Жиҳод ва ҳижрат тушунчаларини сохталаштираётганлар.

Ҳозирги кунда ислом номидан ислом уруш, ваҳшийлик дини сифатида намоён қилиб, соф маърифий исломга зид иш олиб бораётган, бугунги диний экстремистик оқимлар чақираётган “жиҳод” тўғрими? Улар чорлаётган “ҳижрат”га бориш шартми? Улар даъво қилаётгандек бир ярим миллиардлик мусулмонлар кофиру, фақат уларгина мусулмонми?
Тарихга назар ташласак, Аллоҳи таоло Макка мушриклари ашаддий душманлик, йўлида мусулмонларга қарши зулмни ошириб-тошириб юборгандагина Пайғамбар алайҳиссаломга душманга қарши мудофаа жангига рухсат берди. Бу борада Бақара сураси 190-195 оятларида шундай марҳамат қилади. “Сизларга қарши жанг қилувчилар қарши Аллоҳ йўлида жанг қилинглар, (жанг асносида ҳам) ҳаддан ошмангиз, зеро Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмас. Уларни (Макка мушрикларини) қаерда топсангиз ўлдирингиз, сизларни чиқарган жой (Макка)дан уларни ҳам чиқарингиз! Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир. Улар (биринчи бўлиб) бошламагунча Масжиди-Ҳаромда улар билан урушмангиз. Агар урушни (Ҳарамда) бошласалар, у ҳолда уларни ўлдирингиз! Кофирларнинг жазоси шундайдир. Агар (ширк ва тажовузкорликдан) қайтслар, бас, Аллоҳ, албатта кечирувчи ва раҳмлидир. Фитна босилиб, бутун дин Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан урушингиз! Агар (урушишдан) тинсалар, у ҳолда золимлардан бошқага нисбатан адоват қилиш (Исломда) йўқ. (Уруш) ман этилган ой – (уруш) ман этилган ой биландир (унда урушсалар сизлар ҳам урушингиз), (топталган) ҳурматлар (жазоси) – қасосдир. Ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга ўша меъйорда тажовуз қилинг! Аллоҳга тақво қилингиз қўрқинглар, билингки, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир. Аллоҳ йўлида (бойликларингиздан) сарф қилинглар ва ўзларингизни ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ҳалокатга ташламангиз. Яхшилик қилинглар, Аллоҳ албатта яхшилик қилувчиларни севади.”
Эътибор қилинса, ушбу ояти карималарда Аллоҳ таъоло мўъминларга ўзларининг ҳимояси, динларининг ҳимояси йўлида уруш-жанг олиб бораётган пайтларида ҳам тажовуз қилишдан қайтармоқда. Тажовузни муфассирлар, ўликни мусла қилиш, яъни қўлини, бурнини, оёғини ёки бошқа аъзоларини кесиш билан ҳақорат қилиш, аёлларни, болаларни, қарияларни, роҳибларни ўлдириш, дарахтларни ёндириш, ибодатхоналарни, масжидларни, вайрон қилиш деб тафсир қилишган.
Келинг холис бир назар ташлаб, бугунги кунда Ироқ, Шом, Афғонистон ва Африка мамлакатларида ислом номидан иш олиб бораётган кимсалар олиб борган хунрезлик, бузғунчилик ушбу оятнинг бирор калимасига тўғри келадими йўқми?- деб савол бериб кўрайлик.
Авввало, улар ўзлари билан урушмаган аҳоли билан уларни кофир мўминга ажратмасдан уруш қилмоқдалар. Ояти каримадан сизлар билан уруш қилмаган ғайридинлар билан урушманг, деган маъно таъкидланмоқда. Улар эса мусулмонлар билан ҳам ғайридинлар билан ҳам урушиб ётишибди.
Иккинчидан Ояти каримада “Сизларга қарши жанг қилувчилар қарши Аллоҳ йўлида жанг қилинглар, (жанг асносида ҳам) ҳаддан ошмангиз, зеро Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмас, деб тажовузкорликдан қайтариб турилганига қарамай, тажовузкорлик билан болани, аёлни, қарияни, диний ходимни у имом бўладими, роҳиб бўладими, оммавий қатл қилишди.
Учинчидан одамларни ноҳақ қатл қилиш, ўликларни мусла қилиш, хорлашни устига юртларини вайрон қилиб, пайғамбарлар, саҳобаларнинг қабрларини, масжидларни, черковларни маданий обидаларини вайрон қилмоқдалар. Аллоҳи таоло: Ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга ўша меъйорда тажовуз қилинг! Аллоҳга тақво қилингиз, билингизки, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир”- деб турибди, улар ўзларини мусулмон санасада, Аллоҳни амрига қарши бориб бирон бир ўлчовга тўғри келмайдиган бузғунчиликларни қилишаётганини қандай тушунса бўлади.
Тўртинчидан қилаётган манфур ишларини бутун дунёга тарғиб қилиб интернет саҳифаларида очиқдан-очиқ намойиш қилмоқдалар. Ояти каримадаги Аллоҳга тақво қилингиз, билингки, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир. Аллоҳ йўлида (бойликларингиздан) сарф қилинглар ва ўзларингизни ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ҳалокатга ташламангиз. Яхшилик қилинглар, Аллоҳ албатта яхшилик қилувчиларни севади”- дейилиши ваҳшийлик, зулм албатта катта гуноҳ, уни тарғибот қилиш, ошкора қилиш ҳам гуноҳ ва муқаддас динимиз таълимотларига умуман зид, Аллоҳ яхши кўрадиган иш эмас, балки ғазабини келтирадиган ишдир. Бу билан ИШИД ва бошқа экстремистик гуруҳлар дунё афкор оммасига ўзларини инсонпарварликдан қанчалик йироқлашиб кетганларини, қалблари моғор босиб, кўзлари сўқир бўлиб ваҳшийлашиб кетганларини кўрсатдилар.
Ҳазрати Али даврларида Макка шаҳрида бошланган Ибн Зубайр фитнаси вақтида Ибн Умар р.а.нинг олдиларига икки киши келиб: “Одамлар нима ишлар қилишяпти, сиз бўлсангиз Пайғамбаримизнинг дўсти бўла туриб индамай ўтирибсиз, уларга қарши курашишингизга нима монеълик қилади?”-дейишди. Ибни Умар: “Аллоҳи таъоло бирдарларимнинг қонини тўкишдан қайтаргани монеълик қилади”,-дедилар. Улар:“Ахир, Аллоҳи таоло:”Фитна босилиб, бутун дин Аллоҳ учун бўлмагунича урушинглар” демаганмиди?!- дейишди. Ибни Умар: “Биз фитна қолмагунча, ва Аллоҳи таолонинг дини қоим бўлгунича урушдик. Нима, энди сизлар Аллоҳи таолонинг дини барбод бўлгунича уруш қилмоқчимисизлар?!-дедилар (Имом Бухорий ривояти).”
Улуғ саҳобий, умматнинг олими, мусулмонлар ўртасидаги фитнага қўшилмадилар, мусулмонни-мусулмон томонидан қони тўкилиши Аллоҳ таоло қайтарган иш, гуноҳ – асли фитна шу эканлигини билдирдилар. Бу кимсаларнинг даъватларига баъзи ёшларимизнинг қўшилиб, на динимиз таълимотларига, на инсонпарварлик тамойилларига умуман тўғри келмайдиган хунрезликка қўл урганлари ҳам бор ҳақиқат. Бу тоифалар араб оламидаги моддий ресурсларга эга бўлишни кўзлаётган ёвуз ниятли “учинчи қўллар”нинг манфаати учун кўрларча ўз биродарларини қонини тўкиш, бегуноҳ болаларни ота-онасиз, оч-наҳор қолишига, азобланишига, заифа аёлларни тул қолишига сабаб бўлиб, аёлларга ўз шаҳвоний ҳирсларини қондириш йўлида фоҳишалардек муносабатда бўлишмоқда. Тинч-осойишта, диний ибодатларини бемалол бажариш имкониятлари берилган юртдан ўшандай фасод, фитна авж олган жойларга “ҳижрат” қилиб, арзимаган пул учун қўлига ўлим қуролини тутаётганлар ушбу Аллоҳи таолонинг каломига, унга тафсир сифатида келтирилган саҳиҳ ҳадисларга эътибор берсинлар. Бу оятларга биноан улар Аллоҳ йўлида курашмаяптилар, балки мол-дунё, шаҳват йўлида курашяптилар, зинҳор ислом учун Худо учун эмас, бундан огоҳ бўлиш керак, азизлар.
Бу фитна ишларни муқаддас Ислом номидан, Исломни ниқоб қилиб, ўзларига эргашаётганларга жаннат ваъда қилиб, тинч осойишта юртларда бузғунчилик содир этиб, мусулмону-ғайридинни жонига тажовуз қилиб биродаркушлик урушини олиб бораётганлар ва уларнинг сохта тарғиботига учиб, эргашаётган жоҳиллар, динимиз номига доғ туширмоқдалар, динимизга, Ватанга, ота-оналарига хиёнат қилаяптилар. Улар зинҳор-зинҳор анови валломатлари айтгандек жаннатга эмас, балки ўзларини дўзахга ўтин бўлишга тайёрламоқдалар.
Бу ҳақиқатни биз барчамиз яқинларимизга, фарзандларимизга, айниқса четга ишга кетган ёшларга кунда-куноша такрорлаб, таъкидлаб туришимиз, огоҳликка чорлаб туришимиз лозим ва лобуддир.
Адҳамжон Абдураҳмонов,
Поп тумани “Саиджалолхўжа” жоме
масжиди имом ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022