Қоронғи режим
Image
Logo

МАЪНАВИЙ БАРКАМОЛЛИК - ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ ОМИЛИ

МАЪНАВИЙ БАРКАМОЛЛИК - ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ ОМИЛИ

Ислом динининг таълимоти бошқа барча илоҳий динлар каби зўравонлик ва босим ўтказишнинг ҳар қандай шаклларини тақиқлаб, кишилар ва халқлар ўртасида эзгулик, бағрикенглик ва тинчликни тарғиб этишини кўп марталаб тушунтириб келмоқда. Чунки, дин маънавият, дин инсонни маънавий баркамолликка етаклайди. Исломнинг асл моҳиятини ва Аллоҳ томонидан Қуръони карим орқали туширилган ваҳий - кўрсатмаларни чуқур биладиган Ғарбдаги барча атоқли исломшунос мутахассислар: «Ислом» ва «террор» сўзлари ёнма-ён ишлатилиши мумкин эмас, бирорта илоҳий дин ҳар қандай зўравонлик ва зулмни оқламайди ва рағбатлантирмайди», деб таъкидладилар. Бутун дунё тинчлик ва меҳрибонлик дини бўлган, одамларга раҳм-шафқатли ва адолатли бўлишни, муҳаббат ва биродарликни буюрадиган Ислом дини тўғрисидаги ҳақиқатни тушуниб етган. Зотан, бирорта ҳам ҳақиқий иймонли киши, қайси диндалигидан қатъий назар, ўз ақидаси йўлида бегуноҳ одамларни ўлдирмайди.

Аллоҳ таоло иймон эгаларига севги, раҳм-шафқат ва тинчлик-осойишталикни буюради. Террор эса иймоннинг ғирт аксидир. У ўз олдига бераҳмлик, шафқатсизлик, зулм, қотиллик ва азоб-кулфатларни мақсад қилиб қўяди. Шунинг учун барча террорчилик ҳаракатларининг манбаини художўйлик ва иймондан эмас, даҳрийлик ҳамда бидъатдан ахтариш керак. Бундай ҳолатларнинг илдизини фашизм, коммунизм, ирқчилик ва моддиюнчиликнинг бошқа шакллари тарғиб қилинган жамиятларда улғайган кишилар орасидан излаш даркор. Террорчиларнинг маълум исмлари (агарчи исломий номлар билан номланган бўлсада) ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.

Инсониятга ислом неъматини ато этган илоҳий ваҳий - Қуръони каримнинг ахлоқий асоси оқибат, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, ҳавойи нафсдан воз кечиш, ҳурмат ва тинчликка асосланган. Ана шу илоҳий кўрсатмаларга амал қилувчи мусулмонлар ҳамиша фавқулодда юмшоқ феълли, раҳм-шафқатли, адолатпарвар ва софдил бўладилар.

Умумий тушунчада «террор» дегани у ёки бу кўринишда сиёсий мақсадларга эришиш учун ҳарбий бўлмаган объектларга, тинч аҳолига қарши куч ишлатишдир. Бошқача айтганда, ҳеч бир гуноҳсиз кишилар террорнинг нишони бўлишади. Террорчилар наздида ана шу одамларнинг бирдан-бир айби уларнинг «бошқа томонда» бўлганларидир. Демак, террор бегуноҳ одамларга қарши зўравонликни англатади, уни маънавий жиҳатдан ҳеч қачон оқлаб бўлмайди.

«Ислом» сўзининг маъноси Аллоҳга бўйсуниш, итоатни билдириб, унинг ўзаги тинчлик, сулҳ маъносидан олинган. Аллоҳ таоло ислом ақидасини нозил қилиш билан одамларга бемисл меҳрибончилигини ато қилган, буйруқларига бўйсунганларга тинчлик, осойишталик ва фароғат неъматларини ваъда қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ер юзида юксак ахлоқ асосларига риоя қилишга, шайтоннинг йўлидан юрмасликка - зулм қилмасликка чақиради: «Эй мўминлар, тўла ҳолдаги Исломга кирингиз! (Яъни Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз!) Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» (Бақара, 208)

Хайрулло Муродшаев ,
Янгиқўрғон тумани "Қаюм ота" жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг