ШАЙТОННИНГ ИЗИДАН ЭРГАШГАНЛАР

#Терроризм
Ҳозирги кунда инсонларнинг тинч ва осойишта ҳаёти ҳамда хотиржамлигига раҳна солиб турган ҳолат – террорчилик ҳаракатлари ҳамма даврда учраб турган. Террорчиларнинг тутган йўллари ҳар хил кўринишда бўлсада лекин, қилаётган ишлари бир хил, яъни одамларнинг тинч турмуш тарзини бузиш. Бу билан инсонларни ҳаётда қўрқиб яшашга мажбурлаш.
Бугунги кунда дунёда шарт-шароитларнинг шиддат билан ривожланиб бориши терроризм моҳиятини ҳам ўзгартириб юборди. У янги-янги воситалар ва технология ютуқларидан фойдаланиб, кун сайин ўзининг қабиҳ ва даҳшатли кураш усулларини кучайтириб боряпти. Оммавий алоқа воситалари, интернет глобал тармоғи террорчиларнинг қамров доирасини анча кенгайтирди ва уларнинг қонли ҳамда ваҳший режаларини амалга оширишга янги имкониятлар яратмоқда. Тарихга назар соладиган бўлсак, бундай ғаразли ишлар турли хил тоифа ва динга мансуб кишилар томонидан қилинган. Аммо энг ачинарлиси шуки улар терроризмни ислом ниқоби остида амалга оширмоқдалар.
Ваҳоланки ислом дини бутун дунёда тарқалган, тинчлик ва меҳрибонлик, одамларга раҳм-шафқатли ва адолатли бўлишни, муҳаббат ва биродарликни буюрадиган диндир. «Ислом» ва «террор» сўзлари ёнма-ён ишлатилиши мумкин эмас. Ҳеч бир илоҳий дин турли зўравонлик ва зулмни оқламайди ва унга даъват қилмайди.
Ислом олимлари ўзларини мусулмонман деб даъво қилаётган ва бу каби қабиҳ ишларни амалга ошираёган кимсаларни ҳозирги замон хаворижлари деб эълон қилишган. Уларнинг аввалгилари Усмон розияллоҳу анҳу ва Али розияллоҳу анҳуларни ўлдириб мусулмонларга қарши чиқишган бўлсалар, охиргилари Дажжол (унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин) билан бирга чиқиб, унга хизмат қилишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек, улар мусулмонларни ўлдирадилар, Қуръон ўқийдилар лекин, ўқиган Қуръонлари ҳалқумларидан ўтмайди. Улар дўзах аҳлининг итларидир. Бу йўлга кирган кўпгина ёшлар олийгоҳни тугатиши биланоқ илмда бошқалар етмаган чўққиларга етдик, ижтиҳод даражасига эришдик, салаф солиҳ мужтаҳидлардан қолишмаймиз, ижтиҳод қилишимиз керак деб, ҳамма нарсага ўзлари ҳукм чиқариб фатво беришмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, мусулмонлар яшайдиган юртни бошқариб турган ҳукумат ва унинг фуқароларини ҳам кофирга чиқардилар.
Ислом ўлкаларини “куфр юрти” деб эътиқод қилиб у ерларда террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга ва тинч аҳолини ўлдиришга фатво бермоқдалар. Ўлдирилаётганлар ичида ҳар хил диндаги кишилар ҳатто ёш болалар, аёллар ва кексалар ҳам бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дини, ирқи ва миллатидан қатъий назар ноҳақ одам ўлдиришдан қайтарганларини ҳатто уруш чоғида ҳам ёш болалар, аёллар ва кексаларни кофир бўлсаларда ўлдирмасликка буюрганларини эътиборга олмайдилар. Ана шундай қабиҳ ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларининг динга қаттиқ эътиқод қўйганлари ҳақида қанчалик лоф урмасинлар, аслида бу ишларни одамлар қалбидан дин-иймонни йўқотиш учунгина қиладилар. Агар инсон совуққонлик билан бегуноҳ кишиларни ўлдира олибдими, демак, у иймонли эмас, у худосиз.
Бу кимсалар Аллоҳ таолонинг жазо-азобларидан қўрқмайди. Уларнинг ягона мақсади қон тўкиш ва одамларга кулфат-алам келтириш. Аллоҳ таоло иймон эгаларига севги, раҳм-шафқат ва тинчлик-осойишталикни буюради. Террор эса иймоннинг ғирт аксидир. У ўз олдига бераҳмлик, шафқатсизлик, зулм, қотиллик ва азоб-кулфатларни мақсад қилиб қўяди. Шунинг учун барча террорчилик ҳаракатларининг манбаини художўйлик ва иймон ташкил қилмайди. Бунинг устига биз «террор» деб атаётган ҳаракатлар (яъни, ҳеч қандай гуноҳсиз кишиларга қарши қилинаётган жиноятлар) исломда улкан гуноҳ ҳисобланади ва ҳар бир мусулмон ана шундай ҳаракатларга йўл қўймаслик, ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун Аллоҳ таоло олдида масъулдир.
Толибжон Шарипов,
Чортоқ тумани “Зайд ибн Ҳориса” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022