Қоронғи режим
Image
Logo

ИСЛОМДА АЁЛЛАРГА МУНОСАБАТ.

ИСЛОМДА АЁЛЛАРГА МУНОСАБАТ.

Ислом дини ҳаётда аёл шаънини улуғлайди. Аёл деганда кўз олдимизда оналаримиз, турмуш ўртоғларимиз, опа-сингилларимиз ва қизларимиз кўз ўнгимизга келади. Қуръони каримда  Аллоҳ таоло алохида бир сурани нозил қилдики унга "Нисо"(Аёллар) деп номлади. Бу сурада кўплаб масалаларни баён қилиш билан бирга аёлларга талуқлик бўлган кўплаб хақ хуқуқлари зикр қилинган. 

Аёл киши аввало, Она сифатида қадрланади. Сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда: “Жаннат – оналар оёғи остидадир”, - деб марҳамат қилганлар.    Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада ота-онага яхшилик қилишни буюрар экан, айниқса онанинг ҳомиладор бўлиш даврини машаққат билан ўтказиши ва уни дунёга келтириб, эмизиб, катта қилишдаги қийинчиликларга бардош бериши ҳақида хабар бериб бундай дейди: “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”.

Онанинг ҳурмати ва даражаси нақадар улуғ ва катталиги ҳақида жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қатор ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, бир киши ҳазрат Расул Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Менинг чиройли муомала қилишим учун инсонларнинг қайси бири ҳақлироқ?”, - деб сўраганида, у зоти шариф: “Онанг”, - дедилар. “Ундан кейин ким?”, - деди. “Онанг”, - дедилар. “Кейин ким?”, - деди. Яна: “Онанг”, - дедилар. “Кейин ким?”, - деди. “Отанг”, - дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Бошқа бир ҳадисда она ким бўлишидан қатъий назар унга силаи раҳм қилиш, меҳрибончилик кўрсатиш ва ҳурмат қилиш вожиблиги айтилган. Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида менинг ҳузуримга мушрика онам келди. Мен ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Онам мендан бир нарса умидида уйимга келибди. Унга силаи раҳм юзасидан эҳсон қилсам бўладими?”, - деб сўрадим. У зоти бобаракот: “Ҳа, онангга силаи раҳм қилавер”, - дедилар.

Динимиз таълимоти эркакларга ўз аёллари билан хушмуомала бўлиб ҳаёт кечиришни буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло амр этиб бундай дейди: “...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”.   Сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”дедилар. Аллоҳ барчалариммизни росулуллохнинг сўзларига амал қилиб аҳли оиламиз билан гўзал муносабатда ҳаёт кечирмоқликни насиб этсин.

 

Абдухалим Қаюмов,
 Косонсой тумани “Имом Хусайн”жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг