МАРҲУМЛАРНИ ХОТИРЛАШ ВА УЛАР ҲАҚҚИГА ҚУРЪОН ЎҚИШ

Ислом дини инсон зотини мукаррам, Аллоҳнинг махлуқотлари ичидаги энг азизи ва эҳтиромга муносиби деб баҳолайди. Инсон азиз ва мукаррам экан, унинг ёши ҳам, қариси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам баравар бирдай қадр-қимматга эгадир. Ҳатто Ислом дини инсон вафотидан кейин ҳам эслаб туришга чақирган
Инсон вафот этганидан сўнг уни йўқлаб туриш, унинг хайрли амалларидан ўрнак олиш, хатоларидан ибрат олиб такрорламасликка ҳаракат қилиш мусулмонликнинг ажойиб кўринишларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган ҳадисларида: “Ўлганларингизнинг яхши хислатларини эсланглар, уларнинг ёмонликларини гапиришдан тилингизни тийинг!”, деб марҳамат қилганлар
Дунёдан ўтиб кетганларни йўқлаб туришнинг бир воситаси улар номидан хайр-эҳсонлар қилиш, Қуръон тиловат қилиб, руҳларига бағишлашдир. Аҳли суннат ва жамоат таълимоти шуки, ўтганлар руҳига бағишланган тиловатлар ва хайр-эҳсонлар уларга фойда беради ва савоблар етиб боради. Бунга Абу Ҳафс ан-Насафий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ақоид ан-насафия” асаридаги: “Тирикларнинг ўликлар учун қилган дуо ва садақаларида улар учун фойда бордир. Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилади ва ҳожатларни раво қилади”, деган қоидани келтириш мумкин. Таниқли ҳанафий олими Сирожиддин ал-Ўший раҳимаҳуллоҳнинг “Бадъ ул-амолий” номли мотуридийлик ақидасига бағишланган қасидасида: “Дуоларда етук таъсир бор, уни залолатдаги одамларгина инкор қиладилар” деб айтганлар.
Хуллас, аҳли суннат ва жамоат таълимотига эргашган уламоларнинг барчаси ўтганларга бағишлаб қилинган хайр-эҳсон ва дуолар уларга етиб бориши борасида иттифоқ қилганлар. Бу борада Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳ бобомиз ўзларининг дунёга машҳур “ал-Ҳидоя” асарларида аҳли суннат ва жамоатнинг фикрини бундай ифода қилганлар: “Бу бобдаги асл қоида шуки, албатта, инсонга ўз амалининг савобини – у намоз бўлсин ёки рўза ёки садақа ёхуд бошқа амал бўлсин – уни ўзидан бошқаси учун адо қилиши аҳли суннат ва жамоат фикрига кўра жоиздир”.
Бу каби ҳужжат далилларни кўплаб келтириш мумкин Демак, Қуръон қироатининг ва бошқа хайрли амалларнинг савобини ўтганларга етиб бормайди, дейиш аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифаларнинг фикри экан. Бу каби ҳаракатлари нафақат мусулмончилик, балки инсонийликка ҳам мос келмайдиган ваҳшийликдан бошқа эмасдир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлда собит қадам қилиб ҳақ йўлдан адаштирмасин.
Баҳодир Мирфайзиев,
Косонсой туман "Содод" жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022