Қоронғи режим
Image
Logo

ЗУЛҲИЖЖА ОЙИ ФАЗИЛАТИ.

ЗУЛҲИЖЖА ОЙИ ФАЗИЛАТИ.

Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ёғиладиган тоат-ибодат мавсумларидан бири Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигидир. Бу муборак кунлар ҳар бир мўмин-мусулмон учун янада кўпроқ солиҳ амаллар қилиб, Аллоҳга янада яқинлашиш учун бир фурсатдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади   «Тонга қасам. (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам» (Фажр 1-3 оятлар). «Жуфтга қасам» даги «жуфт»дан мурод, зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, «тоқ»дан мурод эса тўққизинчи кунидир.                                                                   
«Дуррул мансур»да бир неча санадлар билан ривоятлар келтирилган бўлиб, унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оятдаги «ўн кечага қасам»дан зулҳижжанинг ўн куни, «тоқ»дан эса, зулҳижжанинг тўққизинчи куни, «жуфт»дан эса, зулҳижжанинг ўнинчи куни ирода қилинган, деганлар  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга бу кунларнинг дунёдаги энг фазилатли кунлар эканини билдириб, унда солиҳ амаллар қилиб қолишга тарғиб қилганлар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир”, дедилар. Шунда: “Ё, Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш ҳам-ми?” деб сўралди. У зот: “Ҳа, Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш ҳам дедилар (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ибодат қилинадиган бирор кун зул ҳижжанинг ўн кунидан Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ундаги ҳар бир кечада туриш қадр кечасида туришга баробардир» (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари). Шунингдек, Арафа куни рўза тутиш мустаҳаб амаллардандир. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан саҳобийлар бу ҳақда сўраганларида бундай деганлар: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан” (Муслим ривояти). Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида мўмин-мусулмонлар солиҳ амалларга бошқа ойлардан кўра кўпроқ тарғиб қилинганларининг ҳикмати ундаги амаллар Аллоҳ учун янада севимлироқ бўлганидир. Нима сабаб бу ойдаги амаллар Аллоҳга маҳбуброқ? Бу ойнинг аввалги ўн кунларида ҳожилар ҳаж амалларини бажараётган бўладилар, кунларнинг энг улуғи Арафа ва Қурбон ҳайити ҳам айнан шу ўн кунлик ичидадир. Эҳтимол, шу сабаб бу кунларда қилинган амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб бўлса.     Айнан мана шу ўн кунлик ибодат сайли ичида ҳайит куни ва ҳайит намозининг ўрин олганлиги ва айнан мана шу кунларда Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун қурбонлик ибодатининг бажарилиши ҳам бу кунларнинг фазилатига фазилат қўшади. Аллоҳ таоло бу кунларни барчамизга қутлуғ ва баракотли бўлишини насиб айласин!

Бобиржон Қозоқбоев,
Наманган шаҳри Давлатобод тумани
"Мухаммад Паноҳ" жоме масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг