
МАРҲУМЛАРГА ҚУРЪОН ЎҚИБ, САВОБИНИ БАХШИДА ЭТИШ ҲАҚИДА
Халқимизнинг гўзал одатларидан бири бу - маййит чиққан ҳонадон аҳлига таъзия изҳор этиб, ўтганлар ҳаққига Қуръон оятларидан тиловат қилиб, савобини бағишлашдир. Бу одат аслида ҳалқимизга Ислом дини таълимоти асосида кириб келган. Қуръон оятлари нафақат марҳумларга, ҳатто уни ўқигувчиларнинг ўзига ҳам манфаатлидир. Аҳли сунна таълимоти бўйича, тириклар томондан қилинган яхши ишларнинг савоби албатта, марҳумларга етиб боради. Бу эътиқод ҳалқимизнинг қон-қонига сингиб кетганки, ҳатто уни Ислом дини илмларидан тўлиқ хабари йўқлар ҳам билади.
Аммо, кейинги даврларда янги чиққан айрим адашган тоифаларнинг талқин қилишича, Қуръон ўқиб савобини ўтганларга бағишлашнинг фойдаси йўқ эмиш. Шу билан бирга, солиҳ амаллар савобини Пайғамбаримизга ҳам ва бошқа ўликларга ҳам ҳадя қилиш жоиз эмас, деган гапларни ҳам айтишади. Такфирчи салафийларнинг раҳнамоларидан бири саналмиш, ибн Бознинг “Ал-фатава”, деб номланган китобида бу ҳақда қуйидаги маълумотни учратасиз: “Мусулмонларнинг ўликларига Қуръон тиловат қилиб савобини бағишлаш ҳаромдир!”.
Ибн Бознинг бу фатвоси салафи-солиҳлар жумлаи жаҳон аҳли сунна мусулмонларининг фикрига хилофдир. Шу билан бирга унинг бу ва бу каби бошқа бидъатлари тинч-тотув яшаб келаётган мусулмон миллатлар орасида фитна, адоват ва ихтилоф уруғларини сочувчи омил вазифасини ҳам ўтаб берди.
Маййитларга тиловат савобининг етиб бориши уммати муҳаммадиянинг ижмоъси билан исботланган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг машҳур “Ал-азкор” номли асарида айтади: ”Тириклар дуосининг ўтганларга манфаъати бор, амалларнинг савоби ҳам етиб боради, деб уламолар ижмоъ қилганлар”. Шунингдек, имом Нававий ҳазратлари имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидагича ривоят қилган: “Маййитнинг қабри олдида Қуръон оятларидан ўқишлик мустаҳабдир, агар Қуръоннинг ҳаммасини ўқиб хатм қилинса, янада яхши бўлади”.
Имом Шофеъийнинг бу сўзлари “тиловат савобини бағишлаш ҳаром”, деган салафийларнинг барчасига қарши ҳужжат бўлади.
Бу каби ҳужжат далилларни кўплаб келтириш мумкин. Қадимдан мағрибу-машриқ мусулмонлари ўқилган оятларнинг савоби марҳумларга етади, деб эътиқод қилиб келган. Кейинги даврларда салафийлар пайдо бўлди-ю уммат қабристонлари пайҳон қилинди.
Айтмоқчи бўлганимиз, ҳар-биримиз юқорида келтирилган далиллардан ўзимиз учун хулоса олиб, ўтмиш яқинларимизни руҳларини шод этиш учун турли фитналарга учмасдан, солиҳ амаллар қаторида Қуръони каримдан билган сураларимизни ўқиб, савобини бахшида этсак, нафақат улар, балки ўзимиз ҳам баҳраманд бўламиз. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳақ йўлида собитқадам қилсин!
Манбалар асосида тайёрланди.
Қодиржон Умурзаков,
Поп тумани “Муҳаммаджон қори” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022