожимирзаев ,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022