Қоронғи режим
Image
Logo

ИСЛОМ ТЕРРОРГА ҚАРШИ

ИСЛОМ ТЕРРОРГА ҚАРШИ

«Террор» тушунчаси жуда кўп маъноларни ўзида қамраб олган. Кўпчилик террорни «Ўз мақсадига эришиш йўлида бошқаларнинг жони, моли ва обрўсига куч ва қурол ишлатиш йўли билан зарар етказиш» деб атамокдалар. Шу билан бирга «террор» - одамлар ҳаётига хавф туғдирувчи миқёсда қўрқитиш, ваҳимага солиш, кишилар ҳаётини батамом қамраб олувчи қўрқув ва зўравонлик муҳитини яратишни хам англатади. Террор деганда террорчилар хоҳлаган фикрлар ва ҳаёт тарзи, ўзлари назарда тутган хулқ-атворни жамиятга мажбуран сингдириш мақсадида кишиларни оммавий тарзда ва мунтазам даҳшатга солиш, одамларда қўрқув туғдирадиган ҳар қандай зулм ва зўравонликни амалга ошириш назарда тутилади. Бироқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч бир гуноҳи йўқ, тинч одамлар бевосита ёки билвосита террорчилик харакатларининг қурбонига айланмоқда. Террорчилик ташкилотлари халқ оммасини ўз сафига тортиш учун кўплаб қўрқитиш воситаларидан фойдаланадилар. Улар қўрқув муҳити ёрдамида ўзларининг жамиятга таъсир кучини кўпайтиришни ва шу йўл билан халқнинг ёки кўпчиликнинг қўллаб-қувватлашига эришишни кўзлайдилар.

Бугун бу сўз одатда маълум мафкурали гуруҳлар олиб бораётган қуролли курашга нисбатан хам ишлатиляпти.

Ўз-ўзидан, бу масалаларга Ислом дини таълимотларида қандай қаралади, деган савол пайдо бўлади. Албатта, бу каби саволларга муқаддас Ислом динимизда жавоблар тайёр. Жавоб беришдан аввал террордан кўрилаётган зарарларга бир назар солайлик. Уларнинг рўйхати бошида бегуноҳ одамларнинг кўплаб ҳалок бўлиши туради. Кейин кишиларнинг молу мулклари зое бўлиши, шарафларига  футур етиши, халқлар орасидаги муносабатларнинг ёмонлашиши, дунёда хавф-хатар бардавом бўлиши каби инсониятга зарарли кўпгина нарсалар келади. Ислом инсониятга зарар етишига мутлақо қаршидир. Ислом Аллоҳ таоло томонидан инсоният бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилинган диндир.

Ислом динининг таълимотлари, қонун-қоидалари ва амалларидан бешта бош мақсад кўзда тутилгандир:

  1. Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсади.
  2. Инсон аклини муҳофаза қилиш мақсади.
  3. Инсон динини муҳофаза қилиш мақсади.
  4. Инсон наслини муҳофаза қилиш мақсади.
  5. Инсон молу мулкини муҳофаза қилиш мақсади.

Террор эса, айнан ушбу мақсадларга қарши фаолиятдан иборатдир. Террорнинг бош зарари — бегуноҳ инсонларнинг ўлдирилишига Ислом қанчалар қарши эканини билишнинг ўзи бу илоҳий диннинг террорга нечоғлик қарши эканини очиқ-ойдин кўрсатиб беради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деган («Моида» сураси, 32-оят).

Исломда ҳар бир жон жуда ҳам юқори баҳоланади. Шу боис, бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Чунки, жонлар кўп бўлгани билан, ҳаёт кечириш ҳаққи битта. Ҳар бир жон ҳаёт кечириш ҳаққига эга. Ана ўша жонлардан биттасини ўлдирган одам ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққига тажовуз этган бўлади. Аксинча, битта жоннинг ҳаётини сақлаб қолиш эса, ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққини сакдаб қолган билан тенг.

Динимизда террордан дунёга келаётган ҳар бир зарарга қарши юқоридагига ўхшаш кўплаб таълимотлар мавжуд. Уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида китоб ёзиш мумкин. Шунинг учун, бемалол «Ислом террорнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қаршидир» дейиш бизнинг бурчимиздир. Мусулмонлар террорга қарши курашнинг биринчи сафларида бўлиши лозимдир.

Билолхон Инамов,
Чуст тумани “Мавлоно Лутфуллоҳ” жоме
масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг