Қоронғи режим
Image
Logo

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ ФИТНАЛАРДАН САҚЛАНАЙЛИК!

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ ФИТНАЛАРДАН САҚЛАНАЙЛИК!

Бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида, айниқса инсонлар ўртасида ўзаро ахборот алмашиш, маълумот олишда интернет тармоғининг аҳамияти кундан кунга ортиб бормоқда. Аслида, интернет, айниқса ижтимоий тармоқларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад илм олиш имкониятларини осонлаштириш, одамларнинг узоғини яқин қилиш, ўзаро муносабатларда қулайлик яратиш эди. Бироқ бугунги кунга келиб, уларнинг вазифалари тобора кенгайиб, мақсадлари ҳам турланиб бормоқда. Қайд этиш жоизки, ҳозирда ижтимоий тармоқлар илм-маърифат ва зиё тарқатишнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги масжид, мадраса, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда имом-хатибларимиз веб-саҳифалари орқали халқимизга ва бутун дунёдаги ўзбекзабон мусулмонларга диний-маърифий маълумотларни етказиш имконига эга бўлишмоқда.

Бироқ, ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан, айни даврда айрим бузғунчи оқимларнинг интернетдан ўз ғарази йўлида кенг фойдаланаётгани, ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётганини кузатишимиз мумкин.

Сўнгги йилларда террорчи тўдалар, адашган фирқалар ва бошқа бузғунчи кучлар ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда одамларни, айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, улардан ўзларининг манфур мақсадлари йўлида фойдаланиш, жамиятда нифоқ чиқариш ҳамда энг ачинарлиси уруш оловини ёқишга уринишмоқда. Аслида турли фитналар уюштириш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш – динимизда энг катта жиноятлардан бири экани таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: яъни: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир…” (Бақара сураси 217-оят) Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва фитначилардан доимо эҳтиёт бўлишимизга чорлайди.

Аввало шуни айтиш керакки, ислом уламолари ёш авлодга илмларни тартиб билан ўргатишга алоҳида эътибор берганлар. Илмни ўрганиш – динни ўрганишдир! Илмсиз одам ҳеч қачон диннинг мақсадини англолмайди.

Қолаверса, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди. Чунки, фатво бу – дин демакдир.  Шариатимизга кўра эса уни ким етказаётгани муҳимдир. Шунинг учун машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи: яъни: “Бу илм – диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар», – деганлар (Имом Муслим ривояти).

Имом Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лозим”, – деганлар.

Шунингдек, террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.

Бу каби “тарғиботчилар” ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади. Абу Зарр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мендан кейин умматимдан ёки мендан кейинги бўладиган умматимдан  Қуръон ўқиганда, у халқумларидан ўтмайдиган, диндан худди камондан ўқ чиққандек, чиқиб кетиб, кейин унга қайтмайдиган қавм бўлади. Улар одамлар ва махлуқотларнинг ичида энг ёмонларидир” (Имом Муслим ривояти).

Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, фатво бериш – улкан масъулият экани ва у билан фақатгина етук илм ва малакага эга бўлган уламоларгина шуғулланиши лозимлиги салафи солиҳлар давридан уқтириб келинган. Шуни инобатга олиб, юртимизда шаръий саволларга фатво бериш  фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилиши лозим.

Қодирхон Азизов,
Косонсой тумани “Аълохон махдум” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг