Қоронғи режим
Image
Logo

ХОЗИР ҲИЖРАТ ЙЎҚ!

ХОЗИР ҲИЖРАТ ЙЎҚ!

Пайғамбаримиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз давридаги мусулмонлар билан бирга азиз ватанлари бўлмиш Макка шаҳридан Ясриб шаҳрига кўчиб ўтганлар. Ана шу кўчиб ўтишлари араб тилида “ҳижрат” – “кўчиш” деб аталади. Ушбу ҳижратдан “ҳижрий йил” ҳисоби бошланган, яъни “кўчиб ўтганликнинг биринчи йили, иккинчи йили ва ҳоказо”, деб номлана бошлаган. Ушбу ҳижрат сабабидан Ясриб шаҳри Мадина деб атала бошлаган. Ана шу ҳижрат сабабидан Маккадан Мадинага кўчиб борганлар “муҳожир” – “кўчиб борувчи” ёки “кўчиб ўтувчи”лар деб аталган.

Ҳижрат йўқлигига далиллар

Муҳаддислар султони Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг саҳиҳ ҳадислар тўплами “Саҳиҳи Бухорий” – “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарларида ўндан ортиқ жойида:

لا هجرة بعد فتح مكّة –

 “ Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган мазмундаги ҳадиси шарифни келтирганлар.

Ҳозирда ҳижрат фарз, деб оламга жар солаётганларнинг ўзлари айрим ихтилофли масалаларни қўзғаш мақсадида доим Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ номидан фойдаланадилар, у зотнинг асарларидан иқтибос келтиришни яхши кўрадилар. Қизиқ! У зот ривоятидаги, асарида ўндан ортиқ жойида келтирилган:

لا هجرة بعد فتح مكّة –

“Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган мазмундаги ҳадис ҳақида лом-мим демайдилар

Ҳижрат йўқлигига далиллар

Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо: “Бугун ҳижрат йўқ! Бир вақтлар мусулмонлар дини сабабли фитнага тушиб қолмаслик мақсадида Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қочган эдилар. Энди эса Аллоҳ исломни зоҳир қилди. Бугун ҳар ким хоҳлаганча парвардигорига ибодат қилаверади”, деганлар (Бухорий, 5/3900).

Тобеъинларнинг яна бир улуғларидан бири Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳуга: “Мен Шомга ҳижрат қилмоқчиман!”, деганлар. Ибн Умар разийаллоҳу анҳу унга: لا هجرة اليوم –  Бугун ҳижрат йўқ! Ортингга қайт!”, деганлар (Бухорий, 5/4309).

Бугунги кунда ҳизбчиларми, янги хаворижларми, бузғунчи “мусулмон”ларми, ўзларига “Мақсадга эришиш йўлида ҳаром ишларни ҳам қилиш мумкин!”, деган ботил фатвони чиқариб олишган.

Шу йўлда улар одам ўлдиришдан ҳам, ҳаром-ҳариш мол-дунё тўплашдан ҳам, аёл-қизларнинг номусига тегишдан ҳам, оммавий қотилликлар уюштиришдан ҳам, намозхонларни масжидларда портлатиб юборишдан ҳам, ўзларига мушрик-кофирларни раҳнамо қилиб олишдан ҳам, қайтишмайди. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратга тайёргарлик ниятида ўғирлик қилганларнинг қўлларини, “Ҳижрат йўқ!” дея аямай чопиб ташлатганлар. 

Абдулазиз Кенжаев,
Поп тумани “Холматбой” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг