МАЗҲАБСИЗЛИК ДИНСИЗЛИК

“Мазҳаб” сўзи арабчада “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.
Ислом динининг асли Аллоҳ таоло ва Расулига итоат этишдир. Раббимиз бундай марҳамат қилади: «Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади» (Нисо сураси, 80-оят).
Тоат-ибодат, муомала масалаларида Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилинади. Солиҳ салафлар мужтаҳид имомлар Аллоҳ ва Расулига итоат қилишда камчиликка йўл кўймаганлар.
Баъзи оят ва ҳадислар шу қадар аниқ-равшанки, араб тилидан хабари бор кишилар уларни ҳеч бир қийинчиликсиз тушунаверади. Масалан, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш ва ҳаж ибодатларини бажариш ёки зино, ўғирлик, қотиллик каби ишлардан тийилиш ҳақидаги кўрсатмаларда ҳеч кандай чигаллик; мавҳумлик йўқ. Лекин Куръон ва суннатда баъзи ҳукм-кўрсатмалар борки, уни тушуниб олиш, мақсадни англаб етиш муайян даражада илм-фаросат кўникма талаб қилади.
Шундай пайтда уламолар ижтиҳодига муҳтож бўламиз.
Ҳар кимнинг ўзи билганича Қуръон ва суннатдан хукм олиши жуда хатарли ва ҳалокатлидир.
Саҳобалар, тобеинлар ва нубув-ват чашмасидан баҳраманд бўлган салафи солиҳлар Куръон нозил бўлган муҳит ва вақтга яқин бўлганлари, ўша давр тили ва шароитини яхши билганлари учун шариатнинг асосий манбаларини ҳозирги давр одамларидан бир неча карра яхшироқ тушунишган. Шунинг учун биз оят ва ҳадисларни англашда ақлимизга эмас, балки мужтаҳид имомларга, мазҳаб бошиларга эргашмоғимиз шарт. Бу билан биз (бузғунчи тоифалар айтганидек,) Аллоҳ ва Расулининг ҳукмини қўйиб, бир олимга эргашган бўлмаймиз.
Илм билан шуғулланмаган ва маълум масалаларда ўзларининг ижтиҳодлари бўлмаган саҳобалар ҳам фақиҳ саҳобаларга мурожаат қилиб уларнинг маслаҳатлари бўйича иш тутишгани тарихдан маълум.
Мазҳабсизлик тарафдорлари даъвосига кўра, исломда фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган. Гўёки мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун адашади. Исломга амал қилишнинг асосида фақат Қуръон ва суннат туриши лозим. Мазҳаблар эса гўёки китоб ва суннат таълимотидан кўра, мазҳаббошиларнинг ижтиҳодларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни кафолатлай олмайди. Шунингдек, бемазҳаблар фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлгани боис уларни бидъат иш деган даъвони илгари сурадилар.
Айниқса, масҳабсизлар мусулмонларнинг деярли ярмини эргаштирган ҳанафийлик мазҳаби асосчиси, буюк олим Имом Абу Ҳанифа, унинг сафдошлари ва шогирдларини ҳадис билмасликда, фиқҳий масалаларни ечишда нақлни қўйиб, ақлга таянганликда айблайдилар.
Таъкидлаш жоизки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида сахобилар муайян шаръий масала чиқиб қолса, ўзларига мурожаат қилиб ечимини топишган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг саҳобалар шаръий саволлар бўйича ўзларининг орасида мужтаҳид даражасида бўлган саҳобалардан фатво сўраганлар. Тобеинлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари тутган йўлни тутиб, ўзларининг орасидаги муждаҳидларга эргашганлар. Ибн Қайюм ўзининг “Аъломул муваққиъийн аън Роббил-аламийн” китобида бундай ёзган: “Дин фиқҳ ва илм бу умматга Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зайд ибн Собитнинг шогирдлари, Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Аббоснинг шогирдлари орқали тарқалди”.
Машҳур аллома Ибн Ражаб (1335-1393) ўзининг «Ар-Радду ала ман иттабаа ғойрил мазааҳибил-арбаъ (Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия)» асарида: «Кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”, деб ёзган.
Уламолар мазҳабларга эргашиш Пайғамбар (с.а.в.)нинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: «Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг» (Имом Можа, 3950-ҳадис).
Шу нуқтаи назардан, ислом уламоларининг итгифоқига кўра, диннинг асосига тааллуқли бўлган ақидавий масалаларда тақлид қилиш мумкин эмас. Фиқҳий масалаларда эса, мазҳабларнинг бирига эргашиш лозим бўлади. Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид) мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш м-н: «Агар билмасангиз, зикр аҳлларидан сўранг» (Наҳл, 43). Уламолар оят Китоб ва суннатга қайтиш шаклида эмас, балки аҳли зикрларга эргашишликка буюриш кўринишида нозил бўлганига эътибор қаратадилар.
Мазҳабсизлик тарафдорлари муайян масалаларда мазҳаблар орасидаги кўп-фикрлилик, жузъий фарқларни рўкач қилиб, мазҳабларни эргашишни ташлашга ҳамда Қуръон ва суннатни мустақил ўрганиб, ўзи тушунганича уларга амал қилишга, содда қилиб айтганда, ҳаммани ўзи ижтиҳод қилишга даъват қилади. Бу эса, ҳеч шубҳасиз, ихтилофлар ва карама-қарши фикрларнинг кўпайишига, охир-окибат эса исломдаги катта бўлинишларга олиб келиши мумкин.
Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизликда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўк бўлиб, «Қуръон ва суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмокда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармокда.
Мазҳабсизлик тарафдорларининг айрим иддаоларини таҳлил қилиш орқали уларнинг даъволари асоссиз эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин:
Таассуфки, бемазҳаблик тарафдорлари жамиятда ихтилоф чиқариш билан шуғулланиб, аслида ислом маданияти ва таълимоти ривожи учун ҳеч кандай ҳисса қўшаётганлари йўқ. Хусусан, республикада бемазҳаблик тарафдорлари ҳозирга қадар масжид ёки мадраса қуришга ёрдам бериш, ислом дини ҳақида бирорта китоб ёзиш, эҳтиёжманд мадраса талабаларига ёрдам кўрсатиш каби хайрли ишларга мутлақо қўшилаётганлари йўқ.
Аксинча, Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимча янги ҳукм чиқариш, мусулмонларни куфрда айблаш, уларнинг қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик (ҳукуматга қарши чиқиш), тинч жамиятда ваҳима уйғотиш ва фитна қўзғаш, обод жойларни вайрон килиш каби исломда қатъиян ман килинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, марҳум шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий қайд этганидек: «Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”.
Бемазҳабликни тарғиб қилувчи бузғунчи оқимлардан келтириб чиқараётган таҳдидлар, умум эътироф этилган фикҳий мазҳаблар ҳамда ақидавий таълимотларни тан олмаслик оқибатида келиб чиқаётган салбий оқибатлардан мусулмонларни огоҳ этиш ислом уламолари олдидаги муҳим вазифалардан бўлиб қолмоқда.
Аъзамжон Дедамирзаев,
Уйчи тумани “Қамбарбайвачча” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022