СОХТА САЛАФИЙЛАРНИ ФИТНАЛАРИДАН ДОИМО ОГОҲ БЎЛАЙЛИК!

Сохта салафийларни инсонлар орасига солаётган энг катта фитналари қуръон тиловатини ўтганлар рухига бағишлаш жоиз эмас деб билишади. Мусулмонларни катта гунохлари сабабли диндан чиқаришади.
Сохта салафийлар ким, уларнинг аломатлари нималар эканини билдириш мақсадида ушбу фирқага эргашувчиларнинг асосий белгилари қуйида санаб ўтамиз.
- Қуръони карим оятларини фақат зоҳиран, сўзма-сўз талқин қилиш, оятларнинг мажозий маъноси борлигини рад этиш.
- Аллоҳ таолони маълум маконда жойлашган деб сифатлаш.
- Аҳли сунна ва жамоанинг икки ақидавий йўналиши – мотуридийлик ва ашъарийликка эргашганларни залолатда деб даъво қилиш.
- Анъанавий тўрт фиқҳий мазҳабни инкор қилиш.
- «Жиҳод» тушунчаси мазмунини бузиб талқин этиб, унга жангарилик тусини бериш, бошқа дин вакиллари, ҳатто мусулмонларга қарши зўравонлик, босқинчилик хатти-ҳаракатларини оқлаш.
- Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунлари (мавлиди шариф)ни нишонлашни инкор этиш.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни васила қилиб, Аллоҳдан тилагини сўрашни ҳаром, ширк деб ҳисоблаш.
- Ёнида ёки ҳовлисида мақбараси бўлган масжидларда намоз ўқишни ҳаром деб, бундай масжидларни бузишга чақириш.
- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва алам ва солиҳ зотларнинг осори атиқаларини табаррук билишни ширк деб эътиқод қилиш.
- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, пайғамбарлар ва солиҳ зотларнинг қабрини зиёрат қилишни ҳаром дейиш.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналарини дўзахда деб ҳукм қилиш.
- Ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирликда айблаш.
- Ҳар қандай янгиликни «бидъат» деб, мусулмонларнинг аксарини «бидъат аҳли» деб сифатлаш.
- Фатво бериш учун илм ва лаёқатга эга бўлмаса ҳам, фатво беравериш.
- Тасаввуфни умуман тан олмаслик.
- Марҳумлар руҳига Қуръон тиловат қилишни, хайр-эҳсон қилишни жоиз эмас дейиш.
- Давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, ҳарбийларни ҳам “динсизлар” тоифасидан ҳисоблаш.
- Давлат раҳбарларини, ҳокимият идоралари вакилларини обрўсизлантириш ҳамда расмий диний уламоларнинг мавқеларини заифлаштиришга интилиш, уларнинг ҳаётига тажовуз қилишгача бориш.
Ҳозирги кунда сохта салафийлар бир неча гуруҳларга бўлиниб кетган. Уларни умумлаштириб, икки гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчиси, давлат бошқарувида шариатнинг устуворлигига эришиш учун жангу-жадаллар билан ҳаракат қиладиган радикал салафийлардир. Бу тоифадаги сохта салафийлар «жиҳод» ғоясининг мазмунини бузиб талқин қилиб, унга жангарилик тусини бермоқдалар. Иккинчиси, ўзларини гўёки давлатдаги мавжуд қонун-қоидаларга бўйсунадиган ва уларга қарши чиқмайдиган қилиб кўрсатадиган, жангарилик фаолияти билан шуғулланмайдиган «мўътадил» салафийлар ҳисобланади. Улар ўзларининг мутаассиб фикрларидан қайтмаган ҳолда, бошқа қарашларга нисбатан ҳурмат билан қарайдиганлар гуруҳига мансуб бўлиб, муайян мазҳабга мансуб бўлишни ёқламайдилар.
«Салафийя деганда тўртинчи ҳижрий асрда пайдо бўлган тоифа тушунилади. Улар ҳанбалий мазҳабида бўлиб, «Бизнинг қараш ва фикрларимиз Аҳмад ибн Ҳанбалнинг фикрига бориб тақалади», дея даъво қилишарди. Сўнг орадан вақт ўтиб, аниқроғи еттинчи ҳижрий асрда бу даъвони Ибн Таймия яна қайта жонлантирди ва кўп масалаларда янгликлар киритди. Сўнг 12 ҳижрий асрда Араб ярим оролида бу қарашлар яна қайта жонлантирилди. Бу ишни Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб амалга оширди».
Агар салафийлик даъвосини яхшилаб ўрганадиган бўлсак, бу даъво пуч эканини билиш мумкин. Чунки, салафийлик даъвосини қилаётган кимса, «Бизнинг йўлимиз салафлар, яъни саҳоба ва тобеинлар йўли», дейди. Мантиқан олиб қаралса, бу асоссиз даъводир. Чунки, Аллоҳнинг каломи, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, саҳобаларнинг сўзини Ибн Таймия ёки Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ёки Албонийдан кўра, имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеий ва имом Аҳмад раҳмутуллоҳи алайҳимлар яхши тушунишган. Ким мана шу тўрт мазҳабнинг бирига эргашса, ҳақиқий салафларнинг йўлини тутган бўлади. Салафийларнинг йўлига эргашиш эса, аслида саҳоба ва тобеинларнинг эмас, аксинча Албоний ва унга ўхшаган кимсаларнинг фикр ва қарашларига эргашишдир.
Мухаммадшокир Бобохўжаев,
Норин туман "Умархўжа эшон" жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022