ЖИНОЯТЧИЛИК - ИСЛОМДАН ЭМАС

Маълумки муқаддас динимиз таълимотларида жиноятчиликни ҳар қандай турини қилмасликка, аксинча атрофдагиларга, ота-онага, оила-фарзандларга, қўни-қўшниларга, ҳамроҳ-мусофирга меҳр-мурувват кўрсатиб яшашга даъват қилинади. Ҳатто ғайридинларга ҳам адолат билан муомала қилишга буюрилади. Келинг қуръони каримдаги ана шундай қатор инсониятга зарар келтирадиган жиноятлардан узоқ бўлиш тавсия қилинган ояти карималардан бир нечтасини кўриб чиқсак.
“Айтинг: “Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай:- У зотга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз, болаларингини қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз – Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз – фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам пинҳонасига ҳам яқинлашмангиз, Аллоҳ тақиқлаган (жон)ни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юргизишларингиз учун (Аллоҳ) ҳукм қилгани шулардир. То вояга етгунларича етимнинг молига яқинлашмангиз, магар чиройли йўл билан (бўлса, дуруст). Ўлчов ва тарозини адолат билан адо этингиз! Ҳеч бир жонни тоқатидан ташқарисига таклиф (амр) қилмаймиз. Гапирганингизда (гувоҳ сифатида) гарчи қариндошингиз бўлса ҳам адолатли бўлинг! Аллоҳнинг олган аҳдига эса вафо қилинг. Эслатма олишларингиз учун (Аллоҳ) қилган ҳукмлари мана шу(лар)дир”. (Анъом сураси 151- 152 оятлар).
Ушбу оятлар маъносини яхшилаб тафаккур қилган инсон, ўзининг Роббиси билан алоқаси уни саодат ва савобга эриштириш асосига қурилганини, оиласи билан алоқалари дўстлик ва муҳаббат асосига қурилганини, шунингдек, нафсини, моли-жонини ва обрўсини барбод қиладиган ёмонлик эшиклари беркилганини кўради. Тафсир китобларида ушбу оятларни Пайғамбар алайҳиссаломнинг тавсиялари деб келтирилади. “Кимни Муҳаммад алайҳиссаломнинг муҳрлари урилган васиятини кўриш хурсанд қилса “Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай” оятидан “шоядки тақводор бўлсаларинг” гача ўқисин. (Имом Термизий ибн Масъуд р.а.дан санадлари билан ривоят қилган).
Табиийки, биринчи Аллоҳга бирон бир нарсани шерик қилмасликка буюрилади. Бу эса имоннинг асоси Уни бир деб билишда эканлигини, ундан бошқа бирон бир нарсага ибодат қилиш, сиғиниш гуноҳ, Аллоҳга нисбатан жиноят эканлигини билдиради.
Иккинчи васият ота-онага яхшилик қилиш, ўзига имон келтириш орқасидан ота-онага яхшилик қилишга буюрилаётгани ота-онанинг хизматлари, ҳақлари қандай ҳам улуғ эканлигига ишора. Албатта ҳар қандай неъмат бергувчига шукрона билдириш лозим. Аллоҳи таъоло бандасини яратди, уни инсон қилди, барча аъзоларини мукаммал қилди, шу билан бирга мусулмон қилиб яратди, унинг ризқу-рўзини бериб турибди. Бунинг учун учун албатта шукрини адо қилиш лозим.
Учинчи васият болаларингни қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз – Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз, ҳа ота-она кўпинча болаларимни боқиш, уларни ризқлантириш менгагина бўлади, деб ўйлайди. Шунинг учун баъзида ҳали туғилмаган болаларини олдириб ташлаш (аборт қилдириш) ёки бугунги кундаги баъзи енгил табиат аёлларни боласини турли йўллар билан ўлдириш пайига тушаётгани бор нарса.
Тўртинчи васиятда фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам пинҳонасига ҳам яқинлашмасликка буюрилмоқда. Бу ерда фаҳшдан мурод, қабиҳлиги улкан бўлган сўз ёки феъл бўлиб, ўғрилик, зино, чақимчилик, ёлғон гувоҳлик бериш каби ҳаром ишлардир. Бу ерда фаҳш ишларнинг яқинига ҳам борманг, дейилгани, ундай ишларни асло асло қилманг, деганидир. Албатта дунёда ҳалол ва амалга ошириш вожиб бўлган гўзал ва яхши савоб ишлар борлигига, имон келтириб, унга интиладиган, шунингдек ҳаром ва сақланиш вожиб бўлган фаҳш ишлар борлигига имон келтириб, ундан ўзини сақлайдиган жамият покиза ва фозил инсонлар жамияти ҳисобланади. Лекин қабиҳ билан яхшини тенг кўриб, амал қилиши вожиб бўлган ва узоқ юриши лозим бўлган ишларни фарқ қилмай рухсат қилаверадиган жамиятнинг охири вой, хорлик ва йўқликдир.
Бугунги кунда халқни ҳар ким ўз ҳоҳлаган ишини қилавериши мумкин, буни гуноҳлиги йўқ, деб тарғибот қилаётган оммавий маданият тарғиботчилари ўз жамиятлари бузилиб бўлганига қарамай бундай гуноҳ ва жиноятларга бошқаларни ҳам жалб қилиш йўлида барча воситалардан интернет, телевидение ва оммавий ахборот воситаларидан ўз қабиҳ ниятлари йўлида фойдаланмоқдалар. Шуни афсуслар билан тан олишимиз лозимки, чет мамлакатларга ишлаб пул топиш мақсадида бориб қайтаётган ёшларимиз, кечаси кундузи интернетга ётиб олган ёшлар ўртасида ҳам ўша мамлакатлардаги ҳолатларнинг таъсири кўриниб қолмоқда, оиладек муқаддас риштани ҳурматини йўқотган, ота-она, қайна-қайнота, қариндош-уруғ, қўни- қўшни ҳақларини унутган эркак ва аёллар пайдо бўлиб, оилавий низолар туфайли ўртада ёш бегуноҳ гўдаклар азият чекмоқда.
Муқаддас манбаларимизда гуноҳ саналган мазкур гуноҳларнинг жазоси шу дунёда ҳам етади, лекин охиратдагиси ўта оғир бўлади. Шунингдек миллий ва диний қадриятларимиздан келиб чиқиб тузилган мамлакатимиз қонунларида ҳам юқоридаги гуноҳлар жиноят ҳисобланади, уни қилган жиноятчига жазо муқаррарлиги битиб қўйилган. Шундай жаннатмакон юртда, дунёга илм одоб, моддий ва маънавий тарбия соҳасида алломалар етишиб чиққан бу юртда ҳар бир ўзини мусулмон санайдиган киши нафақат ўзи балки, атрофидагиларни ҳам бундай гуноҳ ва жиноятлардан сақланишга чақириши лозим ва лобуддир.
Адхамжон Абдураҳмонов,
Поп туман “Кичик Хўжаобод” жоме
масжиди имом-ноиби
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022