Қоронғи режим
Image
Logo

МОТУРИДИЯ АҚИДАСИДА ИМОН

МОТУРИДИЯ АҚИДАСИДА ИМОН

   “Имон” сўзи “ишониш” маъносини англатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган барча нарсага ишониш имондир. Имон калимаси “ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна муҳаммадан ъабдуҳув ва росувлуҳ”дир. Бунинг маъноси “гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир”. Ким шу калималарни айтса, Аллоҳнинг Ягоналиги, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У Зотнинг Бандаси, Элчиси ва Пайғамбари эканига ишонса, мусулмон саналади. Банда қилаётган эзгу амалларнинг қабул бўлиши учун имон шартдир. Зеро динсизлар томонидан қилинадиган ҳар қандай иш қабул қилинмайди. Аввал имон, кейин ният ва ихлос билангина амаллар комил бўлади ва бундай амалларни Аллоҳ қабул қилади.

    Исломда имон келтириш лозим бўлган нарсаларни қалб билан тасдиқлаб, тил билан иқрор бўлиш имоннинг рукнидир. Ислом динида қалб билан тасдиқлаб қабул қилиш лозим бўлган нарсалар имоннинг шартларидир. Имон шартларидан биронтасини инкор қилиш билан киши Ислом динидан чиқади.Имон шартлари Қуръони карим, мутавотир ҳадислар ва ижмоъ билан собит бўлган. Имон масалаларининг барчаси қалбга тааллуқлидир. Шу сабаб улар ақидавий масалалар дейилади. “Ақида” сўзининг маъноси ҳам қалб боғланган нарса, демакдир.

    Соф ва тўғри ақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва салафлар ақидасидир. Мана шу ақида “Аҳли сунна вал-жамоа ақидаси” дейилади. Аҳли сунна вал-жамоа ақидаси ашъарийя ва мотуридийя мазҳабларидан иборат. Ақида масалалари замон, макон, шахс ва жамиятга қараб ўзгармайди. Ақида масалаларининг ҳаммасига иқрор бўлиш лозим. Уларнинг бир қисмига ишониб, бошқасини инкор қилиш мумкин эмас.

   Юқорида баён қилинган Дин асослари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан олингандир. Ўша ривоятда бежизга ақида масаласи биринчи зикр қилинмаган. Зеро амалларнинг энг бошида имон туради. Улардан кейинги ўринда турувчи намоз, рўза, закот ва ҳаж ақидага боғлиқдир. Иймон арконларининг энг муҳимларидан бири яхшию ёмон қадарни Аллоҳ таолодан деб билишдир. Қадарга, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси, хоҳиши, яратиши билан бўлишига ишониш иймоннинг ажралмас бир қисмидир. Ҳамма нарса ва ҳаракат, жумладан, инсон хоҳиши ва ихтиёрининг яхши ёки ёмон, қачон ёки қаерда ва қанча бўлишининг бари Аллоҳ таолонинг иродаси, илми ва яратиши билан бўлади. Инсон Аллоҳ таоло унда яратган ихтиёр билан танлаган амалига яраша яхшилик бўлса – савоб олади, ёмонлик бўлса – гуноҳга ботади. Қазою қадар масаласи Аллоҳнинг Ўзига хос илмларидан ҳисобланиб, аввалда ҳам, ҳозирда ҳам кўплаб тортишув-баҳсларга сабаб бўлган масаладир. Мусулмон кишига бу масалада чуқур кетмай, беҳуда тортишувларга берилмай Қуръон ва Суннатда келган кўрсатмаларга амал ва  эътиқод қилиш тавсия этилади.

  Аллоҳ Таоло бандалар нима килишларини билган бўлса, (ўша амалларгина килинади, хеч нарса кўшилмайди ва хеч нарса камайтирилмайди). Хар бир киши нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар этилади. Амалларга якунига караб бахо берилади. Чинакам бахтли инсон — Аллоҳнинг такдири ила бахтли бўлган инсондир. Хакикий бадбахт — Аллоҳнинг такдири ила бахтсиз бўлган кимсадир.

 

Манбаълар асосида тайёрлади.
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
 Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
 масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг