МИССИОНЕРЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ !

Ҳозирги интернет-ижтимоий тармоқлар, телефон, телевидение ривожланган, ахборот хуружи авж олган глобаллашув замонида, ўз динимизни, миллий қадриятларимизни яхши ўрганиш билан бир қаторда миссионерлар ким эканлиги, уларнинг асл мақсадлари, миссионерлик тарихи ва бу ҳаракат вакилларининг бугунги иш услублари тўғрисида ҳам етарли маълумотга эга бўлишимиз долзарб масалага айланиб қолди.
“Missio” – вазифа топшириш, юбориш, вазифани бажариш маъноларини билдирса, миссионерлик маълум мақсадлар остида бир динни бошқа дин вакиллари ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳаракатидир. Мустамлакачи мамлакатлар томонидан Америка, Осиё, Африка халқларини ўзига қарам қилиш мақсадида миссионерликдан ошкора ва махфий йўллар билан фойдаланилган. Ҳозирги кунда ҳам миссионерликдан асосий мақсад, ўша эски, ғаразли мақсадни амалга ошириш холос, бошқа эмас десак, тўғри бўлади.
Миссионерлик фаолияти – кўпроқ насронийлик дини ниқобидаги секталар тарафидан амалга оширилади. Бу иш билан асосан Иегова шоҳидлари, Евангелистлар, Адвентистлар, Баптистлар, петидесятниклар ва бошқа “дин ниқобида ҳаракат қилаётган секталар” шуғулланмоқда.
Миссионерлар даъват этаётган нарса зоҳиран чиройли бўлиши, уларнинг мулойим гаплари-ю, “ҳотамтойлик”ларининг чегараси йўқдек туюлиши мумкин, аммо улар даъват этаётган нарса якка худога ибодат учун эмас. Улар насронийлик ниқоби остида ўз гуруҳлари сафини кенгайтиришга уринаётган нарса, ширкнинг турли кўринишларидир.
Миссионерлар асосан ёрдамга муҳтож, кам таъминланган, бемор, ногирон, жазони ўташ муасссаларидан яқинда чиққан, ва аралаш никоҳдан туғилган, динга эътиборсизроқ кимсаларни овлайдилар. Аввал нимага қизиқиши, дини тўғрисидаги маълумоти, оилавий шароитини ўрганишади. Кейин шароитга қараб моддий ёрдам қилишади, кейин эса бепул китоблар тарқатиб “меҳр-шафқат” кўрсатган бўлишади. Ўз динидан бехабар, ким қайси томонга бошласа кетаверадиган кимсаларни секин-аста ўз динларига тарғиб қилишни бошлайдилар. Миссионерлар тил ўргатиш, тиббий, моддий ёрдам бериш мақсадида ҳаракат қилаётган турли “хайрия ташкилотлари ва фондлар” номидан иш олиб борадилар. Улар бугунги кунда, чет элларга ишлаб келиш учун бораётган фуқароларимизга ҳам ўз таъсирларини ўтказишга ҳаракат қилмоқдалар.
Миссионерлар аввалда биз мусулмонларга “марҳамат” қилиб қанча заҳмат билан ўзбекчага ўгирган Инжилда айтилганидек: ««Қардошингни севгин, душманингдан нафратлан», деб айтилганини эшитгансизлар. Лекин мен сизга айтаман: душманларингизни севинглар. “Сизни лаънатлаганларни дуо қилинглар. Сиздан нафратланганларга яхшилик қилинг. Сизнинг номингизга иснод келтирганлар учун”, сизга жабр-зулм ўтказганлар учун ибодат қилинглар», деган маънода одамларни ўзларига маҳлиё қилиш учун ширин сўзликни, инсонпарварликни намойиш қиладилар.
Лекин озгина ўтмай юқоридагига қарама-қарши ўлароқ Лука инжили, 12-бобда: «Мен ер юзига ўт ёқиш учун келдим. Ўт ҳозироқ аланга олишини қанчалик истардим! Мен жуда оғир дард-аламни бошдан кечиришим керак. Бу амалга ошмагунча нақадар қийналаман! Мени ер юзига тинчлик келтириш учун келган, деб ўйлайсизларми? Сизга йўқ, аксинча, низо солгани келганман, деяпман. Зеро бундан буён бир уйда беш киши ўзаро бўлинган бўлади, учтаси иккитасига ва иккитаси учтасига қарши тарафкашлик қилади. Ота ўғлига қарши, ўғил отасига қарши, она қизига қарши, қиз онасига қарши, қайнона келинига қарши, келин қайнонасига қарши чиқади»,- дейилган ҳолат юз бера бошлайди. Ҳозирги миссионерларнинг мақсади худди шу эканлигини билиб қўйишимиз лозим.
Миссионерлар тузоғига тушган прозелит, яъни – ўз динидан воз кечиб, бошқа динни қабул қилган кимса, озгина ўтмай “чўпонлари” – устозларига содиқлигини кўрсатиш учун оиласини, ота-онасини ҳам ўзи каби “нажот топиб”, “худо севадиган кишилар”дан бўлишлари учун “янги дин”га даъват қила бошлайди. Табийки, ҳолатни кўрган ота-она, унинг ўзини бу янглиш йўлдан қайтариш ҳаракатига тушадилар. Миссонерлар аввалдан ўз “ов”ларини бундай ҳолатга тайёрлаб: “Эртага ота-онанг, атрофингдагилар бу “ҳақ йўл”ни тушунмай, сени қайтармоқчи бўладилар, сен сабр билан ўз йўлингда мустаҳкам турасан, керак бўлса, улардан воз кечасан”, деб тайинлайдилар.
Ўзингиз ўйланг, мусулмон хонадонда, қайсидир оила аъзоси миссионерларнинг даъватига учиб, аждодларидан қолган муқаддас динидан, маънавиятидан воз кечиб, сохта динни қабул қилса, оилада, маҳаллада парокандалик бўлиб турли низолар чиқиши тайин-ку. Кечагидек эсимда туманимиздаги қишлоқлардан бирида бир кимса миссионерлар ҳийласига учиб уларнинг динини қабул қилди. Унга ўзига ўхшаш имонини сотган бир қиз топиб уйлаб ҳам қўйишди. Кўп ўтмай бу кимса вафот этди. Уни дафн этишдаги можарони кўринг! Қишлоқ аҳли: “Бизнинг қабристонга кофирни қўймайсан” дейди, вафот этган томон: ”Қўяман, қаерга олиб бораман”- дейди, ўртада маҳалла аҳли билан ўлик чиққан хонадон ўртасида низо чиқди. Охири қабристон ташқарисига жанозасиз, дуо-тиловатсиз кўмиб юборишди. Мана шу пайтдагина одамлар миссионерларнинг асл мақсадлари нималигини тушуниб етдилар. Индонезиянинг Шарқий Тиморида, Суданда, ана шундай мусулмон ва “янги динни” қабул қилган прозелитлар ўртасида низо ва можаролар чиқаришди. Асли Нигериялик бўлган Сандей Аделадж ташкил қилган петидесятниклар йўналишидаги «Худо элчихонаси” ташкилотидан 2004 йили Украинада “рангли инқилоб” рўй берган даврда ҳар куни 4 мингга яқин аъзоси Майданда норозилик намойишида қатнашган. Бундан ўша кунлардан ҳозиргача бу мамлакатда бир дин, бир миллат аҳли ўртасида юз берган можароларда миссионерларнинг ҳам қўли борлиги келиб чиқади.
Мустақиллик шарофати билан мамлакатимиз Қомусининг 31-моддасида: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга.” –деб кафолатлаб қўйилди. Ҳоҳлаган кимса ўз динини тарғиб қилиб, халқ орасида диний қарашлар туфайли низолар келтириб чиқаришини олдини олиш учун қонуннинг давомида: “Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб таъкидлаб қўйилди. Бунинг устига юқоридаги моддани бузганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги (Янги тахрири) қонунида “Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти харакатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун хужжатларида белгиланган жавобгарликга тортилади”.
Демак, мамлакатимизда бошқа дин ва конфессиялар каби соф эътиқод – маърифий ислом дини ҳам қонун йўли билан ҳимоя қилинади. Ҳа,ислом ота-боболаримиздан келаётган қонимизга, томиримизга сингиган диндир. Уни ташқи таъсирлардан, ёт ғоялардан, ғанимлардан ҳимоя қилиш, соф ҳолда сақлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз бўлиши лозим.
Мамлакатимиз тарихида динлараро низо юзага келмаганлиги – тинчликпарвар ўзбек халқининг диний эътиқоди, урф-одатлари ва анъаналари гўзал ва юксак эканлигидан далолатдир.
Халқимизнинг бағрикенглигини ва ўзаро ҳурматда яшашини суистеъмол қилиб, мусулмонларни, айниқса ёшларни ўз эътиқодига, ота-боболаридан келган муқаддас динига хиёнат қилишга чорлаш энг катта жиноятдир. Бундай ғараз ниятли кимсаларга, халқимиз ўртасидаги иттифоқликка раҳна солувчи миссионерларга, сохта салафийларга қарши курашда барчамиз масъулдирмиз. Бу йўлда ҳар биримиз юртдошларимизни тўғри йўлга, эзгуликка, юксак одоб-ахлоққа, тинчликни қадрига етиш ва уни асрашга чақиришимиз, диёримизда мавжуд бўлган насронийлик дини вакилларига самимийлик ва ҳушёрлик билан муносабатда бўлишни ўргатишимиз лозим. Турли конфессиялар даъватчиларининг ҳийласига лаққа тушиб, манқуртга айланиб, уларнинг динини кўр-кўрона қабул қилиб, Она-Ватанга, муқаддас динимизга хиёнат қилган кимса, оқибатда дунё ва охират саодатидан маҳрум бўлишини тушунтиришиб боришимиз лозимдир.
Адҳамжон Абдураҳмонов,
Поп тумани “Саиджалолхўжа” жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022