Қоронғи режим
Image
Logo

Кимки динни илмсиз даъво қилса, ўзи ҳам адашади, бировни ҳам адаштиради.

Кимки динни илмсиз даъво қилса, ўзи ҳам адашади, бировни ҳам адаштиради.

Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири ҳисоблашади. Ватандошимиз буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий: «Нажот фақат илмдадур», деб бежиз айтмаган. Чунки билимсизлик – жаҳолатдан, жаҳолат эса – такаббурлик, мутелик ва бузғунчиликдан келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки динни илмсиз даъво қилса, ўзи ҳам адашади, бировни ҳам адаштиради», – деб айтган ҳадислари ўз мазмунини йўқотган эмас. 

Ҳозирги пайтда инсоният ҳаётидаги тараққиёт ва ривожланишни илм-фансиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бирор соҳа йўқки, у илмсиз равнақ топган, юксалган бўлса. Шу боис Аллоҳ таоло илм ўрганишга интилишни ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарз этиб қўйган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти ҳам “Ўқи” деган амр бўлди. Аллоҳ таоло илм  излашни ва ўрганишни мусулмон бандаларига қатъий буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир. Аллоҳ таоло айтади: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11).

Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло илмни улуғ неъмат ва юқори даража ва камолот сифатида зикр қилади, олиму фозиллар ва билимдонлар даражаси юқори эканини билдиради, банда қанчалик кўп илм олса, тафаккури кенгайса, Аллоҳдан шунчалик қўрқадиган бўлишини баён этади. Илм излаш ва унга эга бўлиш ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан жуда кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган: “Илм Чинда (Хитойда) бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз”,  деб таълим берганлар.

“Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир”  деган ҳадиси шарифига амал қилинган юртимиздан довруғи дунёни тутган улуғ олимлар, фан дарғалари, атоқли имомлар етишиб  чиқишди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али  ибн Сино” Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий каби буюк олимлар ва мутафаккирларнинг яратган бой илмий мероси жаҳон маданияти ва таммадунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилган.

Илм фазилати ҳақида Пайғамбаримиз Муҳамаддан (алайҳиссалом) жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган.

Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кишига ҳавас қилиш жоиз: биринчиси – Аллоҳ таоло берган мол-дунёни ҳақ йўлга инфоқ-эҳсон қилувчи кишига; иккинчиси – Аллоҳ таоло илм берган бўлсаю, ўша илм билан ҳукм қилган ва уни бошқаларга ўргатган кишига”, деганлар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Ислом дини диний ҳамда дунёвий илмга умумий даъват қилиб, динда фақиҳ бўлишликка алоҳида урғу берган.

Имом Бухорий ва Муслим раҳматуллоҳи алайҳумолар ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар”. (Муттафақун алайҳ)

Ушбу ҳадисга кўра, илм эгалари улуғ фазилат эгаси экани, маълум бўлади.

Ҳакимлар айтган экан: “Кимда-ким ўзининг билмаслигини яшириб, илм олишдан бош тортса ёки касалини яшириб, даволанишдан бош тортса, у ўзига ўзи хиёнат қилибди”.

Чунки диний иш бўлсин ёки дунёвий иш бўлсин, унга билмасдан киришган кишининг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади.

Занжий ибн Холид айтади: “Болалик пайтимизда Зуҳрийнинг ҳузурига кирган эдик, у зот бизга: “Илм талаб қилинглар. Шунда сиз дунёни истасангиз унга етишасиз, охиратни истасангиз ҳам унга етишасиз”, дедилар”.

Муборак ислом таълимотларига  таянган ҳолда, ахлоқ одобимизни олий даражага кўтаришга ҳаракат қилайлик, муносиб равишда ўз фарзандларимизни дунёвий ва диний билимлардан баҳраманд қилиб, келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишишига эришайлик.

 Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак бир ҳадисларида: “Ҳар бирингиз тарбиячисиз ва ҳар бир тарбиячи қўл остидагиларга жавобгардир”, - деб марҳамат қилганлар.

 Каримжон Мирзаев ,
Косонсой тумани “Шайх Зуннуни мисрий” жоме
 масжид имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг