Қоронғи режим
Image
Logo
ҲАНАФИЙЛИК МАЗҲАБИ АСОСЛАРИ

ҲАНАФИЙЛИК МАЗҲАБИ АСОСЛАРИ

Ҳанафий мазҳаби аҳли сунна вал жамоа йўналишининг тўрт фиқҳий мазҳаблари орасида асрлар оша эргашувчиларининг кўплиги, мустаҳкам асослари ва қулайлиги билан ажралиб туради.

Ҳанафийлик мазҳаби фақат Имом Абу Ҳанифанинг ижтиҳодлари асосидагина шаклланмаган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Ироқ фиқҳий мактабининг ёрқин вакили ҳисобланади. Ироқ фиқҳий мактаби асослари Куфада яшаган Ҳазрати Али розийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу бошлиқ бир минг беш юздан ортиқ саҳобага таянади.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мужтаҳид (оят ва ҳадислардан ҳукм чиқаришга салоҳияти бор, етук олим) даражасидаги кўплаб шогирдлари ҳамроҳлигида ўз даврларида пайдо бўлган деярли барча фиқҳий масалаларни тизимли равишда ечимини топиб, ҳаттоки ҳали содир бўлмаган фаразий масалаларга ҳам ечим топганлар. Шу тариқа келажак авлодга жуда катта фиқҳий мерос хазинасини қолдирдилар.

Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг ўзларига хос ижтиҳод йўллари мавжуд бўлиб, у киши буни қуйидагича таърифлайдилар: “Мен ҳукмларни Қуръондан оламан. Агар Қуръондан топа олмасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан оламан. Агар Қуръондан ҳам, Расулуллоҳнинг ҳадисларидан ҳам топа олмасам, саҳобалардан хоҳлаганимнинг фатвосини оламан, хоҳламаганимни олмайман. Кейин уларнинг сўзларидан чиқмайман. Аммо тобеинларга келсак, масалан, Иброҳим ан-Нахаъий, Шаъбий, Ҳасан, Ибн Сирин, Саид ибн Мусаййаблардек, менинг ҳам уларга ўхшаб ижтиҳод қилишга ҳаққим бор”.

Демак, Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳукм чиқаришда тутган йўллари қуйидаги ҳадисга мувофиқ бўлган:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳуни яманликларга исломни ўргатиш учун юборганлар. Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу жўнаб кетаётган пайтларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишини тўхтатиб, шундай деганлар:

“У ерда сизга бирор масала дуч келса, қандай қилиб ҳукм чиқарасиз?” деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу: “Аллоҳнинг китоби ила”, деб жавоб бердилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг китобидан топа олмасангиз-чи?” деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу: “Расулуллоҳнинг ҳадислари билан”, деб жавоб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Расулуллоҳнинг ҳадисларидан ҳам топа олмасангиз-чи?” деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу: “Қараб турмасдан фикрим ила ижтиҳод қиламан”, дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва: “Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Ҳанафий мазҳабида ҳам шаръий ҳукмларни чиқаришда, қуйидаги тўртта манбага асосланилади:

Биринчиси: Қуръони карим. Мазҳаббошимиз бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлсалар, аввало, Қуръонга мурожаат қилганлар. Агар Қуръонда ечим топилса, ҳеч қандай иккиланишсиз уни қабул қилганлар.

Иккинчиси: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари. Агар фақиҳ ўша масалага жавобни Қуръондан топа олмаса, ҳадисга мурожаат қилган. Агар ҳадисда ечим топилса, ҳеч қандай иккиланишсиз уни қабул қилган.

Учинчиси: ижмоъ. Ижмоъ бу – бир даврдаги ижтиҳод аҳли бўлган уламолар бир овоздан бирор масалани қабул қилишларидир. Мисол учун, Қуръони каримни китоб шаклига келтириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида ҳам таъкидланмаган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг урушларда Қуръонни ёд биладиган қорилар кўплаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган Умар розийаллоҳу анҳунинг таклифлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу Қуръонни жамлашга буйруқ бердилар. Бунга ҳамма рози бўлди, ҳеч ким қарши чиқмади. Демак, бу иш ижмоъ (келишув) орқали амалга ошди.

Тўртинчиси: Қиёс. Қиёс бу – юқоридаги манбаларда ҳукми келмаган нарсани, умумий ўхшашлик бўлгани учун манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш. Мисол учун, Қуръонда ўша вақтда узум, арпа, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олинадиган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган.

Уламолар шунга қиёслаб, улардан бошқа маст қилувчи ичимликларни ҳам “ҳаром” деганлар.

Демак Ҳанафийлик мазҳаби қоидалари мўътадиллиги, юмшоқлиги, қулайлиги, ибодат масалаларида бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, кўпроқ имтиёзларга йўл очиб бергани ва халқларнинг маҳаллий анъаналарини эътиборга олганлиги сабабли кенг ёйилган. Бугунги кунда Ҳанафийлик мазҳаби Кичик Осиё, Болқон, Шимолий Кавказ, Қора денгиз, Волгабўйи, Марказий Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Хитойгача кенгликларда тарқалган. Дунё мусулмонларининг қарийб ярми шу жумладан бизнинг юртимиз мусулмонлари ҳам қадимдан ҳанафийлик мазҳаби кўрсатмалари асосида амал ва ибодат қилиб келмоқдалар.

Муродилла Аҳмедов,

Наманган тумани "Отавалихон" жоме

масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг