ШАФОАТ.

Дунё халқлар қадимдан ўзларидаги диний-маънавий эҳтиёжини қондириш учун турли усулдаги ибодат ва амаллардан фойдаланиб келадилар. Бу усулларнинг энг тўғриси ва адолатлиси Ислом динидир. Ислом динининг асосий шиорларидан бири ер юзи аҳолисининг миллати, ирқи, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар бағрикенглик ва ҳамжиҳатликда яшашга даъват этади. Айнан шу шиор тубан инсонларнинг бузғунчи режаларини амалга оширишларига тўсқинлик қилади. Шунинг учун бундай кимсалар Ислом дини ва дунё мусулмонларининг миллий-диний урф-одатлари, ақидаси ва маънавиятига дахл қилиб эзгуликка ва порлоқ келажак барпо қилишга йўғрилган эътиқодини бузишга уринадилар, бу орқали улар инсонларни эзгу мақсадлардан оғиб ўзларининг бузғунчи ғоялари ортидан эргашишга чақирадилар.
Мусулмонларнинг диний қадриятларидан бири бу шафоат масаласидир. Шафоат содда қилиб айтганда кафилликка олиш, талаб қилиш маъноларини англатади, истилоҳда эса бошқалар учун яхшиликни сўрашни шафоат дейилади. Қуръони каримда жами ўнта оятда бу хусусида сўз юритилади. Масалан: "У кунда Раҳмон унга изн берган ва сўзидан рози бўлганлардан бошқанинг шафоати фойда бермас" (Тоҳа сураси).
"Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳечким шафоат қила олмас" (Бақара сураси).
Шафоат ақидавий масалалар туркумига киради. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра шафоат қиёмат кунида фаришталар, пайғамбарлар ва мўъминларга бериладиган имтиёз ҳисобланади, бу орқали инсонлар бир-бирларини жаҳаннам азобидан қутқариб жаннатга киришларига кафил бўлишда фойдаланадилар. Бу ҳақ эътиқоддир. Сўнгги йилларда Ислом шариатидаги мавжуд тўрт мазҳаб ва унинг ақидасидан адашган баъзи тоифалар вакиллари шу ҳақиқатни ёлғонга чиқаришга уриниб ботил даъволар билан сўзларини исботлашга ҳаракат қилмоқдалар. Афсуски бу даъволари билан улар Аллоҳга, Унинг оятларига ва Расулуллоҳга қарши чиқаётганларини билмайдилар. Орамиздаги содда, ишонувчан мусулмонлар эса сохта далилларга алданиб қолмоқдалар.
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар "Роббим ҳузуридан менга вакил келди, менга қиёматда умматимнинг ярми жаннатга кириши ёки, шафоат орқали уларнинг ҳаммасини жаннатга олиб киришим ўртасида танлов ихтиёрини берди, мен шафоатни танладим". Имом Термизий ривояти.
Шафоат имтиёзи нафақат фаришталар ва пайғамбарларга балки ота-оналар, фарзандлар, ҳатто қадрдон дўстларга берилиши ҳақида ишончли хабарлар бор.
Шафоат йўқ дегувчилар ўзларига қуйидаги оятни далил қиладилар.
" Сен: " Барча шафоат ёлғиз Аллоҳникидир. Осмонлару ернинг мулки-эгалиги ҳам ёлғиз Уникидир. Сўнгра Унга қайтарилурсизлар" деб айт".(Зумар сураси).
Ушбу оят бевосита Расулуллоҳга кўрсатма сифатида келтирилган бўлиб, Расулуллоҳ мушрикларни бут-санамлардан воз кечиб ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирганларида улар "биз бу илоҳларга Аллоҳ билан ўртамизда воситачи бўлиши учун ибодат қиламиз" деб жавоб қилишди. Юқоридаги оятда "барча шафоат Аллоҳникидир" дейилишидан мақсад, Аллоҳ билан банда ўртасида воситачилик қилувчи илоҳ тушунчаси йўқдир, у ботил ақида деган маънони англатади. Оятдаги "шафоат" сўзини тафсир олимлари "воситачи" маъносида таърифлаганлар. Шафоатни инкор этувчиларнинг "уламо" ларидан бири ўз фатвосида ушбу сўзларни таъкидлаган: "Зумар сурасининг ушбу оятига кўра набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, бошқа инсонлар ҳам шафоат қила олмайдилар, Аллоҳдан бошқадан шафоат сўраш катта гуноҳдир".(иқтибос тугади). Шариат ва тафсир илмларини билмайдиган содда халқ эса ҳақиқатини суриштирмай нотўғри таъриф берилган Қуръон оятларига кўр-кўрона эргашиб кетмоқдалар. Азиз халқимиз бундан бохабар ва огоҳ бўлишлари лозим.
Бақара сурасидаги" Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳечким шафоат қила олмас" ояти ҳамда Тоҳа сурасидаги 109-оят мазмунига кўра фаришталар, Расулуллоҳ, Қуръон ва солиҳ мўъминларнинг шафоатидан умид қилиш жоиз эканлиги келиб чиқади. Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан: "Ким мени зиёрат қилса унга шафоатим вожиб бўлади", " Қуръон ўқинглар чунки Қуръон ўз соҳибини қиёмат куни шафоат қилади" мазмунида ҳадислар ворид бўлган. Пайғамбаримиз намоз учун айтилган азон сўнггидан қай тарзда дуо қилишни ўргатиб, шундай қилинса у зотнинг шафоатларига эришиш мумкин эканини таъкидлаганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: "Барча пайғамбарларнинг қабул бўладиган дуолари бор, мен ижобат бўладиган дуоимни қиёматда умматларимнинг шафоатлари учун фойдаланишга яшириб қўйишни хоҳладим". Муттафақун алайҳ. "Шафоатим умматим орасида катта гуноҳларни қилиб қўйганлар учундир". Абу Довуд ва Термизий ривоятлари. Ушбу ҳадисни имом Суютий ўз китобида ўндан зиёд саҳоба ривоят қилганини келтиришига қарамай Носириддин Албоний заиф мақомини бериши шубҳали ҳолат. Қолаверса буюк тобеинлардан бири Ҳасан ал Басрий: "Мўъминлардан дўстларингизни кўпайтиринг чунки қиёмат куни мўъминларга шафоат имтиёзи берилади" деганлар. Қуръони каримдаги мазкур оятлар, Расулуллоҳдан ривояти келтирилган ишончли ҳадислар қиёматда шафоатни мавжуд эканини тасдиқлайди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак диний-маърифий ва маънавий масалаларда юртимиз уламоларидан мерос қолган манбалар ва юртимиздаги таниқли олимларимизга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир. Ҳанафий мазҳаби эътиқод масалаларига кўра шафоат ҳақдир, ундан умидвор бўлиш эса хосиятлидир.
Расулхон Убайдуллаев,
Наманган шаҳар "Яҳёхон тўра" жоме
масжиди имом ноиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022