МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ ЗАРУРАТИ..

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида барча мусулмонлар ўзлари билмаган масалаларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганлар. Саҳобаи киромлар даврида олим саҳобалардан ёш саҳобалар таълим олишди. Шу зайлда, шаръий илмларда маълум даражага етмаган кишилар муайян уламоларнинг йўлларини тутишлари анъанага айланиб, фиқҳий мазҳаблар кўпайиб борди.Аммо вақт ўтиши билан улар орасидан тўрт йирик мазҳаб: ҳанафийлик, моликийлик, шофеийлик ва ҳанбалийлик ажралиб чиқди ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар оммаси томонидан “фиқҳий мазҳаблар” деб эътироф этилди.Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати иттифоқ қилганлар. “Мазҳаб” сўзи арабчада “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилохда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради. Уламолар мазҳабларга эргашиш Пайғамбар саллаллоху алайхи васалламнинг қуйидаги ҳадисларига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа). Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид) мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят). Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд.
Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўқ бўлиб, “Қуръон ва Суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.
Бемазҳаблар омма мусулмонлар ичида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар Аҳли сунна олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган. Мазҳабсизлар тарафдорларининг айрим иддаоларидан уларнинг даъволари асоссиз эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин: Бемазҳаблар “Қуръон битта ва Пайгамбар битта бўлса, тўрт мазҳаб орасида фиқҳий ихтилофлар бор, ҳақ битта эмасми?” дейдилар. Мазҳаблар бир манба - Қуръон ва суннатга асосланади. Мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва суннатга эргашган бўлади. Мазҳабсизлик тарафдорлари “Имом Бухорий бемазҳаб бўлган”, деб далил қилади. Ваҳоланки, Имом Бухорий яшаган даврда у кишига ўхшаш илми ижтиҳод даражасига етган, ўзи ижтиҳод қилганлар кўп бўлган. Ҳамма уламолар илми мужтаҳидликка етган одам, ўзи ижтиҳод қилади, деганлар. Ҳозир эса ўша даврдаги каби мужтаҳидлар йўқ эканини ҳисобга олмайдилар. Аксинча, Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошича янги ҳукм чиқариш мусулмонларни куфрда айблаш, уларнинг қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик (ҳукуматга қарши чиқиш), тинч жамиятда ваҳима уйғотиш ва фитна қўзғаш, обод жойларни вайрон қилиш каби исломда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.
“Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”. Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ҳали дастлабки илмий кўникмаларни ҳосил килмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармокдалар. Баъзида ўзлари адашгани етмагандек, ўзгаларни ҳам йўлдан урмоқдалар. Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўз ҳидоятида собит қилсин. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз: Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмлари ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди”.
Имом Бадриддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.
Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор. Юқоридаги етук уламоларнинг бу мавзудаги фатво ва хулосаларини кўплаб келтириш мумкин. Бундан бизнинг юртимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай амал қилиб келмоқдалар. Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ўзлари илмий кўникма ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар.
Маъсумхон Турғунов,
Наманган шаҳар “Шайх Эшон” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022