Қоронғи режим
Image
Logo

МУТААССИБЛИКНИ ДИНИМИЗ ОҚЛАМАЙДИ.

МУТААССИБЛИКНИ ДИНИМИЗ ОҚЛАМАЙДИ.

Ислом дини бирор шахс, гуруҳ, мол-дунёга нисбатан ва обрў-эътибор топиш учун қилинадиган ҳар қандай мутаассиблик ва ғояларга бўлинишни қоралайди, тарафкашликни жоҳилият ҳолатига ўхшатади.   Мутаассиблик луғатда бир нарсага қаттиқ боғланиб, кўр-кўрона эргашиш, ашаддий тарафкашлик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш каби маъноларни англатади. Манбааларда  “мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир” деб таърифланган.

Динда мутаассибона ҳаракат, динда чуқур кетиш, ҳаддан ошиш, Қуръон ва Суннатда келган таълимотларга зид равишда ўз фикрига эргашишни қаттиқ қоралайди. Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетишлик тушунилади. Бу иш ақидада бўлсин, сўз ёки амалда бўлсин, барибир. Бу борада Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

“Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир”.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларининг уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар:

«Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар.

Улардан бири:

«Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса:

«Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири:

«Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб:

«Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Демак юқоридаги ояти карима ва ҳадиси муборакдан билиниб турибдики динда ҳаддан ошмай мустақим туриш васатийликдир. Аллома Юсуф Қаразовий ўзининг «ал-Хасоисул Омма лил-Ислом» номли китобида васатияни қуйидаги таърифини келтиради: «Васатиянинг ўрнига «мувозанат» иборасини ишлатиш ҳолатлари ҳам бор. Бу билан икки бир-бирига қарши тарафлар орасида ўртамиёналик ва адолатни ирода қилинади. Токи улардан бири ўз тасирини ўтказиб бошқасини йўққа чиқармасин. Тарафлардан бири ўзига тегишли ҳақдан кўпни олиб қарши тарафга устинлик қилмасин ва уни йўқ этмасин. Қарама-қарши тарафлар дейилганда руҳонийлик ва моддийлик, якка шахс ва жамоат, воқеъийлик ва хомхаёл, собитлик ва турғинсизлик каби нарсалар кўзда тутилган бўлади. Мазкур қарама-қарши нарсалар орасида васатийликнинг жорий қилиш уларнинг ҳар бирига ўзига яраша ва керакли имкон бериш ҳамда бунда зарар етказиш ва чегарадан чиқиш, ҳаддан ташқари қаттиқ тутиш ва ҳаддан ташқари бўш қўйиб юбориш ҳолатларига йўл қўймаслик ила бўлади».

Хулоса ўрнида  айтадиган бўлсак мутаасссиблик муаммосининг  ечими сифатида Ислом мўътадил дин бўлиб ҳақиқатлардан бирортасида четга чиқишга ёки ҳаддан ошишга йўл қўймаслигини англатади. Исломда ва бошқа динларда динда ҳаддан ошиш ҳам, эътиқодда бир тарафлама ва ғайритабиий бўлиш ҳам, ҳаддан ташқари қаттиқ олиш ҳам, жуда бўш қўйиб юбориш ҳам йўқ.

Абдусамад Ёқуббоев,
Янгиқўрғон тумани "Шўркент" жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг