Қоронғи режим
Image
Logo
ИСЛОМ  - ТИНЧЛИК ДЕМАКДИР

ИСЛОМ - ТИНЧЛИК ДЕМАКДИР

Ота-боболаримиз қўлларини дуога очганда: “ Илоҳим жаннатмакон юртимиз тинч бўлсин, кўз тегмасин”, дея ният қилишади. Чиндан ҳам , тинчлик – бебаҳо неъмат. У бўлмаса, бошқа неъматларнинг лаззати татимайди.

“Тинчлик” сўзи араб тилида “салам”, “ислом” маъноларини билдиради. Ислом дини инсониятни эзгуликка,  бунёдкорликка, адолатли бўлишга чақиради. Халқларни тотувлик билан яшашга ундайди.

Аммо афсуски, айрим мамлакатларда бўлаётган қонли тўқнашувлар баъзи давлатлар ва халқлар ҳаётини пароканда қиляпти. Энг ачинарлиси, бу вахшийлик ва хунрезликлар сабабчилари ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олишган. Улар мусулмонмиз дейишяпти-ю, аммо энг муқаддас масканлар- масжидлар, мактабларни вайрон қилиб, бегуноҳ инсонлар ҳаётига нуқта қўйишмоқда. Бу мусулмончиликка тўғри келадими? Асло!

Террорчиларнинг энг манқурт ғояларидан яна бири ўзларининг  мафкураларига қарши кишиларни кофирга чиқариб қўймоқда. Ислом манбаларида мусулмонни кофирга чиқариш  оғир гуноҳ экани кўп бор таъкидланган. Қуръони  каримда “... Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз!..” дейилган.

Ёвуз ниятли қўпорувчиларнинг  жирканч  ишларидан яна бири шуки, улар аёлларни алдов йўли билан ўзларига оғдириб, жинсий қулликка гирифтор қилмоқда. Бировнинг хасми бўлган аёл-жувонлар, ҳали турмушга чиқмаган қизлар онгига “ҳижрат” тушунчасини нотўғри сингдириб, уларни жангариларга мажбуран хотин қилиб беряпти. Айтинг-чи, бу амал қайси динда бор? Бу зўравонлик қайси диний тамойилга, қайси қонунга тўғри келади? Ахир, муқаддас динимиз ҳатто, номаҳрам аёлларга тикилиб қарашни ҳам тақиқлайди-ку!

Шундай экан, динни ниқоб қилиб, манфур ишларни амалга ошираётган кимсаларга қарши доим сергак туришимиз керак. Аллоҳга шукурлар бўлсин, юртимиз тинч. Бунинг замирида оқилона сиёсат ва халқнинг бирдамлиги, тинчликсеварлиги, огоҳлиги ётибди. Уни кўз қорачиғидек асраш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Довудхон Исақов,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг