МИССИОНЕРЛАР АЛДОВИГА УЧМАЙЛИК!

Миссионерлик (лотин., немис. - юбориш, вазифа топшириш) - муайян дин, конфессия ёки секта вакилларининг ўз диний таълимотини тарғиб қилиш ва тарқатишга қаратилган фаолиятдир. Миссионер (missionary) ўзи эътиқод қилувчи диний таълимотни ўзга дин вакиллари ичида тарқатиш билан шуғулланувчи шахс ҳисобланади.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Осиё ва Африкадаги мустамлака мамлакатларда миллий-озодлик ҳаракатларининг бошланиши ва ушбу давлатларнинг мустақилликка эришиши христиан миссионерлик ҳаракатини муайян даражада сусайишига олиб келди. Кўпчилик миссионерлар ушбу ҳудудлардан чиқариб юборилган. Католик ва протестант миссионерлик марказлари янги шароитларга мослашган ҳолда фаолиятни кўпроқ маҳаллий кадрлар орқали жонлантириш, ОАВдан кенг фойдаланиш йўлига ўтганлар.
Мустақилликнинг илк давридан Марказий Осиё минтақасида ҳам турли ноисломий диний конфессиялар томонидан ўз диний қарашларини маҳаллий аҳоли орасида кенг тарғиб қилишга қаратилган фаол ҳаракатлар амалга оширилди. Миссионерлар маҳаллий мутахассисларни тайёрлашни муҳим вазифа ҳисоблайдилар. Чунки прозелит-фаоллар хорижлик миссионерларга ошкора фаолият олиб бормаган ҳолда маҳаллий жамоаларни бошқариш, молиявий ва бошқа шаклдаги фойда кўриш имкониятларини яратадилар. Одатда миссионерлар асосий эътиборни аралаш миллат вакилларидан иборат оилаларнинг аъзолари, илгари ҳеч бир динга эътиқод қилмаган, оғир хасталикка, жудоликка, моддий қийинчиликка дуч келган, ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб келган, яъни моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишиларга қаратмоқдалар. Шунингдек, уй бекалари, зиёлилар, ёшлар каби ижтимоий гуруҳлар ҳам миссионерларнинг "нишони" саналади.
Тарғибот-ташвиқот ишлари махсус телерадиодастурлар, интернет тармоқлари, эълон ва рекламалар орқали олиб борилмоқда. Миссионерлар фаолиятида маданий-маърифий ишлар, гуманитар ёрдам, туризм, текин пазандачилик, тикувчилик, тил ўргатиш курсларига таклиф этиш, шифокор ва табиб кўригидан ўтказиш, спорт тўгараклари очиш, ёшлар сайллари уюштириш каби усуллар қўлланилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда айрим ноисломий диний конфессияларнинг вакиллари, шу жумладан норасмий жамоа аъзолари томонидан қонунга хилоф равишда диний сабоқ бериш, ноқонуний йўллар билан диний адабиётларни республика ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш, хонадонларда белгиланган тартибларга зид равишда диний йиғинлар ўтказиш, эшикма-эшик юриб диний қарашларини тарғиб қилиш, аҳоли орасида ўзларининг диний экспертизадан ўтказилмаган буклет, журнал, электрон дискларини тарқатиш каби қонунбузарликларга йўл қўйилмоқда.
Миссионерлар фаолиятида қўлланилаётган асосий усуллар қуйидагилардан иборат:
- ёшларга инглиз, корейс тилини, компьютерда ишлашни ўргатиш баҳонасида ўқув курслари очиш ва мазкур жойларда ўз динига тарғиб қилиш;
- хорижга ўқишга, ишга ёки чет эл фуқароси билан оила қуриш учун жўнатиш баҳонасидан фойдаланиш;
- болалар ва ўсмирларни ёз фаслида черков қошидаги ёки тоғли худудлардаги дам олиш лагерларига жалб қилиш ва шу ерда таъсир ўтказиш;
Кейинги йилларда хориждаги диний жамоалар республикадан борган талаба ва меҳнат мигрантларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқдалар. Жумладан, Россия евангель христианлари бирлашган уюшмаси Марказий Осиё республикаларидан келган меҳнат мигрантлари орасида миссионерлар фаолиятини олиб бораётгани кузатилмоқда.
Диндан қайтган кимса устида қуйидаги шаръий хукмлар жорий бўлади:
- у билан хотини (аёл киши бўлса, эри) орасидаги никоҳ бузилади;
- болалари унинг қарамоғидан чиқади;
- жамият аъзолигидан маҳрум бўлади;
- унга диндан қайтганлик хукми эълон қилинади;
- ўлса ювилмайди, кафанланмайди, унга жаноза ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади;
- ўша ҳолида ўлса, дўзахий бўлади.
Аммо, у вақтида эсини йиғиб, ўлмасидан аввал Ислом динига қайтса, Имоми Аъзам ва Имоми Молик мазҳабларига кўра, ҳаммасини бошқатдан бошласа, унга Аллоҳ яна бир бор имкон берар экан.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ислом динидан қайтган кимсалар ҳақида шундай деган:
"...Сизлардан кимда-ким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари (тоат-ибодатлари) дунёю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар" (Бақара сураси, 217-оят).
Ўзбекистон Республикасида миссионерлар фаолияти ман этилади. Ушбу қоидага амал қилмаган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жа-вобгарликка тортиладилар.
Абдулбосит Лутфуллаев,
Наманган шаҳар “Боқи Мирзо” жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022