Қоронғи режим
Image
Logo

ТАСАВВУФ ҲАҚИДА ТАСАВВУР.

ТАСАВВУФ ҲАҚИДА ТАСАВВУР.

Тасаввуф, суфийлик — исломда инсонни руҳий ва ахлоқий жиҳатдан комиллик сари йўлловчи таълимотдир. Тасаввуф сўзининг ўзаги ва мазмуни ҳақида олимлар турли фикр ва тахминлар билдиришган.

Тасаввуф замон ва макон жиҳатидан теран илдиз отган ва кенг ёйилган бўлиб, асрлар бўйи давом этгандир. Шунинг учун тасаввуфни бутун минтақалардаги кўриниши ҳамда том маъноси билан яхлит таърифлаб бўлмайди. Бинобарин, минтақа-минтақага ажратиб тадқиқ этиш лузумоти ҳам бордир. Масалан, Шимолий Африканинг тасаввуфий қарашлари ва тушунчалари билан Ўрта Осиёнинг, Онадўли билан Ироқ, Миср тасаввуфий қарашлари орасида фарқлар мавжуд. Болқон, Жазоир, Яман ва Тунисдаги кўринишлари орасида ҳам тафовутлар кўзга ташланади.

Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон айтади: - Мен бу таърифлар шундай хулоса чиқардим: “Тасаввуф – бир томондан маърифатуллоҳни, бошқа тарафдан эса тазкияи нафс (нафс поклиги)ни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илм” деган бўлардим. Яна бошқа бир ифода билан айтганда эса, “тасаввуф Аллоҳнинг қулини, қулнинг эса Аллоҳни севиш йўлларини  тушунтирадиган бир илмдир”. Тасаввуф Исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, унинг ичидаги мавзусининг шарафи билан музайяндир. Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билмак-танимак экан, ўз-ўзидан бу ҳолда “тасаввуф ашрафи улуми исломиядир”. Яъни Исломий илмларнинг энг шарафлисидир.

Соф тасаввуф ҳолати, зуҳду тақво ҳаёти “асри саодат”дан бери мавжуд эди ва қиёматгача бўлади, иншааллоҳ! Чунки тасаввуф Аллоҳнинг розилигини топиш йўлидир ва мутасаввиф ҳам асл мусулмон, ҳақиқий мўмин, хос ва холис қул деганидир.

Тарихда Ҳаким Термизий, Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Шайх Зайниддин, Занги ота, Шайх Хованди Тоҳур ва бошқа кўплаб тасаввуф илмининг олимлари ўтишган.

Мустақиллик йиллари мамлакатимизда тасаввуф тариқатларини ўрганиш, унга доир асарларни таржима қилиш, атоқлии машойихларнинг мақбараларини қайта қуриш ва таъмирлашга аҳамият берилмоқда.

Манбалар асосида тайёрланди

Ибодуллохон Усмонов,
Косонсой тумани “Эшонбобо” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг