НОТИҚЛИГИГА МАҲЛИЁ БЎЛМАЙЛИК..

Ислом тарихида ажралиб чиққан илк оқимлардан бири мўътазилийлик деб аталади. Унинг асосчиси Восил ибн Ато деган шахс ҳисобланади. У Абу Ҳузайфа Восил ибн Ато ал-Ғаззол ал-Махзумий ал-Мўътазилий (700-748) бўлиб, аввалига буюк тобеъин Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳнинг шогирди бўлиб юрган.
Гуноҳи кабира – катта гуноҳ қилган кимсанинг имони борасида Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ билан тортишиб қолиб, мана шу Восил ибн Ато ажралиб чиқиб кетган.
Мўътазилийлар раҳбари: “гуноҳи кабира қилган одам имондан чиқиб кетади, лекин куфрга кирмайди, балки бу иккисининг орасида бир манзилда бўлади. Агар шу гуноҳига тавба қилмасдан ўлиб кетса, дўзахда абадий қолади”, деган ақидани илгари сурган эди.
Аҳли суннат ва жамоатнинг асосини ташкил қилган саҳоба ва тобеъинларнинг ақидаси эса “гуноҳи кабира қилган одам гуноҳкор мўъмин-мусулмон ҳисобланади, у имондан ажралмайди; тавбасиз кетадиган бўлса, уни мағфират қилиш Аллоҳнинг ҳукмига боғлиқ, лекин, шу билан бирга, унинг имони бўлгани учун дўзахда абадий қолмайди”, деган таълимот ҳисобланади. Калом илмида ушбу бузуқ ақида “манзил байна манзилатайн” деб аталади. Табиийки, буюк зот Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ унга қаттиқ қаршилик кўрсатган. Восил ибн Ато унинг дарс ҳалқасини ташлаб чиқиб кетади.
Шундан сўнг, Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ у ҳақида бундай деган: إعتزل عنا – “иътазала ъанно!” (“Биздан ажралиб чиқиб кетди!”). Ушбу ибора сабабли, у ва унга эргашганлар мўътазилийлар деб аталиб келади. Демак, ҳар қандай тоифага ўзлари ном қўйиб оладими, дўстлар қўядими, душман тараф қўядими, фарқи йўқ. Улар ўзларини, ўз номларини қанчалик оқламасин, моҳият уларнинг ақидаси бузуқлигидадир.
Ана шу Восил ибн Ато ўзига тарафдорлар йиға бошлайди ва ўзининг бузуқ ақидасини ва таълимотини ёя бошлайди. Энг биринчи унга қайиноғаси Амр ибн Убайд қўшилиб, мўътазилийликнинг даъватчисига айланади. Восил ибн Ато илми зўр, зеҳни ўткир, нотиқ, сўзомол, гапни қийиб қўядиган одам бўлган. У бошқа олимларга ўхшаб китоблар ёзмаган, мадраса-ю мактаблар қурганлиги ёки ақалли ҳаммомлар барпо қилгани ҳам маълум эмас. У фақат ўзига одамларни жалб қилишга ҳаракат қилган, даъват ва чақириқ ишларини кучайтирган. Ҳатто унинг нотиқлигининг бир намунаси бугунги кунгача сақланиб қолган. Гап шундаки, унинг подшоҳ ва амирлар, уламо ва фузалолар, оддий одамлар олдида қилган бир маъруза – хутбаси матни мавжуд.
Демак, нотиқлигига маҳлиё бўлиш оқибатида аслида ақидаси бузуқ бир касни минбарларга чиқариб қўйиб, унинг асл мақсадини билмасдан маъруза қилдириш, давраларнинг тўрига ўтқазиб қўйиб, насиҳатларига хўб қулоқ солиб юриш ҳам мумкин экан.
Восил ибн Ато шунчалик нотиқлиги билан бирга “р” ҳарфини айта олмаган. Коммунист-большивекларнинг доҳийси Владимир Ильич Ленин ҳам “р” ҳарфини айта олмаган эди. Бу иккови ҳам ўзининг нотиқлиги ва сўзамоллиги билан минг-минглаб, балки миллионлаб одамларни ўзларига эргаштира ва ишонтира олганлар.
Мазкур маъруза – хутба “Хутбату Восил ибн Ато би-ло роъин” (“Восил ибн Атонинг “ре” ҳарфисиз хутбаси”) номи билан танилган. Восил ибн Ато “р” ҳарфини айта олмагани боис, ушбу маъруза – хутбаси узун бўлишига қарамасдан унда “р” ҳарфини ишлатган эмас. Шу билан бирга, ушбу хутбани VIII аср араб адабиётининг энг етук намунаси сифатида кўрсатадилар, тилшунослар уни беҳад қадрлайдилар.
Мазкур хутбани ўқир экансиз, ҳақиқатдан ҳам унинг балоғати ва бадиятининг улуғлигига тан бермай иложингиз йўқ. Хутба ўзида Қуръон оятлари, ҳадисларнинг мазмунларини жамлаган бўлишига қарамасдан, унда тортишувли ақидавий қарашлар акс этмаган, ихтилофга сабаб бўладиган фиқҳий-мазҳабий масалалар ҳар ўрин олмаган. Шуни билиб олинг ва унутмангки, ўша даврдан бери келаётган бузуқ оқим раҳнамоларининг маъруза ва хутбалари ҳам шу қабилдадир. Бугунги кунда фирқа, оқим бошлиқлари ҳам шу усулда даъват олиб борадилар. . (Оқимларга раддия иловаси асосида таёрланди)
Абдусамад Ёқуббоев,
Янгиқўрғон тумани "Шўркент" жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022