Қоронғи режим
Image
Logo

Сохта салафийларнинг “рафъ ул-ядайн” масаласидаги иддаоларига раддиялар

Сохта салафийларнинг “рафъ ул-ядайн” масаласидаги иддаоларига раддиялар

Фиқҳий истилоҳда “рафъ ул-ядайн” деб намозда қўлларни елка баробарича кўтаришга айтилади. Ўрта осиё халқлари орасида ҳанафий мазҳаби кенг ёйилгани учун, халқимиз намозда бир марта – намозни бошлашдаги “такбири ифтитоҳ”  чоғидагина “рафъ ул-ядайн” қилади. Зотан ҳанафий мазҳабининг таълимоти ҳам шу. Аслида шуларнинг ўзлари “рафъ ул-ядайн”  борасида ҳанафий уламолар ҳужжат қилган далилларни билишмайди. Агар билганларида ҳанафий мазҳаби уламоларига нисбатан “Ҳанафийлар “рафъ ул-ядайн” борасида суннатга зид фатво берган” деймаган бўлардилар. 

Ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари: “Намозхон икки қўлини фақат намозни бошлашда такбири таҳрима айтиш жараёнидагина кўтаради холос, бошқа ўринларда икки қўл кўтарилмайди”, деб айтганлар.

Ва яна саҳобалардан Али ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо икковлари намозда фақат такбири таҳрима айтишдагина икки қўлларини кўтарган. Бошқа ўринларда қўлларини кўтармаганлар.

Шунингдек, салафи солиҳ фуқаҳолардан Абдураҳмон ибн Абу Лайло, Суфён Саврий ва Ҳасан ибн Ҳайй раҳимаҳумуллоҳ ҳам худди ҳанафийлардек фатво берганлар.

Абу Бакр ибн Айёш раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Мен ўз даврим фақиҳлари орасида такбири таҳримадан бошқа ўринда қўлларини кўтарадиган фақиҳни билмайман. Мен билган фақиҳларнинг ҳаммаси фақат такбири таҳрима чоғида қўлини кўтарар эди[1]”.

Суфён Осим ибн Кулайбдан, у Абдураҳмон ибн Асваддан, у Алқамадан, у Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намози ҳақида шундай деган:

انه كان يرفع يديه في اول تكبيرة ثم لا يعود

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини намоз бошлашдаги такбир чоғида кўтарар эдилар. Кейин қайта кўтармасдилар[2]”.

Ҳаммод Иброҳимдан, у Алқамадан, у Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган:

صليت خلف النبى صلى الله عليه و سلم و ابى بكر و عمر رضى الله عنهما فكانوا لا يرفعون ايديهم إلأ عند إفتتاح الصلوة

“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, Абу Бакр ва умар розияллоҳу анҳуманинг ортларида намоз ўқиганман. Улар икки қўлини фақат намозни бошлашдагина кўтарар эдилар[3]”.

 

 

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

 

[1] Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг “Мухтасару ихтилафил-улама” 1 – Ж. 199 – Б. 

 

[2] Имом Таҳовий, Маъоний ал-асор, 1/224.  Абу Довуд, Сунан, 1/192. Термизий, Сунан, 2/40. Насаий, Мужтабо. 2/182, 195

[3] Дорақутний, Сунан 1/295. Байҳақий, Кубро, 2/79 ва 80

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг