Исломда такфир масаласи

Бугунги кунда аксарият мусулмон мамлакатларида жамиятни ичидан тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири бу такфир ҳисобланади.
Ушбу хатарли ҳодиса динда чуқур ғулувга берилиб, мутаассиблик ва ботил ақидаларга эргашиш оқибатида вужудга келмоқда.
Такфир арабчада “куфр” сўзи ўзагидан олинган бўлиб, луғатда “инкор қилиш”, “ёпиш”, “кофирга чиқариш”ни англатади. Истилоҳда дин ва Аллоҳни тан олмасликда, диндан чиқишда, кофирликда айблаш маъноларида ишлатилади. Ўз навбатида, Қуръони Каримда “куфр” сўзи “кофирлик”, айрим жойларида эса “ношукурлик” маъноларида келган. Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатар сабабидан Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган
Шариатда мусулмонни унинг мусулмон эканлигига қарши далил топилмагунича мусулмон, деб ҳукм қилинади. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” деб марҳамат қилдилар.
Бир мусулмонни кофирга чиқаришдан олдин куфрга сабаб деб ўйланаётган у гапирган сўзи ёки ишига қараш, уни яхшилаб ўрганиш шартдир. Зеро, барча фосид сўз ёки иш куфр қилувчи эмасдир. Шунингдек, барча инсонлар ўзгаларни кофирга чиқаришдан сақланмоқлари, бу ишдан қочиб, бу жуда нозик масала бўлгани учун ҳам уни олимларга ҳавола этиш вожибдир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар.
Агар бир мусулмон одам куфрга ўхшаш сўзни гапириб қўйса, модомики унинг сўзини бошқа бир яхши маънога йўйишнинг имкони бўлса, уни кофир дейилмайди. Шунингдек, у гапирган сўзни куфр сўз эканлигида олимлар ўртасида ихтилоф бўлса, агарча у ихтилоф заиф ривоятда келиб, ривоятда у сўзни куфр эканлиги шак қилинган бўлса-да, у мусулмон кофирга чиқарилмайди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзга инсонни кофир дейиш, унга жаҳаннамда абадий қоласан, дейишга тенг гапдир. Бунинг устига жамият кишилари орасида унинг ўрнини ўз билганича белгилаб бериш демакдир. Бу иш жуда нозик бўлгани ва эҳтиёткорликни талаб қилгани учун ҳам зинҳор бу ишга шошилмаслик керак. Аллоҳ таъоло барчамизни ҳақ йўлдан адаштирмасин.
Баҳодир Мирфайзиев,
Косонсой тумани "Содод" жоме масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022