Қоронғи режим
Image
Logo

МУЖТАҲИД БЎЛИШ УЧУН....

МУЖТАҲИД БЎЛИШ УЧУН....

Мазҳабcизликка чақирувчилар тоифаси ва ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки ундан бошқа фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашишлик шарт қилинмаган.

Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини ўзига лозим тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор, мутаассиб, динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади.

Мазкур тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилишнинг асосида фақатгина Китоб (Қуръон) ва сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса, китоб ва сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади.

Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди. Қолаверса, исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлганлиги эътиборидан, бидъат ишлардан саналиб, сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир.

Саҳобаи-киромларнинг барчаси ҳам Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатигагина мурожаат қилганлар. Улар бирор-бир масалада Қуръон ва суннадан далил тополмай қолгандагина ижтиҳодга қўл урганлар. Бу эса, асосий эътибор қаратиладиган ва эргашиладиган ҳолат. Шунинг учун ҳам мазҳаб тутиш ёки бирор-бир мужтаҳид имомга тақлид қилиш Аллоҳни қўйиб уларни “Илоҳ” қилиб олиш, дея баҳоланган.

Ўзларини ислом динининг фидойилари деб эълон қилаётган бу тоифа тарафдорлари Қуръон ва сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш айнан мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратилиши ва бу уларнинг бирлигига раҳна туғдираётганлиги, деб жар солишмоқда. Аслидачи?! Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканлигига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилар-у, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади.

– Ижтиҳод қилишга ҳамма-ҳам қодир бўла олмайди. Чунки, бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват керак. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас. Лекин улар бир икки масалаларда ихтилоф қилиб: “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва расулига эргашамиз”, дейдилар. Агар малакаси йўқ бўлган кишини ижтиҳод қилишга буюрилса, унга қудрати етмаган ишни юклатилган бўлади. Шариатда эса, бундай қилиш жоиз эмас. Зотан, Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас» (Бақара: 286).

Мужтаҳид бўлиш учун керакли илмларни талаб қилиш узоқ вақт давом этади. Агар барча одамлар бу иш билан машғул бўлсалар, яшаш учун зарур бўлган бошқа ишларни ким қилади?! Ҳамманинг иттифоқига сазовор бўлган катта мажтаҳидлардан кейин ижтиҳод эшиги ёпилган ва ижтиҳод қилиш мумкин эмас, деган гапга жавоб қуйидагича: Тўғри, баъзи уламолар ўз замонларида шариат ва ижтиҳод ишларида сифатсизлик авж олгани, ҳамма ўз фикрини ўтказишга ҳаракат қилгани учун ҳижрий учинчи асрнинг охирида «Ижтиҳод эшиги ёпилган» деган гапни тарқатишган ва шу йўл билан ҳар хил ғаразгўйларнинг шариатни ўйин қилишларига чек қўйишган. Аммо, шариатда ижтиҳод қилиш маълум замонга ва шахсларгагина фарз бўлган деган тушунча пайдо бўлмаслиги керак. Шунга қарамасдан ҳозирги даврда имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъий, имом Молик ва имом Аҳмад ибн Ҳанбалга ўхшаш мужтаҳидлар йўқлигига ҳамма иттифоқ қилган…(Оқимларга раддия иловаси асосида таёрланди)

 

Қосим Инамов,
 Янгиқўрғон тумани “Бобоихандон” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг