Қоронғи режим
Image
Logo

ЖАХОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ

ЖАХОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ

Инсон ҳаётини илму маърифатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Маърифат – мусулмоннинг икки дунёсини ёритувчи нур. Исломий маърифат воситасида биз дунё ва охиратимиз гўзаллигига йўл топамиз. Шу маърифат орқали Яратганни, унинг қудратини, яратиқларини таниймиз, илоҳий Каломнинг ҳикматини англаймиз.

Ана шундай маърифатдан баҳраманд бўлган орифлар жамиятида нафақат инсонга, балки ҳайвонга, қурт-қумурсқаларга, бир сўз билан айтганда бутун жонли ва жонсиз мавжудотга гўзал муомалада бўлинади. Чунки маърифатли инсон табиатдаги биргина тошнинг ҳам ўз ўрни ва вазифаси борлигини англайди. Аллоҳ таоло ўз Каломидаги суралардан бирини “Намл” – чумоли деб аташи бежиз эмас.

Демак, бу маърифат бизга ҳатто чумоли билан ҳам қандай муомала қилишимизгача ўргатади. Аллоҳ таоло бутун борликни инсон учун яратди. Айни пайтда, бу борлиқ инсонга омонат ҳамдир. Омонатни омон сақлаш ҳам унинг вазифаси. Аслида мўъминлик ҳам шу. Мўъмин, иймон, омон сўзларининг ўзаги ҳам битта. Араблар ювош туяни “омун” дейишади. Бу дегани, у билан муомала қилаётган инсон тепиш, тишлаш каби туяга ҳос озорлардан омонда. Мўъмин ҳам мана шу фазилатга эга бўлиши керак. Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қўлидан, тилидан одамлар омонда бўлган инсон мўъминдир” деган ҳадислари бунга далил. Ҳадисда “одамлар” деганда, динидан, ирқидан, миллатидан қатъи назар барча инсонлар англашилади. Уни, қайси динда эканига қарамасдан, ҳурматини жойига қўйишимиз лозим. Чунки биз у билан бир ота-она, яъни Одам ато ва момо Ҳавонинг авлодларимиз. Яратган Парвардигорнинг: وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ  яъни “Ҳақиқатан биз Одам болаларини мукаррам қилдик” (Исро сураси, 70-оят), деган каломида мукаррамлик Одам болаларининг барчаси учун бир хилда  алоқадор экани маълум бўлмоқда. Демак, Одам боласи бўлгани учун ҳам у бизнинг қариндошимиз ҳисобланади. Зиммамизда унинг бир ҳаққи бор. Бу – инсонлик ҳаққи.

 “Аҳли китоб” деб Аллоҳ таоло юборган китобга амал қилувчиларга айтилади. Биз мусулмонлар насроний ва яҳудий билан китобийлик нуқтаи назаридан яқинмиз. Шунинг учун ҳам бизга зарари тегмаса, биз ҳам азият етказмаймиз ва гўзал муомалада бўламиз. Уларнинг бизда иккита ҳаққи бор: инсонийлик ва аҳли китоблик ҳаққи.

Мўмин-мусулмонлар диндош биродарларимиз. Улар билан китобимиз бир, бир пайғамбар умматимиз, қибламиз битта, биргина диний таълимот асосида ҳаёт кечирамиз. Шунинг учун ҳам мўминнинг мўминга ҳаққи учта дейилади. Улар: инсонийлик, аҳли китоблик ва мусулмонлик ҳақларидир.

Ислом динининг гўзал жиҳатларидан яна бири шуки, қўшни билан ҳам чиройли муомалада бўлишни таълим беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, қўшнисига икром қилсин”, дея марҳамат қилганлар. Демак, ҳар бир мўъмин-мусулмон зиммасида қўшнилик ҳаққи ҳам бор экан.

Ана шундай ҳақлардан яна бирига қариндошлик ҳаққи дейилади. Қариндошлик ҳаққини адо этиш ва хеш-ақроболар билан алоқани мустаҳкамлаш ҳамда чиройли муомалада бўлиш бизга фарз қилинган. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида ушбу фикрни таъкидлаб шундай дейди: 

 وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ ۚ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبً 

(1-оят). “Номини ишлатиб,  бир-бировингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари)дан қўрқингиз. Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатувчи Зотдир”. Ояти каримадан маълум бўлаяптики, қариндошлик алоқалари устидан кузатиб турувчи Аллоҳнинг ўзи экан. Оятдаги “Қўрқингиз” феъли икки калимага бориб боғланади, яъни “Аллоҳдан”  ва “қариндошлик (алоқалари)дан” сўзларига. Демак, оятда, биринчидан, Аллоҳ буйруқларини бажармай қўйишдан, иккинчидан, қариндошлик алоқаларини узиб юборишдан  қўрқингиз, дейилмоқда. Аллоҳ таоло бу каломи билан қариндошлик алоқаларини узиш Ўзининг буйруқларини бажармаслик билан бир хил даражадаги гуноҳ эканини уқтириб ўтмоқда. Демак, биз Аллоҳнинг бу оятини теран англаган ҳолда қариндош-уруғ билан чиройли муомалада бўлмоғимиз лозим экан.

Оила Исломда муқаддас бир қўрғон саналади. Бу қўрғон бут бўлса, жамият аъзолари ҳар хил жисмоний, маънавий, ахлоқий ва руҳий тажовузлардан ҳимояланган бўлади. Айни пайтда, у ота-она, жуфти ҳалол, фарзандлар, ака-ука, опа-сингилларни ўз бағрига олган фароғат маскани ҳамдир. Энг чиройли муомала, ҳурмат-иззат ва меҳр-муҳаббат оилага қаратилиши лозим. Бу ҳам бизнинг бўйнимиздаги ҳақлардан. Бу ҳақларни адо этиш билан инсон фароғатда яшайди, авлодларининг хулқидан кўнгли тинч бўлади.

Ушбу ҳақларнинг барчаси динимизда баён қилинган. Биз уларни ўқиб-ўрганишимиз, ва зиммамиздаги ҳақларни адо этишимиз лозим. Зеро, маърифат йўли бандага икки дунё саодати кафолатланган мунаввар йўлдир. 

Қуръони каримда илмга чорлагувчи жуда кўрлаб ояти карималар келган. Қуръон каримда “иймон” (ал-иймон) сўзи ва унинг ҳосилалари 811 марта келади. Шунингдек, “илм” (ал-илм) сўзи 782 марта ва унинг синоними бўлган “маърифат” (ал-маърифат) сўзи 29 марта такрорланади, “илм” ва “маърифат” сўзларининг сонини кўшсак (782 ва 29) 811 бўлади, яъни илм ва маърифат канча бўлса, иймон шунчаликдир.

Маълумки Президентимиз ташаббуси билан “Жахолатга қарши маърифат” шиори остида ёш авлодни миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳар-хил маънавий тахдидлардан асраш мақсадида таълим муассасаларида ёшлар ўртасида махаллалар кесимида хам кенг тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб бориш юклатилмоқда.

Хозирги кунда ёшларимизни оздиришга ва ўзларини пуч ғоялари билан захарлашга қилинаётган харакатлар барчамизни ташвишга солмоқда. Оқибатда эса бундай мафкуравий хуружлар натижасида баъзилар ўзи туғилиб ўсган юртидан, ота-онасидан тониб, унга хиёнат килиб, ватанпарварлик туйғуларидан махрум бўлиб, инсонийлик табиатидан хам чиқиб қолганини ўзлари тушунмаяпти. Мухтасар килиб айтганда, ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлик бўлмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом хаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга хурмат-эхтиром туйғусини ёшлик пайтидан бошлаб шакллантириш зарур.

Бугун, XXI аср глобаллашув жараёнида ёшларимиз радио-телевидение, матбуот, интернет каби воситалар оркали хар-хил ахборот ва маълумотларни олмоқда. Баъзи бир акидапарастлар ўз ғаразли максадлари йўлида мафкуравий таъсир ўтказишга уриниб, қабих ишларини амалга оширмоқда. Маълумки, хар кандай касалликни олдини олиш учун, аввало, киши организмида унга карши иммунитет хосил қилинади.

Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жахолатга карши маърифат билан курашиш хар қачонгидан кўра мухим ахамият касб этмокда. Демак, сиз ёшлар бундай вазиятда мустакил фикрлаб, маънавиятлик, миллий кадриятларига содик, дунё караши кенг, иродаси мустахкам, сабр–бардошли, ошкора ва пинхона кўринишдаги маънавий тахдидларга доим таййор турадиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсон бўлишингиз лозим.

Муқаддас динимизда мусулмон қандай бўлиши керак? деган саволга оддий қилиб жавоб берилган.
Расулуллох ( с.а.в.) муборак сўзларида « Мусулмон, унинг қўли ва тилидан бошқа бировларга азият ва озор етмайдиган кишидир » деганлар. Қуръони каримда уруш чиқариш йўлидаги фитнани қотилликдан ҳам ёмон жиноят ҳисобланган. Динларнинг бирортасида зулм, қотиллик, одам ўлдириш ёқланмаган, аксинча меҳр-оқибатли, сулҳпарвар, инсонпарвар, раҳм-шафқатли бўлишга чорланган. Аллоҳ таоло инсонларга қарата бундай дейди:

“Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёлдан (Ҳавво) яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик…” (Ҳужурот сураси, 13-оят). Демак, халқларнинг, элат ва қабилаларнинг ҳар хиллиги урушиш, жанжаллашиш учун эмас, балки бир-бирлари билан топишиб-танишишлари, бир заминда аҳил-иноқ яшашлари учун экан. Бинобарин, бир ота ва бир онадан тарқалган инсониятнинг бир-бири билан Аллоҳ тақиқлаган ишлар туфайли урушиб-талашиб юриши Ислом динига зиддир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам кўплаб ҳадисларида бу ғояни илгари сурганлар. Охирги (Вадо) ҳажларида: “Бир-бирингизнинг қонингиз ва обрўйингизни тўкишингиз, мол-мулкингизга тажовуз қилишингиз барчаларингизга ҳаромдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Шу нуқтаи назардан қараганда, муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва хамлалардан, тухмат ва бўхтонлардан химоя қилиш, унинг асл мохиятини ўниб–ўсиб келаётган сиз ёшларга туғри тушунтириш, ислом маданиятини эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш асосий вазифамиз хисобланади.

Айрим ота-оналар бола тарбияси хусусида жуда бепарволик қиладилар. Улар учун бу дунёда фақат ўз шахсий юмушлари, кўча-кўйдаги улфатлари билан узок вакт овкатланиб ўтиришлари, моддий маблағ тўплаш йўлидаги борди-келдилари биринчи ўриндаги вазифаю, оила аъзоларининг, фарзандларининг ахлоқий  ва маърифий тарбиялари билан шуғулланиш иккинчи даражали иш бўлиб колган. Ўтган асрдаги мутафаккир  олимимиз Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деганлар.
Ёшларнинг илмли ва маърифатли бўлишларига жиддий эътибор қаратишлари лозим.

Фарзандларимизнинг одоб-аҳлоқи, таълим-тарбиясининг масъулияти биринчи навбатда, уйда ота-она, боғчада тарбиячи, ўрта ва олий ўқув юртларида муаллим ва устозлар, кўча-кўйда эса маҳалла оқсоқоллари зимасида эканини унутмайлик. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида:
“Ҳар бирингиз бир раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулсиз” — деганлар.Ҳозирги кунда айрим ўқувчи ва талабаларнинг дарс ҳисобига бозорга, баъзиларининг турли ношаръий, кўнгилочар жойларга кетиб қолишлари жоиз эмас. Ҳар қандай бўлганда ҳам дарс соати бола учун ғанимат дамлар бўлиб саналиши даркор. Айрим болаларнинг бири гиёҳванд, бири ўғри, яна бири мутаассибликка берилиб кетиши назоратнинг сусайгани оқибатидан келиб чиқмаяптимикан?
Мамлакатимизда ёшларнинг илм олишлари, касб-билим ўрганишлари учун барча зарурий шароитлар яратиб қўйилган. Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монеълик йўқ, аксинча имконият бор. Юзлаб олий ўқув юртлари, коллеж ва лисцейлар очиб қўйилган. Динимизни ўргатадиган ўнта олий ва ўрта махсус ўқув юрти ишлаб турибди. Китоб-дарсликлар узлуксиз чоп этилиб турибди. Аммо бизларда рағбат ва ихлос сустроқ.

Вақтимизни ғанимат билиб, ўзимизни хам болаларимизни хам илм, касб-хунар, спорт ва манфаъатли ишлар билан машгул килишимиз барчамиз учун  фойдалидир. Чунки халкимизнинг эртанги куни кандай булиши фарзандларимизнинг бугун кандай таълим ва тарбия олишларига боғлиқ. Фарзандларимизга Ватан, миллат ва динига мухаббатли бўлиш хиссинини уйготиш, хиёнат, сотқинлик, бепарволик каби иллатларга “Жахолатга қарши маърифат” билан қарши курашишни шакллантириш лозим.

Камолиддин Хамроқулов,
Ўзбекитон мусулмонлари идорасининг
 Норин тумани вакили

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг