“ИСЛОМГА ЁТ ҒОЯЛАР”.

Маълумки, Ўзбекистон давлати мустақилликнинг илк кунлариданоқ ўзининг динга муносабатини аниқ ва қатъий белгилаб олди. Давлатнинг динга муносабати “Инсон эътиқодсиз яшай олмайди”, “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас” деган аниқ тамойиллар асосида белгиланди. Бу тамойил бош қомусимиз Конституция ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда ўзининг ҳуқуқий ифодасини топган.
Бугунги кунда динга бўлган қизиқишнинг кучайиб бориши глобаллашув жараёнларининг ўзига хос инъикоси дейиш мумкин. Зеро, глобаллашув дунёни бир бутун ва яхлит қила бориши билан бир қаторда, унинг ҳосиласи сифатида алоҳида олинган миллат ва жамиятлар даражасида ўз-ўзини англашга бўлган интилишнинг чуқурлашувига ҳам замин яратмоқда.
Афсуски, коммуникация ва информацион технологияларнинг тез суръатлардаги тараққиёти ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларининг кенгайишига туртки бўлиб, геосиёсий мақсадларга бўйсиндирилган, инсон қалби ва онги учун курашларнинг янгидан-янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада дин омилидан фойдаланишга уринишларда яққол намоён бўлмоқда. Аксарият ҳолатларда ушбу кураш қуролли тус олиб, кўплаб халқларнинг бошига фожиали кунларни солмоқда.
Сўнгги йилларда дунёнинг қатор мамлакатларида, хусусан, Яқин Шарқ мамлакатларида турли ноқонуний қуролли тузилмалар томонидан исломий давлат қуриш шиори остида инсониятга қарши жиноятлар содир этилмоқда. Оқибатда, Ироқ, Сурия, Ливия каби аслида улкан иқтисодий салоҳиятга эга мамлакатлар чуқур ижтимоий-сиёсий, иқтисодий таназзулни бошидан кечирмоқда.
Терроризм – жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, аҳоли кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотишга қаратилган сиёсий курашнинг ўзига хос усулидир. У яширин (конспиратив) руҳдаги ташкилотлар томонидан беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятни эгаллаш мақсадида амалга оширилади. Террорчи гуруҳлар жамиятда аҳолининг кенг қатлами номидан ҳаракат қилаётгандек таассурот уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаланадилар.
Терроризмнинг энг асосий хусусиятларидан бири ушбу ҳаракат тарафдорларининг “Куч ишлатиш ва зўравонлик давлатни қулатувчи ва ҳокимиятга эришишни осонлаштирувчи парокандаликка олиб келади”, деган ғояга асосланиб ҳаракат қилишларидир. Терроризмнинг яна бир хусусияти ҳеч қандай уруш бўлмаётган, демократик институтлар фаолият кўрсатаётган, тинчлик ҳукмрон жамият шароитида муқобил усулларни атайин инкор этган ҳолда, сиёсий масалаларни зўрлик йўли билан ҳал қилишга интилишда кўринади.
Сиёсий ҳокимиятга интилаётган, диний шиорларни ниқоб қилиб олган ақидапараст оқимлар Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятга салбий таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Сўнгги йилларда “жиҳодчилар”, сохта “салафийлар” каби диний-сиёсий гуруҳлар республикамизда фаол ҳаракат қилишга уринмоқдалар.
Сўнгги йилларда мутаассиб оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини хорижий мамлакатлардаги меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “Интернет” орқали тарғибот ўтказиш, оила аъзолари, яқинлари ва қўшниларини ўз гуруҳига тортиш, яширин “ҳужралар” ташкил этиш, диний-экстремистик мазмундаги материалларни босма, электрон кўринишда тарқатиш каби усулларда амалга оширмоқда.
Диний-экстремистик оқимларнинг жамиятимиз барқарорлигига таҳдиди республикамиздаги ижтимоий сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, динлараро ва миллатлараро муносабатларни кескинлаштириш, фуқарларни, айниқса, ёшларни қуролли тўқнашувлар рўй бераётган ҳудудларда фаолият юритаётган террористик гуруҳларга жалб қилиш каби ҳаракатларда, шунингдек, мамлакатимизда террорчилик ҳаракатлари содир этиш учун суқилиб киришга уринишларда намоён бўлмоқда.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар ҳушёрликни қўлдан бой бермаслик, ҳамиша огоҳ бўлиб яшаш заруратини яна бир марта кўрсатмоқда. Бу эса ўз навбатида, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда халқаро майдонда кўп ва икки ёқлама ҳамкорликни кучайтириш, БМТ, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг фаолиятини самарадорлигини ошириш масаласини қатъий қилиб кун тартибига қўймоқда.
Маълумки, Ўзбекистон қатор минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган шартномаларни бажаришда фаол қатнашиб келмоқда. Терроризмга қарши кураш, уни бартараф этиш масалаларига оид сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатлар БМТ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доираларида имзоланган.
Ҳозирда Ўзбекистон БМТнинг терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашга қаратилган асосий 13 та ҳужжатини ратификация қилган. БМТ Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррористик қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг терроризмга қарши курашдаги халқаро ҳамкорлиги юксак баҳоланади.
Ўз навбатида, жамиятимизда диний экстремизм ва терроризм мафкураси тарқалишини олдини олишда профилактик ва тушунтириш ишлари савияси ва таъсирчанлигини тизимли равишда кучайтириб бориш бугунги куннинг ҳаётий муҳим масаласига айланди. Ҳозирги кунда республикамизда диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда давлат ва фуқаролик жамиятининг самарали ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Давлат амалдаги қонунларимизга зид равишда конституцион тузумга қарши гуруҳларнинг фаолиятини аниқлайди ва уларга чек қўяди.
Уламоларимиз жума маърузаларида, чегара ҳудудларда даврий равишда ташкил этилаётган учрашувларда мутаассиб даъватчиларнинг сохта даъволарини далиллар билан фош этиб, аҳолини, айниқса, ёшларни алдовларга учмасликка
Давлатимиз Раҳбари томонидан жамиятимизнинг маънавиятини юксалтириш, аҳолини ёт ва сохта диний ғоялар таъсиридан сақлаш, ҳушёрлик ва огоҳликни даъват этишда диний соҳа ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар юксак баҳоланганига барчамиз гувоҳмиз. Мазкур эътироф диний соха ходимларини жамиятимизда тинчлик ва барқарорликни авайлаб-асраш йўлида янада фидокорона фаолият юритишларига ундайди.
Юқорида қайд этилганлардан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, юртимизда ижтимоий-маънавий ва диний вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, турли диний экстремистик оқимларга қарши курашни янада фаоллаштириш ҳамда ёшларни ёт ғояларга қўшилиб кетишининг олдини олиш мақсадида диний соҳа ходимлари қуйидагиларга аҳамият қаратиши зарур ҳисобланади:
Маҳаллаларда, таълим муассасаларида «Тинчлик энг олий неъмат», «Исломда экстремизм ва терроризмга ўрин йўқ», «Диний-экстремистик оқимлар – давлат ва жамиятга таҳдид» каби мавзуларда давра суҳбати ва семинар-машғулотлар сон ва сифатини ошириш, тадбирларда диний экстремистик ва террористик гуруҳларнинг асл қиёфасини фош этувчи, жиноятлари акс этган видеотасвирлардан фойдаланиш;
- маҳалллаларда ҳушёрлик ва огоҳликни таъминлаш, ёшларнинг тарбиясида оила маъсулиятини оширишга қаратилган тадбирлар уюштириш ва бу каби ишларда фаол иштирок этиш, меҳнат мигрантлари билан уларни жиҳодий жамоалар таъсирига тушиб қолиши олдини олишга қаратилган суҳбатларда иштирок этиш;
- диний-экстремистик оқимлар таркибида содир этган жинояти учун жазо ўтаган, ҳозирда тузалиш йўлига кирган ва амнистия туфайли озодликка чиққан шахслар билан ўтказиладиган тарбиявий ишларда қатнашиш, уларга ақидапарастликнинг асл моҳияти ва зарарли оқибатларини тушунтириш билан ижобий таъсир ўтказишга урғу бериш.
Тинчликни асраш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Шу нуқтаи-назардан, глобаллашув жараёнлари шиддатли тус олган ҳозирги замонда халқимизда, айниқса, ёшларда миллий ғурур, ифтихор, туйғусини, янада чуқурроқ шакллантириш, ёт ғоялардан сақловчи мафкуравий иммунитет шакллантириш Ўзбекистондек буюк Ванатимиз келажагига ўзини маъсул ҳисобловчи барча юртдошларимизнинг, шу жумладан, диний соҳа ходимларининг муҳим вазифаси бўлиб қолади.
Ҳадисларда ҳам бу борада кўплаб хабарлар келган. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан кўра, ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир”, дедилар”.
Юртимизда тинчлик, фаровонлик ва миллатлараро ўзаро тотувлик ҳукм сурмоқда. Бу бебаҳо неъматларнинг қадрига етиш барчамизнинг бурчимиздир. Бу тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Бу, авваламбор, Аллоҳ таолонинг бизга раво кўрган чексиз инояти бўлса, иккинчидан, ҳукуматимиз томонидан виждон эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлашда олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасидир.
Шундай экан, диний-экстремизм ва терроризмга қарши курашда барчамиз ўз масъулиятимизни ҳис этишимиз, огоҳ бўлишимиз, ватанимизнинг келажаги учун жавобгар эканимизни унутмаслигимиз лозим.
Ботиров Баҳодир
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022