Қоронғи режим
Image
Logo

ОТА-ОНАГА ҲУРМАТ

ОТА-ОНАГА ҲУРМАТ

Бизларга ота-онадек буюк неъматни ато этган Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолога битмас туганмас ҳамду саноларимиз Ота-онага хизмат қилиш ва уларнинг дуолари сабабли жаннатий бўлиш башоратини берган икки олам сарвари, буюк хулқларни камолига етказган зот Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва саловотларимиз бўлсин.

 Бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган, авайлаб-асраб турли хавфу хатарлардан омонда сақлаб  ўстирган, ниманики хоҳласак биз учун  муҳайё қилган, бизларга одоб-ахлоқни ва касб-ҳунарни ўргатган, дин ва дунё илмларини таьлим берган, ҳаётга йўллаган, уйлаб-жойлаган, одамлар қаторига қўшган, умрлари ниҳоясигача ардоқлаб ўтган ота-оналаримизни ҳурматлаш, уларга яхшилик қилиш, меҳрибонлик кўрсатиш ҳар бир фарзанднинг энг шарафли бурчи саналади.

Бу бурч Аллоҳ таоло томонидан барча инсонларга буюрилган гўзал инсоний фазилат, ҳақиқий инсон табиатида хос бўлган бошқа жонзотларга намуна бўладиган амалдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Роббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишингизни амр этди. (Эй инсон), агар улардан бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етишса, уларга “уф!” дема ва уларни жеркима! Уларга доимо ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Роббим, мени гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қил!”  (Исросураси, 23-24-оятлар).

Аллоҳ таоло бандаларига қатъий қилиб фақат ўзигагина ибодат қилмоқликка ва ота-онага яхшилик қилишни буюрди. Уларга яхшилик қилишни ибодат даражасига кўтарди, ҳатто ота-онага яхшилик қилиш баъзи ибодатлардан ҳам афзалроқдир. Ота-онанинг  ҳурматини жойига қўйиб, мудом уларнинг ҳолидан хабар олиб хизматида бўлиш, улар ёқтирмаган нарсалардан йироқ бўлиш, улар вафотидан кейин дўстлари ҳолидан хабар олиб туриш ҳам уларга нисбатан яхшилик қилиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандаларини ота-онасига ҳатто “Уф” деган сўзни айтмасликка буюради. “Уф” калимаси бирор нарсадан безор бўлганда айтиладиган сўз бўлиб, аслида инсон ўзига етган чанг-ғубор ва шунга ўхшаш ёқимсиз нарсаларни ўзидан даф қилиш учун айтиладиган сўздир. Шунингдек оятда ота-онага бақирмасликка буюрилган бўлиб, улар ҳузурида бошқага бақириш ҳам ота-онага нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Жумладан, уларга дунёдаги  энг яхши — чиройли сўзларни топиб сўзлашга ҳамда улар хизмати учун ўзни хору-ҳокисор тутишга  буюриладики, бу ота-онанинг фарзанди олдида нечоғлик улуғ мартабада эканлигини  англатади.Демак, ота-онанинг ҳурматини жойига қўйиш, улар олдида ҳамиша ўзини ҳоксор тутиш,уларга ёқимли гапларни сўзлаш, уларнинг ҳаққига дуолар қилиб туриш фарзанднинг энг муҳим бурч ва вазифаларидандир. 

 

Иномиддин Турабоев,
Чорток туман “Зайд ибн Хорис” жоме
масжид имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг