НАМОЗДАГИ САФ МАСАЛАСИ.

Аллоҳ бандаларига буюрган энг улкан ва шарафли ибодат бу намоз. Намоз эса исломнинг беш фарзидан иккинчиси. Унга таълуқли масалалар ҳам унинг сингари ахамиятли бўлади. Намоз хар бир мўминга вақтида фарз. Лекин уни савобини кўпайтириб берилишига сабаб бўладиган холатлар бор. Масалан, жамоат бўлиб ибодат қилиш. Бу холатга 25 баробар кўпроқ савоб берилишига сабаб бўлади. Жамоат эса саф билан боғлиқ бўлган хол. Саф хақида бир оз маълумот бериб ўтамиз.
“Саҳиҳ”да ҳадис бор: “Албатта сафларингизни тўғриланглар ёки Аллоҳ юзларингиз орасини мухолиф қилиб қўяди”. Ҳадис шориҳлари сафларни тўғрилаш икки ишга боғлиқлигини айтганлар: тикка турганлар бир тартибда тўғри туришлари ва сафлардаги очиқ жойларни тўлдириш.
Мазкур таҳдид борасида ихтилоф қилинган. Бас, ҳақиқий маъносида, деганлар ҳам бор. Демак, бу ерда мурод аслий яратилишидан юзнинг орқа тарафга қараб ўзгариб қолишидир. Буни Ҳофиз Ибн Ҳажар айтган. Шунга биноан, ҳукм вожибдир. Уни адо қилмаслик ҳаром. Яна айтишича, бу таҳдид худди бошни имомдан олдин кўтарган кимса ҳақидаги ҳадис таҳдидига ўхшайди. Буни яна Абу Умома разийаллоҳу анҳунинг ҳадиси ҳам қувватлайди: “Сафларингизни тўғри қилинглар ёки, шаксиз, юзлар ўзгариб қолур”. Уни Имом Аҳмад заиф санад билан ривоят қилган.
Баъзи уламолар уни мажозга таъвил қилдилар. Имом Нававий айтган: унинг маъноси ораларингизда буғзу адоват пайдо бўлади ва қалблар ихтилофи юз беради. Тамом. Жалолиддин ас-Суютийнинг “ал-Ҳовий” асари, 1-жилд, 52-саҳифа.
Имом Табароний Ибн Аббос разийаллоҳу анҳумодан ривоят қилган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу таоло алайҳи ва олиҳи ва соҳбиҳи васаллам демишлар: “Кимки сафдаги очиқ жойни кўриб қолса, уни ўзи тўлдирсин. Бас, агар у шундай қилмаса, бирор кимса унинг гарданидан хатлаб, сакраб ўтаверсин. Зеро, унинг ҳурмати қолмагай”. Тамом. “ал-Ҳовий”, 1-жилд, 52-саҳифа.
“Олдинги сафни тугатинг!”. У имомнинг ёнидаги (орқасидаги) сафдир. Ал-Алқамий айтади: Уламолар қуйидаги сабаблар учун биринчи сафга шошилишга тарғиб қилганлар: зиммасидан мажбуриятдан халос бўлишии; масжидга киришга шошилиши; имомга, унинг қироатини эшитишга яқин ўтириши; ундан таълим олишга, унга луқма беришга ва ундан бошқаларга етказишга ўнғай бўлиши; олдидан бошқаларнинг ёриб ўтишидан сақланиши; олдинги сафда ўтирганларнинг айбини кўришдан саломат бўлиши; намозхонларнинг кирларидан сажда қиладиган жойининг асралиши кабилардир. Бундан олдинги сафни тўлғазишдан аввал кейинги сафда намозга шуруъ қилишнинг макруҳлиги ҳам чиқади. Бу феъл эса жамоат баракоти ва савобнинг кўпайиши бўладиган жамоат фазилатидан қуруқ қолишдир. Шундай экан намозда жамоат масаласини ўрганиб олишимиз, савобимиз тўла мукаммал бўлишига сабаб бўлади.
Манбаалар асосида тайёрлади
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
масжиди имом-хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022