Қоронғи режим
Image
Logo

КОФИРГА ЧИҚАРИШ (ТАКФИР) МУСУЛМОН УММАТИ БИРЛИГИГА РАҲНА СОЛАДИ

КОФИРГА ЧИҚАРИШ (ТАКФИР) МУСУЛМОН УММАТИ БИРЛИГИГА РАҲНА СОЛАДИ

   Бугунги кунда аксарият мусулмон мамлакатларида халқ орасида тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири такфир ҳисобланади.

   "Такфир" (араб. инкор қилиш, ёпиш, кофирга чиқа-риш) ислом дини таълимотига кўра, дин ва Аллоҳни тан олмасликда, диндан чиқишда, кофирликда айблаш маъноларида ишлатилади.

   Такфир ҳодисаси Али розийаллоҳу анху даврида унга қарши исён кўтарган хорижийлар фаолиятига бориб тақалади. Хорижийлар ўзларига қўшилмаган ёки эргашмаган барча кишиларни, ҳатто улар мусулмон бўлсалар ҳам, "кофир" деб эълон қилганлар. Катта гуноҳ қилган мусулмонларни ҳам кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санаганлар. Улар ўз даврида Усмон ибн Аффон, Али ибн Толиб розийаллоҳу анхум каби хулофои рошидинларни ҳам куфрда айблаганлар.

   Зеро, Ислом мусулмон одамни кофирга чиқаришдан қайтаради. Маълумки, ҳанафий мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига кўра, имоннинг шарти яккахудоликка тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқлашдир. Инсоннинг имонини ўлчаш имконияти бошқа инсонда йўқ, чунки имон инсон қалбида бўлади. Қалбни эса фақат Аллоҳ билади. Шундай экан, мусулмон одамнинг имони ҳақидаги ҳукмни ёлғиз Аллоҳ чиқаради. Бунга мазкур ҳадис далил: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Уч нарса имоннинг аслидандир: "Лаа илааҳа иллаллоҳу" деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз", дедилар» (Сунани Абу Довуд, 2532-ҳадис).

   Имом Бухорийнинг "Саҳиҳ" асаридаги бир боб "Жоҳилият ишларидан бўлиб, куфр саналмайдиган гуноҳлар боби" деб номлангани ҳам мусулмон одам гуноҳ содир этиш билан Исломдан чиқмаслигига ишора қилади. Катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши, "Аҳли сунна вал жамоа" эътиқодига кўра, қилган ишини ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди.

   Тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди. Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар сабаб, Қуръон ва суннатда бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилади. Мусулмонларни динсизликда айблаш мумкин эмаслиги ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Бирор киши ўз биродарига: "Эй кофир!" деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади", дедилар (яъни, агар кофирликда айбловчи ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади. Башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади)», деб таъкидланган (Имом Бухорий, 6103-ҳадис). Бошқа ҳадисда "Бузуҳ ва кофир бўлмаган одамни бузуқ ва кофир деган одамнинг ўзи кофир ва бузуқдир", дейилган (6045-ҳадис).

    Имом Абу Ҳанифа "Фиқҳи акбар" асарида мазкур масалага қуйидагича ҳукм берган: "Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башартиуни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса". Абу Жаъфар ат-Таҳовийнинг "Ал-ақидатут-таҳовия" рисоласида эса "Бизнинг қибламизга қараб намоз ўқигувчиларни мусулмон санайверамиз. Шарти шуки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган барча маълумотларни эътироф этадиган бўлсалар", дейилган.

    Дунё уламолари бировни "кофир" дейишдан аввал бу гап ўзига қайтиши мумкин экани ҳақида огоҳлантирадилар. Чунки Исломда кофир бўлишлик билан ўта хатарли ҳолатлар юзага келади: у билан турмуш ўртоғи орасидаги никоҳ бузилади; болалари унинг қарамоғидан чиқади; вафот этса ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади; ўша ҳолида ўлса, дўзахий ҳисобланади. Шу сабабли уламолар бировни кофирликда айблашдан ўзларини тийганлар ҳамда бошқаларни ҳам бундай ишдан қайтарганлар.

    Машҳур ҳанафий аллома, "Ал-баҳрур роиқ" асари муаллифи Ибн Нужайм: "Агар кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демасликучун бир-гина далил бўлса, тўқсон тўққизни кўйиб, ўша бир далилни олиш керак", дея таъкидлайди.

   Шунингдек, уламолар куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсга татбиқ қилиш шариатга зид эканини айтадилар. Мисол учун, "Фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади", деб фатво чиқариш хато ҳисобланади. Аслида, шариатга кўра, якка шахсга нисбатан куфр фатвосини беришдан аввал сўраб суриштириш, аниқлаш ва унинг ўзи билан баҳс олиб бориб, ўзига тан олдириш лозимдир.

    Афсуски, айрим ёшларимиз Интернет орқали насл-насаби, диний маълумоти, кимга хизмат қилиши номаълум кимсаларнинг таъсирида ватандошлари, ҳатто, яқинларини диндан чиққанликда айблаётгани жуда хатарли ҳолат.

   Мазкур муаммонинг энг оғир жиҳати шундан иборатки, ўз диндошлари, юртдошлари ва қавму қариндошларини кофирликда айблаётган бу каби ёшлар кейинги босқичда "раҳнамо" ва "устозлари" томонидан гўёки "ҳижрат"га чиқиш даъвосида Сурия, Афғонистон каби қуролли тўқнашувлар кетаётган юртларга чорланмоқда. Мазкур худудларга борганлар эса бегуноҳ одамларни ўлдириш, босқинчилик қилиш, бировларнинг уй-жойини эгаллаб олиш каби Исломда буткул ҳаром қилинган қабих, гуноҳи кабира ишларга қўл уриб, охир-оқибатда жувонмарг бўлиб кетмоқда. Уларга эргашиб беқарор худудларга бориб қолган турмуш ўртоқлари, сингил ва фарзандларининг аянчли тақдирини "Меҳр" операциялари ёрдамида Ватанимизга олиб келинган аёл-қизлар ва гўдакларнинг аччиқ кўз ёшларида кўришимиз мумкин.

Абдулбосит Лутфуллаев,
Наманган шаҳар “Боқи Мирзо” жоме
масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг