Қоронғи режим
Image
Logo

РАДИКАЛ МУТААССИБЛАРНИНГ АЛОҲИДА БЕЛГИЛАРИ

РАДИКАЛ МУТААССИБЛАРНИНГ АЛОҲИДА БЕЛГИЛАРИ

   Кескин чора тадбирларни амалга оширишга интилиш,  ҳали одамларнинг ҳуқуқи бузилмаган ҳолат бўлса  – радикалликдир. Лекин уни одамларга мажбуран тиқиштирила бошланса, бу энди экстремизмга айлади. Ўз қарашларини мажбуран, куч ишлатиш йўли билан, имонсизликда бидъатчиликда ва динни ҳурмат қилмасликда айблаш таҳдиди остида тиқиштираётган  мутаассиб, радикал тоифалар ислом ва мусулмонлар учун жиддий хавф хатарлар келтириб чиқаряптилар.

Радикаллик ва экстремистлик дардига мубтало бўлган оқимларни соф исломга зид беш хил белгисидан ажратиб оламиз.

1.Дин моҳиятини тушуниб етмайдилар, ўзгалар фикрини қабул қилмайдилар. Ўзлари асл маънони тушунмаган ҳолда, Қуръони карим оятларини, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадислари нотўғри талқин қиладилар.

«Улуғ олим имом аш-Шотибий айтади: “Агар инсон оят ёки сурани нима сабабдан ва нима учун нозил қилингани, унинг тафсирини, мақсадини билса, у бу оятлардан четга чиқмайди ва бузмайди, агар инсон оят маъносини билмаса, кўп фикрлар туғилади ва ҳар бир киши ўзини  ҳақиқатга олиб борадиган етарли илмга эга бўлмасдан ўз тафсир усулини танлаб олади... Шундай қилиб улар ўзлари адашадилар ва бошқаларни ҳам йўлдан урадилар”».

Улар  мухолифларнинг фикрларини сўзсиз рад қиладилар ва уларни адашган нодонлар, ахлоқсизлар ҳисоблаб, ўзларини ҳақ йўлда кетаётган мусулмону, бошқаларни адашган ҳисоблайдилар.

  1. Диндаги асосий фарз вожибларни иккинчи даражалисидан ажрата олмайдилар. Шарт бўлмаган амалга мажбур қилиб. Манъ қилишларни кўпайтириб юборадилар.

Бу тоифалар Аллоҳ таъолонинг кўрсатмалари ва Пайғамбар алайҳиссалломнинг суннатларининг сабабини тўғри тушунмайдилар. Улар доимо тор олишга, қийинлаштиришга, ортиқча манъ қилишга қараб оғиб борадилар, динда қайтарилганига қарамасдан манъ қилиш доирасини кўпайтирадилар. Қуръон каримда эса: “Аллоҳ номидан ёлғон тўқиб, тилларингизга келган ёлғонни гапириб: “бу ҳалол, бу ҳаром” деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар сира нажот топмаслар” (Наҳл сураси, 116-оят) деб огоҳлантирилган.

Масалан ”..тўпиқдан пастга тушгани оловда”...  ҳадисини ҳужжат келтириб, тўпиқдан пастга тушадиган узун шим кийиб юришни манъ қилинади деб даъво қиладилар. Аслида бу ҳадис мода учун ва такаббурлик учун кийинадиганларга огоҳлантириш учун айтилган. Ҳадисни эшитган Абу Бакр розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан: Ўз кийимларимни калталашим керакми?- деб сўраганларида, Пайғамбар сав: Сен бу ишни такаббурлиги туфайли қиладиганлардан эмассанку” дедилар.

Афсуски бу радикал мутаассиблар доимий равишда  тушунчаларни алмаштириб,  Соқолини олгани, узун шим кийгани, қабристонга зиёрат учун боргани, фотиҳага боргани учун инсонларни кофирга чиқараверадилар. Ваҳолонки ўзларининг ораларида   мусулмоннинг бурчи бўлган ота – онани ҳурмат қилиш, ҳар бир ишни ўринлатиб бажариш, аёлини, оиласини, қўшнини ҳақларига риоя қилиш каби қатор амалларни бажармайдиганлар борлигини ҳамма билади.

3.Бошқа дин вакиллари билан муомалада исломий бағрикенгликка зид равишда муросасизлик қиладилар ва даъватни қўпол қиладилар.

Аллоҳ  субҳонаҳу ва таъоло исломий даъват қоидаларини баён қилиб: “(Эй, Муҳаммад) Роббингизнинг йўли(дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!”-дейди. Яна  Ўз пайғамбарлари Мусо билан Ҳорунга айтади: “Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у (“мен – худоман”) деб ҳаддидан ошди. Бас унга юмшоқ сўз сўзлангиз! Шояд у эслатма олса ёки (ҳалок бўлишдан) қўрқса”.

            Фараз қилинг сизнинг имонингиз комил, етук ҳолатга келди, бошқаларнинг имони қандай ҳолатда эканлигини биласизми? Улар сиз қачонлардир босиб ўтган ҳолатга энди етган бўлишлари мумкин, бу билан улар  қахрамонлик кўрсатишди, уларни таъна қилмаслик, балки яна олға қараб юришлари учун қўллаб қувватлаш керак. Ҳар бир мусулмон фақат ўзи учун, ўз "нафси"ни сусайишига йўл қўймаслик учун қатъий интизомли бўлиши мумкин, бошқа бировга эмас.

  1. Илк мутаассиб оқимларга тақлид қилиб, мусулмонларни имонсизликда   куфрда айблайверадилар. (такфир).

Уларнинг ақидаси фақат айблашга қурилган десак бўлади. Улар ҳеч кимга узр қидирмайди, доимо айбни излайдилар,  хатодан ўлимга буюрадиган гуноҳ ясаб, гуноҳдан куфр ясайдилар! Ҳасса ушлашда ёки овқатланишда бошқачароқ иш тутган кишини, суннатни ҳурмат қилмасликда, Аллоҳ таъолонинг Пайғамбарини севмасликда айблайдилар. Исломга даъват қилаётган киши замонавий кийинган бўлса ёки замонавийроқ иш тутса, яъни одамлар билан улар тушунадиган тилда гаплашса – уни ғарб маданияти олдида тиз чўккан деб айблайдилар.

Ислом илк даврида чиққан хаворижлар ҳам рўза тутишар, кечалари кўп намозлар ўқир,  кўп қуръон ўқишар эди, улар  нотўғри фикрлари туфайли адашдилар. Улар ўзларича тўғри қиляпмиз ва яхшилик савоб амал қиляпмиз деб ҳисоблар эдилар, лекин тўғри йўлдан тойиб кетдилар. Пайғамбар (сав) улар тўғрисида “Улар диндан ўқ камондан қандай узоқлашса шундай тез узоқлашадилар” деган эдилар.

Саҳобий Нофиъ розияллоҳу анҳу ал-ҳарурия (хорижий)лар тўғрисида:  Уларни Аллоҳ таъолонинг энг ёмон махлуқлари деб ўйлайман, чунки улар диндорларга динсизларга туширилган оятлар ҳукмларини татбиқ қилдилар” деб айтган.

Бугунги хаворижлар ҳам ким улар билан ҳамфикр бўлмаса, ёки гуруҳларига қўшилмаса, уларнинг “катта”ларига бўйсунмаса кофирга чиқарадилар. Кимдир уларнинг қарашларини қабул қилиб, жамоатига қўшилса, имомларига қасамёд қилгандан кейин хатосини ангалаб у жамоадан чиқса, кофир деб эълон қиладилар ва уни қатл қилишни ҳалол санайдилар.

  1. Ижтимоий хомхаёл ва қонли ҳис-туйғулар.

Ўзлари динни заиф биладилар, бунинг устига ҳаёт ҳақиқатларини, тарихни, Аллоҳ таъолонинг  яратишдаги қонунларини яхши билмайдилар, ўрганмайдилар. Оқибатда бўлмайдиган ишни ҳоҳлайдилар, йўқ нарсани талаб қиладилар, ҳақиқат бўлмаган нарсани орзу қиладилар, воқеаларнинг аслини тушуна олмайдилар. Оят ҳадисларни Аллоҳнинг яратиш қонунларида ва  шариатда асоси бўлмаган хаёллари бўйича тафсир қилади. Жамиятни хаёлий ва нотўғри усуллар  билан ўзгартирмоқчи бўладилар. Бу йўлда улар ўз-ўзини ҳалок қилишдан ҳам тоймайдилар. Бундай ҳаракатлар кўплаб қурбонларга сабаб бўлади, лекин улар бунга эътибор бермайдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом 13 йил Маккада даъват ва тарбия билан шуғулландилар. Маккада бутпарастлик ҳукм сурар, Муқаддас Каъба  атрофидан 360 бут жой олган эди. Пайғамбар алайҳиссалом ўша Каъбада ибодат қилар, атрофида тавоф ҳам қилар эдилар. У зот бутларга ҳужум қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадилар, зеро бу билан ўзларини ва сафдошларини ҳалокатларига йўл очган бўлардилар, бутпарастлик эса йўқолмас эди. Чунки бутпарастлик уларнинг онгларидан жой олган эди. Модомики онглари бутпарастликдан қутулмаса, ҳар қандай бутларни синдириш ёрдам бермас эди. Секин-аста чиройли даъват, сабр матонат билан тушунтириб бордилар, охири бутун араб ярим ороли исломни қабул қилди.

Аллоҳи таъоло бизларни ва зурриётларимизни бундай кўр-кўрона мутаасибликдан, радикаллашувдан асрасин!

Адхамжон Абдураҳмонов,
Поп тумани “Саиджалолхўжа” жоме
масжиди имом ноиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг