Қоронғи режим
Image
Logo

МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ

МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ

Ижтиҳод қилувчи киши бир қанча илмларни пухта билиши талаб қилинади. Жумладан, оятларни носих ва мансухи, мутлақ ва муқайяди, сабаби нузулига доир барча илмлардан хабардор бўлиши керак. Шунингдек, ҳадисларни қайси бири саҳиҳ, ҳасан, заифлигини ва ҳадисни ривоят қилувчи зотларнинг тарихини ҳамда носих ва мансух ҳадисларни билиши шарт ҳисобланади. Шу билан бирга ижтиҳод қилгувчи шахс араб тили қоидаларини, балоғат, маъоний ва баён илмлари ва усулул фиқҳ каби илмларни билиши лозим. Чунки мазкур илмларни пухта мужассам қилмаган киши оят ва ҳадислардаги мақсадларни мукаммал тушуниб етмайди. Натижада хато ҳукм чиқаради. Доктор Муҳаммад Ҳасан бундай деганлар: “Ким араб тилини билмаса, у туя игнанинг тешигидан ўтганида ҳам, (яъни, ҳеч қачон) мужтаҳид бўла олмайди”деганлар.

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Эълоус-сунан” китобида шундай деганлар: “Тўрт мазҳаб имомлари ҳақиқатан тўғри йўл ва ҳидоятдадир. Бир юртда улардан қайси бирининг мазҳаби тарқалган бўлса, унинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши (оят ва ҳадислардан ўзи мустақил ҳукм чиқаришга қодир бўлмаган киши) учун ўша мазҳабга эргашиш вожиб бўлади. Ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши билинг. Иншааллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас. Агар бир юртда барча мазҳаблар тарқалиб, машҳур бўлган бўлса, ҳамда у мазҳабларнинг уламолари ҳам етарли бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун улардан бирини танлаб, ўша мазҳабга эргашиши жоиз бўлади”.  Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеъийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кимсаларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.   Ўзбекистонимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар. 

Мазҳаббошимиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ муҳаддислик бобида энг олий даражалардан бўлмиш ҳофизлик мақомига етган зот эдилар. Ҳофиз  юз минг ҳадиснинг матни ва иснодини ёддан билган шахсдир (“Ал-явоқит вад дурар” китобидан). Имом Заҳабий ҳам Имом Аъзам Абу Ҳанифани ҳофизлар табақасида зикр қилганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Муснад” китобини ёзганлар. Бошқа фақиҳлардан кўра Абу Ҳанифадан оз ҳадис ривоят қилинганлиги ҳақида ас-Солиҳий қуйидагиларни ёзади: “Ҳифзлари кучли бўлса-да у кишидан оз ривоят қилиниши, фиқҳ билан кўп машғул бўлганлари сабаблидир. Зеро, Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумо каби катта саҳобалардан ҳам кичик саҳобаларга қараганда, оз ҳадислар ривоят қилинган”.

Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг ярмидан ортиғи айнан ҳанафий мазҳабига амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар. 

 

Мансурхон Марупов,
 Косонсой тумани “Хазрати Умари Одил” жоме
 масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг