МАЗҲАБСИЗЛИКНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТЛАРИ

Ҳақ бир мазҳабга эргашмасдан юрса бўладими, ўзи мазҳаб дегани нима, деган саволлларга жавоб бериб кўрайлик!
Бир мужтаҳиднинг ижтиҳод қилиб жамлаган ҳукмларининг барчасига бирдан ўша мужтаҳиднинг мазҳаби дейилади.
Асҳоби киромнинг барчаси теран олим, мужтаҳид эдилар. Ҳар бири дин илмларида, сиёсат, идора ва замонларининг фан илмларида ҳамда тасаввуф маърифатларида гўёки дарё эдилар. Бу илмларнинг ҳаммасини Расулуллоҳнинг қалбларга зиё бўлган, руҳларга даво бўлган сўзларини эшитиш билан оз вақтда қўлга киритдилар. Ҳар бирининг алоҳида мазҳаби бор эди. Мазҳаблари бир-бирларидан оз ёки кўп фарқ қиларди. Тобеиннинг ва таба тобеиннинг орасида ҳам мужтаҳидлар бор эди.
Саҳобалардан бўлган мужтаҳидларни баъзи уламолар ўз китобларида санаб чиққан. Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Айюб раҳматуллоҳи алайҳ «Эъломул муваққиъин» китобида айтади: «Фатво берган саҳобий ва саҳобияларнинг сони бир юзи ўттиздан ошиқ бўлиб, уларнинг орасидан еттитаси кўп фатво айтган. Улар: Умар ибн Хаттоб, Али ибн Аба Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Оиша, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳум)лар.»
Тобеинлар даврида ижтиҳод уфуқи кенгайиб, турли диёрлардан мужтаҳид фақиҳлар чиққан.
Аллоҳу таоло мазҳабларнинг мана шундай алоҳида ва фарқли бўлишини истаганди. Бу фарқлиликнинг мусулмонларга Аллоҳу таолонинг раҳмати эканлигини, Жаноби Пайғамбаримиз хабар бергандилар. Чунки тўрт мазҳаб орасидаги майда-чуйда ўзгачаликлар мусулмонларнинг ишларини осонлаштирмоқда. Ҳар бир мусулмон шароитига, яшайдиган жойининг иқлимига қараб ўзига қулай бўлган мазҳабни танлайди. Ибодатларини ва ҳар ишини ўша мазҳабнинг ҳукмларига мослаб бажаради. Агар Аллоҳу таоло хоҳласа, Қуръони каримда ҳамма нарсани очиқ-ойдин билдирарди. Мана шу тариқа битта манбадан фарқли ҳукмлар чиқарилиб, амалда фарқли мазҳаблар ҳам ҳосил бўлмасди. Қиёматгача дунёнинг барча жойида ҳар қанақа иқлим ва шароитда ҳар бир мусулмон учун ягона низом бўларди. Мусулмонларнинг ҳоллари, яшашлари қийинроқ бўларди.
Жаноби Пайғамбаримизнинг йўли Қуръони карим орқали, ҳадиси шарифлар орқали ва мужтаҳидларнинг ижтиҳодлари орқали кўрсатилган йўлдир. Бу уч васиқа (ҳужжат) билан бирга шариатда "ижмо-и уммат" деган тўртинчи далил ҳам бор бўлиб, бу Асҳоби киромнинг ва Тобеиннинг иттифоқи (сўзбирлиги) экани “Радд-ул мухтор”да ёзилган.
“Бир ҳукм устида тўрт мазҳабнинг ижтиҳодлари орасида ижмо ҳосил бўлса, бу ижмога ҳам имон келтириш керак, ишонмаган одам куфрга тушади.” (Мактубот, 2/36)
Ислом олимлари нотўғри нарса устида иттифоқ қилишмайди. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Умматим залолат (адашган, нотўғри фикр) устида бирлашмайди.” (И.Аҳмад)
Мазҳаб ва раҳмат Аллоҳу таоло ва Расули мўминларга марҳамат қилганликлари учун баъзи ишларнинг қандай бажарилишини Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда очиқча билдиришмади. Агар очиқча билдирилганида, айнан шундай бажариш фарз ёки суннат бўларди. Фарзни бажармаганлар гуноҳкор, эътибор бермаганлар эса кофир бўлишарди. Мўминларнинг ҳоллари қийин кечарди. Аллоҳ ва Расули меҳрибонликлари туфайли баъзи буйруқларини усти ёпиқ ҳолда беришди. Бундай ишларни очиқча билдирилган буйруқларга ўхшатиб, қиёслаб бажариш лозим бўлди. Дин олимлари орасида ишларнинг қандай бажарилишини мана шундай қиёслаб тушуна олганларига "мужтаҳид" дейилади.
Тўрт мазҳабнинг ҳоли бир шаҳар халқининг ҳолига ўхшайдики, улар рўпара бўлган бир ишни ёки юқоридан келган бир фармонни қандай бажариш кераклигини мавжуд қонунлардан топа олишмаса, шаҳар кексалари тўпланиб, бу ишни қонуннинг шунга энг ўхшаш бўлган бир моддасига қиёслаган ҳолда бажарадилар.
Тўрт тўғри йўл Мана шу йўсинда шаҳар катталаридан ҳар бир гуруҳ амрни бажаришда бир йўл топади ва барчаси ўз йўлининг тўғри ва қонунларга мос эканлигини айтади. Аслида қонуннинг ва фармонинг талаби мана шу тўрт йўлдан бири бўлиб, қолган учтаси нотўғридир.
Тўрт мазҳаб тўлалигича билингани ва китоблари ҳам барча мамлакатларга ёйилиб кетгани учун ҳар бир мусулмоннинг фақат мана шулардан бирига тобе бўлиши лозим.
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022