Қоронғи режим
Image
Logo

ЖАМИЯТДА АЁЛГА МУНОСАБАТ.

ЖАМИЯТДА  АЁЛГА  МУНОСАБАТ.

Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсонларни ҳам жуфт-жуфт, яъни эркак ва аёл қилиб яратди. Бу хусусда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Ва сизларни жуфт қилиб яратдик” деб марҳамат қилди.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсон зотини тупроқдан, яъни Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратиб, сўнгра унинг наслларини бир томчи сувдан яратиб, уларни жуфт-жуфт, яъни эркак-аёл қилиб қўйганлигини таъкидлаяпти. Албатта, инсон бу дунёда яшар экан, Аллоҳ таоло уларнинг ҳар бирига ўзига хос хусусиятларни бериб, уларни бир-бирига муҳтож қилиб қўйди. Уларнинг никоҳ орқали ҳалол-пок яшаб, ўзларидан зурриётлар қолдиришларини ҳамда айни шу йўл билан дунёнинг обод бўлишини ва одам сулоласини Қиёмат-қоим бўлгунча ҳалол-пок йўл билан давом этиб боришини хоҳлади.

Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган инсон қандай яшаса саодатли бўлишини яхши биладиган Аллоҳ таоло эркак ва аёлларнинг никоҳ орқали оила қуриб яшашларини ирода қилди. Мана шу оиланинг бир бўлаги бўлган аёлга инсоният ҳеч қайси замонда ислом таълимотичалик катта эътибор берган бирорта дин ёки тамаддунни кўрган эмас. Аёл ҳақида сўз юритар экан, ислом дини уни юксак мақом ва юқори ҳурмат эҳтиром эгаси ўлароқ тасвирлайди.

Ислом динида аёлларнинг тутган ўрни беқиёс бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Аёл” лафзини 85 маротаба зикр қилиб, Қуръондаги 10 та сурада аёлларга тааллуқли бўлган ҳукмларни баён қилди, ҳатто Қуръондаги тўртинчи сурани “Нисо”, яъни “Аёллар” деб номлади. Зеро, Ислом шариати аёлни инсоният жамиятида ўз ўрнига эга инсон эканини исботлади, унга ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб берди. Чунки Исломдан олдин нафақат жоҳилият арабларида, балки бутун ер юзида аёл зоти хўрланаётган эди. Бунга тарих гувоҳ. Аҳли китобларнинг баъзиларида аёл кишига маъсиятларнинг ўчоғи, ёмонликларнинг асоси деб қаралган. Жоҳилият даврида араблар аёлларни олиб-сотиш мумкин бўлган мато деб қарар ва аёллар эркакларга хизмат қилиш учун яратилган, деган фикр бор эди. Аёл кишини инсон сифатида тан олишмас эди. Жоҳилият араблари ҳатто ўзларининг қизларидан ҳам нафратланиб, агар оилада қиз фарзанд туғилса, унинг туғилишини иснод билиб тириклайин кўмиш ҳоллари бўлган

Бизнинг ҳалқимизда ҳам агар қиз фарзанд туғилса, Аллоҳ таолонинг берган неъматига шукр қилмасдан, балки бундан хафа бўладиган оталар ҳам топилади. Бундай оталарга шуни уқтириш керак-ки, Аллоҳ таоло ушбу оятида биринчи бўлиб қиз фарзандларни зикр қилди. Бу нарса жуда муҳим, чунки Қуръони каримда нима олдин зикр қилинса, унда бир ҳикмат бўлади. Демак, динимиз қиз фарзанд туғилганидан бошлаб бошқача эътибор беришни талаб этади. Ҳатто учта қизни чиройли тарбиялаб, вояга етказган кишига жаннат ваъда қилинган.

Ислом шариати ҳукмлари бирма-бир нозил бўлиш асносида Аллоҳ таоло аёлнинг мартабасини кўтариб, шаънини улуғлади, хатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан эри ҳақида мунозара қилган аёлнинг сўзини эшитиб Ўз ҳукмини жорий қилди.

Тарихчиларнинг айтишларича, баъзи замонларда аёлнинг эркакдан мартабаси паст, уларга бир мато сифатида қаралиб, никоҳида бўлган аёлни хоҳласа сотиб ёки умуман унга эътибор бермай ташлаб қўйган вақтлар ҳам бўлган. Ислом динида эса Аллоҳ таоло аёлни ҳам инсонийлик жиҳатидан эркаклар мартабасида баробар эканини билдириб, шундай дейди: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз”.

Инсоннинг қадри унга бирор нарсани ишониб топшириш, уни бирор муҳим вазифага масъул қилиш билан бўлади. Аллоҳ таолонинг ўзига ибодат қилишдек муҳим бурчни аёлларга ҳам эркаклар билан бир хилда буюриши аёлнинг мартабасини юксакларга кўтарадиган энг асосий далилдир. Бундан маълум бўладики, ҳеч қайси бир динда Ислом диничалик аёлларга эътибор берилмаган.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш ўринлики, аёл киши аввало, она сифатида қадрланади. Қуръони каримнинг бир нечта оятларида онани эъзозлашга ва унинг ҳаққини адо этишга буюрилган. Айни пайтда ислом шариати жаннатнинг оналар оёғи остида эканини, отага бир марта яхшилик қилинганида онага уч марта яхшилик қилиниши лозимлигини таъкидлади.

 

Кенжабек Солиев,
Чуст туман “Ғойиб эронлар” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг