Қоронғи режим
Image
Logo

ИСЛОМДА АЁЛЛАРГА ЭЪТИБОР

ИСЛОМДА АЁЛЛАРГА ЭЪТИБОР

Ислом дини ва мусулмонлар аёлларга юксак даражада хурмат кўрсатди, аёл шаънини улуғлади, юксакка кўтарди. Бунинг исботи ўлароқ Аллоҳ таоло Қуръони Карим сураларидан бирини Аёллар сураси деб номлади. Ажру савобни тенг қилди. Талоқ, Тахрим, Моида, Нисо ва бир қанча сураларда аёлларнинг хақ-хуқуқлари ва уларга оид масалалар хусусида ояти карималар нозил қилди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам хадиси муборакларида “Жаннат оналарингиз оёғи остидадир” “Сизларнинг яхшиларингиз ахли аёлига яхши сўзлаганингиздир. Мен сизларнинг яхшиларингизман” деб мархамат қилдилар

Аёлларга яхши муомалада бўлиш, уларга нисбатан хушмуомала, ширинсўз, мулойим муносабатда бўлиш, ноҳақлик ва қўполлик қилмаслик керак. Бу хусусда Пайғамбаримиз шундай марҳамат қилганлар: «Мўминларнинг энг тўла ишончлиси хушхулқлисидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларга, завжаларига соллаллоҳу алайҳи васалламдек яхши муомалада бўлганларингиздир». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз», деганлар. Ҳадисларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ва болаларга дуч келганларида, салом берардилар, яъни салом билан муқобалада бўлгандилар.

Аёлларни урмаслик. Қуръони каримнинг: «Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнг (бу таъсир қилмаса,) уларни ётоқларида тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса,) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқа) йўл ахтармангизлар.«Албатта, Аллоҳ жуда олий ва улуғ Зотдир» («Нисо», 34) оятида айтилганидек, итоатсиз аёлни тарбия ва сўнгги чора сифатида "Уришлик" калимаси "куксига ниқтаб қўйиш" деган маънони муфассирлар айтадилар. Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари аёлларини урмаганлар ва хотин кишини урганларга ҳам қарши турганлар. «Не бўлди эркакларга, хотинларини қул каби урадилар, ҳолбуки, айни кун сўнгги (тун)да латифлашадилар», деган ҳадис ҳам сўзимизнинг исботидир. Шунингдек, аёлларга ҳам эрларига озор бермаслик амр этилган. Маоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан айтилганига кўра, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

«Қайси бир аёл (мўмин) эрига озор берганда, у кишининг ҳур жуфти (бу аёлга): «Аллоҳ сенинг жонингни олсин, у кишига озор, азият берма. Чунки, шубҳасиз, у сенинг ёнингда меҳмон-мусофирдир, сендан айрилиб, тезда ёнимизга келади», дейди.

Исломда аёл ва болаларни ўлдириш маън этилган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

«(Эй инсонлар), болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз, уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир» («Ал-Исро», 31).
«Ўз болаларини илмсизлик қилиб, жоҳилона ўлдирган ва Аллоҳга туҳмат қилиб, улар учун Аллоҳ ризқ қилиб берган (ҳайвонлар)ни ҳаромга чиқарганлар, албатта, (ўзларига) зиён қилдилар. (Улар) ҳақиқатдан адашдилар ва тўғри йўлга юрувчи бўлмадилар»
(«Анъом», 140).

Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши катта гуноҳлардан саналади. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш ундан ҳам ёмонроқдир. Бугунги кунда эркаклик ҳамиятини йўқотган баъзи кишилар жиддий бир сабабсиз ўз аёлини нафақасиз ва қаровсиз қолдирмоқдалар. На уларни хотин қилади, на талоғини бериб йўлини очади. Бу билан эр Аллоҳ таолонинг бир қанча (оилавий хотиржамлик, жуфти ҳалол ва фарзанд каби) катта неъматларига ношукрлик қилган бўлади.

Баъзи номардлар очиқчасига: “Сени умрингни охиригача талоғингни бермай, аросатда қолдириб, қийнайман”, – деб пўписа қилади. Бу етмагандек, аслида ўзининг зиммасида бўлган – болаларининг нафақасини ҳам хотинининг бўйнига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллар давомида сарсон-саргардон қолиб кетмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўлмоқда. Шуни таъкидлаб айтамизки, мана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирса, зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам баб-баробар гуноҳкор бўлади.

Муҳаммад Аюб Фахриддинов
Тўрақўрғон тумани "Исфаҳон" жоме
масжиди имом ноиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг