Қоронғи режим
Image
Logo

Maзҳабга эргашиш саодатдир

Maзҳабга эргашиш саодатдир

Масалага ақлий далил шундай: Аллома Абдуллоҳ Дароз айтади: Ижтиҳод аҳлидан бўлмаган кишилар ўзларида содир бўлган ҳукми китоб ва суннатда баён қилинмаган ишларнинг ҳукмини қандай топадилар. Агар ҳар бир шахс ўзи ижтиҳод қилиши лозим бўлса, бу мумкин бўлмаган ишдир.

Чунки бу ҳолатда ҳамма далил излаш, ҳукм чиқариш ишлари билан машғул бўлиб, маъишат, касб ҳунар, тижорат ва зироъат ишлари бир тарафда қолиб кетади ва дунё хароб бўлади. Бу ҳаражнинг ниҳоясидир (чўққисидир). Шунинг учун тақлиддан ўзга чора қолмади.

Уламолар мазкур китоб, суннат ва ақлий далилларни кўриб билганларидан сўнг шу қарорга келдилар: оми инсон ва ижтиҳод даражасига етмаган олимлар далилларни билувчи мужтаҳидган эргашишлари лозимдир. Шунингдек, мужтаҳиднинг берган фатвоси оми инсонлар учун ҳудди китоб ва суннат ўрнидадир. Чунки Қуръони Карим олимларга Қуръон ҳужжат ва далилларини ушлашни буюрганидек, жоҳил ва оми инсонларни олимларнинг фатвосини олишга буюрган.

Айни шу маънони ифода қилиш учун Имом Шотибий роҳимаҳуллоҳ: “Мужтаҳидларнинг фатволари Авом ҳалқ учун ҳудди шаръий далилга тенгдир”, деганлар.  

Қолаверса, айнан тўрт имомдан бирига эргашишнинг сабаби борасида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий: “Тан олинган тўрт мазҳабдан бирига эргашиш саводи аъзам (кўпчилик ва аксарият ташкил этган жамоат)га эргашишдир ва улардан чиқиш саводи аъзамдан чиқишдир”, деганлар (“Ақдул жийд фи аҳкамил ижтиҳад ва тақлид”,  1-жилд 41-бет).

Саналган далиллардан маълум бўладики, мазҳабга эргашиш баъзилар ўйлагандек гумроҳлик эмас, балки  Аллоҳ таолога, унинг расулига ҳамда ишбоши (уммат эътироф этган уламолар) ларга итоат этиш экан.

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш ўринли. Тақлид тўғридан-тўғри вожиб эмас, балки бошқасининг сабабидан вожибдир. Агар тўғридан-тўғри вожиб бўлганида мужтаҳидларга ҳам тақлид вожиб бўлар эди. Буни тушунишимиз учун баъзи мисолларга мурожаат қилиш керак.

Масалан, намоз тўғридан-тўғри фарз, шунинг учун намоз ўқиш пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, саҳобаларга ҳам, шунингдек, биз умматларга ҳам фарздир. Аёлларнинг намозни адо қилиш учун масжидга келиши тўғридан-тўғри эмас, балки бошқаси сабабидан ман қилингандир. Агар тўғридан-тўғри ман қилинганда эди пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида аёллар масжидга келмаган бўларди.

Хўш, мазҳабга эргашишни вожибга айлантирган бошқа сабаб нима?

Маълумки, ҳар бир мусулмонда Қуръон ва суннатдан ҳукм олиш истеъдоди йўқ, шунинг учун Аллоҳ таоло  “...Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар” (Наҳл сураси 43-оят), деб марҳамат қилган. Бу оятдан биламизки, тақлиднинг вожиблигига сабаб бўлган “бошқа” ҳар бир кишида Қуръон ва суннатдан ҳукм олиш истеъдодининг йўқлигидир. Худди шунингдек тақлиди шахсий ҳам тўғридан-тўғри эмас, балки “бошқа” нинг сабабидан вожибдир.

Тақлиди шахсийни вожибга айлантирган “бошқа” нима?

Диннинг мақсади диндорлик, роҳатланиш эмас. Фаразан, кишига хоҳлаган вақт хоҳлаган мазҳабига эргашиб кетавериши мумкин дейилса, унда инсон фақат нафсининг истакларига юриб ундан бу ишга рухсат, бошқасидан яна бир ишга рухсат олиб нафсининг хоҳишлари кетидан юраверади. Унинг дини фақат рухсатлардан иборат бўлади. Бу эса диннинг асл мақсадига зид бир ишдир. Кишидаги диндорлик бир мазҳаб ва бир имомга эргашсагина мукаммал ва мустаҳкам бўлади.  

Мана шу сабаб тақлиди шахсий вожибга айланди. Уламолар зарурат тақозо этганда ўзи эргашган мазҳаб имомининг сўзини қўйиб бошқа мазҳаб имомининг сўзига ўтишни  ҳам одамлардан ҳараж ва машаққатни кўтариш учун жоиз деган бўсалар-да, бу ҳам ҳамма учун эмас, балки фақат ва фақат уламоларгагина тегишли ишдир.

Инсон дунё ва охиратда гўзал ҳаётга эришиши учун Аллоҳ ва унинг расули йўлини маҳкам тутмоқлиги керакдир. Бу эса ўз-ўзиданмас, балки пайғамбаримиз ва у зотнинг йўлидан юрган уламоларга эргашиш билан бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин.

Акмалхон Саппанов,
Янгиқўрғон тумани бош имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг