Мазҳабсизлик – динсизликка йўл

Мусаффо динимизда ақийда бўйича аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг йирик намоёндалари бўлган олимлар, хамда мазҳаблар имомларининг ҳар бирлари ўзига хос фиқҳий ижтиҳод қилганлари ва юқорида зикр қилинган бошқа сабабларга кўра фиқҳий мазҳабларда хилма-хиллик юзага келган. Буни баъзи кишилар динга зарар келтирувчи шахсий ихтилофлар деб ўйлайдилар ва ўзларича танқид қиладилар, қоралайдилар. Гоҳ-гоҳида фиқҳий мазҳабни инкор қилиб мазҳабсизликка чақирувчилар ҳам чиқиб туради. Улар доимо жуда ҳам озчиликни ташкил этиб, маълум бир тоифага мансуб кишилар бўлади. Бундай кишилар, асосан, фиқҳдан бехабар, илм остонасига эндигина қадам қўйган ёки ҳақиқий илмдан бебаҳра қолган одамлар бўлади. Улар ўзларича фиқҳий мазҳабчиликни айб ва нуксон деб биладилар, ўз фикрларини исботлаш мақсадида ҳатто улуг масҳаббоши имомларга тил теккизишгача етиб борадилар.
Бу ҳакда Робитатул Оламил Исломия фиқҳ академияси мудири, доктор Аҳмад Муҳаммад Мукрий ўз мақолаларидан бирида шундай ёзади: «Вақти-вақти билан ислом фиқҳини ўз илмлари ила бойитган мужтаҳид имомлар, атоқли уламоларга қарши танқидларни эшитиб турамиз. Одатда, бундай танқидлар, уламоларни танқид қилиш у ёқда турсин, балки уларнинг мазҳаблари, усуллари ва қоидаларига назар солишга қурби етмайдиган, эндигина талаби илмни бошлаётган кишилар тарафидан бўлади.»
Мазҳабсизлик ғояси тарафдорларининг асосий мақсадлари Қуръон ва суннатни ўзларича маҳкам тутиш ва мазҳабларни йўқ қилиб, уларни илдизи билан қўпориб ташлашдан иборат. Уларнинг даъвосига кўра, гўё мусулмонларнинг ихтилофдан нажот топиши фақат Қуръон ва ҳадисни қаттиқ ушлаш билан бўлади, мазҳаблар, гуруҳлар ва фирқалар мавжуд бўлар экан, Қуръон ва ҳадисни маҳкам ушлаш амри маҳол, чунки ихтилофларнинг асл манбаи мана шу мазҳаб ва фирқалардир.
Бир тарафдан, бу қараш вакиллари мазҳаблар ва гуруҳларни залолат деб биладилар-у, лекин ўзлари ҳам сезмаган ҳолда шундай ҳолатга тушиб қолган. Зеро улар ўзлари бир йўналиш бўлиб, ўзларидан бошқаларни нотўғри йўлда деб билади. «Улар ислом уммати қадимдан ақида ва фиқҳ масалаларида эргашиб келаётган мазҳабларни инкор қилиш билан бирга, ўзлари янги мазҳаб пайдо қилишга ўтганлар»
Мазҳабсизлик ғояси қачон пайдо бўлди?
Бу ғояни илгари сурувчи кишилар ўзларини бир қанча турли номлар билан атайди: салафи солиҳларга эргашиш даъвоси билан салафийлар, саҳиҳ ҳадисга эргашиш даъвоси билан аҳли ҳадислар.
Бу қарашнинг тарихи узоқ эмас, ислом тарихини кўриб чиқиб, бу ғоя яқиндагина пайдо бўлган эканлигини хулоса қилиш мумкин. Чунки мазҳабсизлик ғояси ҳақида охирги бир ярим асрдан олдинги барча тарих саҳифаларида бошқа фирқа ва оқимлар каби маълумот берилмаган. Бу ғоянинг тарихи яқин бир ярим асрга тўғри келади.
Мазҳабсизлик қарашлари ҳамма жойда бир хил эмас, бу қарашларни илгари сураётганларнинг ўзлари ҳам якдил фикрга келмаган.
Баъзилари очиқдан очиқ мазҳабларни инкор қилади ва уларни тарк этишга чақиради. Мазҳабларни мусулмонларнинг энг катта хатоси ва уларга тақлид қилиш энг катта хатар деб ҳисоблайди ва фиқҳий йўналишларни илдизи билан қўпориб ташлашга ҳаракат қилади.
Бошқалари эса мазҳабларга тақлид қилишни рад қилмасада, кишининг доим бир имомга мутлақ тақлид қилиши ва унга мутаассиблик қилиб олишга қарши чиқади. Улар мазҳаблар билан ишлашда анча эҳтиёткор ва олимлар ҳақида гапирганда нисбатан одоб сақлайди. Шунга қарамай, уларнинг қарашларини ўрганувчи киши уларнинг қарашлари ҳам охир оқибат фиқҳий мазҳабларни бекор қилишга олиб келишини билиб олади.
Мазҳабсизлик тарафдорлари мазҳаб ва мазҳабга тақлид қилувчиларга мазҳаблар орасидаги фиқҳий ихтилофлар барча ёмонликларнинг боши, бу ихтилофлар сабабли дин емирилиб, ёмон ҳолатга келиб қолган, деб эътироз билдирадилар.
Мазхабсиз киши турли ихтилофли йўлларда адашиши ва оқибатда залолатга кетиши мумкин. Айни шунинг учун ҳам мазхабда собит бўлишлик, кишиларнитурли хато йўлларда адашиб қолишликдан сақлайди.
Аллоҳ барчамизни мазхабдамустахкам ва собит қилсин, турли хато йўллардан Ўзи асрасин.
Ибодулло Усмонов,
Косонсой тумани “Эшонбобо” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022