СОХТА САЛАФИЙЛАРНИ БОТИЛ ДАЪВОСИ

Сохта салафийларнинг яна бир хатарли сўзларидан бири Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаганларни оммавий равишда кофирга чиқаришдир.
Улар ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида Қуръони Каримнинг Моида сураси 44-оятидан усталик билан фойдаланган. Ушбу оятда Аллоҳ таоло шундай деган:
وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُولَئِكَ هُمُ الْكَافِرُونَ
яъни: “Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир”
Аслида, Ислом умматининг энг донишманд, энг мўътабар уламолари мазкур оятни турлича тафсир қилишган. Уларнинг бирортасидан бу оятнинг мазмунидан келиб чиқиб, мусулмонларни бир сўз билан куфрда айблашмаган.
Ушбу ояти каримадан Ислом миллатидан чиқарадиган куфр назарда тутилмаган. Балки, гуноҳкорлик назарда тутилган.
Қуръон таржимони дея танилган машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ушбу оят тафсирида қуйидаги изоҳлари нақл қилинган:
ليس بالكفرِ الذي تذهبون إليه، وإنما ليس كفرا ينقل عن الملة هو كفرٌ دون كفر
"Бу сизлар ҳисоблайдиган куфр эмас, шак йўқки, у мусулмон миллатидан чиқарадиган куфр эмас, у куфр бўлмаган куфрдир!"
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг шогирди, тобеъинларнинг катталаридан бўлмиш Товус раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг маъно-мазмунини:
وليس كمن كفر بالله وملائكته وكتبه ورسله
“У Аллоҳга, фаришталарга, китобларига ва пайғамбарларига куфр келтиргандек кофир эмас!”, дея изоҳлаган (Тафсири Ибн Абу Ҳотим // Учинчи нашр. 22-жуз, 6469-бет).
Қолаверса, Ояти каримани Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ва у зотнинг шогирди Товус р.а.ларнинг ушбу тарзда тафсир қилишлари Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш услубига асосланган бўлиб, бошқа ояти карималарда Аллоҳ таоло ушбу ҳолатни кофирлик эмас, балки золимлик ва фосиқлик деб баён қилади:
وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أنزَلَ اللّهُ فَأُوْلَـئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ
“Кимки Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, бас, ана ўшалар золимдирлар!”
وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أَنزَلَ اللّهُ فَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ
“Кимки Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, бас, ана ўшалар фосиқдирлар!”
Шунинг учун ҳам, саҳоба ва тобеъинлар даврининг машҳур муфтийси Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ уларни
كفر دون كفر و ظلم دون ظلم و فسوق دون فسوق
“Куфрдан қуйи даражадаги куфрдир, зулмдан қуйи даражадаги зулмдир, фосиқликдан ўзга фосиқликдир”, – деб баҳолаганлар
Яъни, ушбу “Моида сураси”нинг 44-47 оятларида айтилаётган куфр ҳақиқий эмас, ҳақиқий золимлик ҳам эмас, ҳақиқий фосиқлик ҳам эмас!
Демак, буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг: "Мусулмон миллатидан чиқарадиган куфр эмас. Куфрдан паст даражадаги куфрдир", деганлари Қуръонда ёки ҳадиси шарифларда куфрга нисбат қилинган ҳар бир нарсага нисбатан бўлиши мумкин. Буни ўтмишдаги ва ҳозирдаги аҳли суннат ва жамоат уламолари ҳам, оддий вакиллари ҳам жуда яхши англашган. Буни биз ҳам яхши англамоғимиз лозим.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг мазкур “Моида сураси”нинг 44-оятига берган “куфрун дуна куфрин” (“куфрдан қуйи даражадаги куфр”) деган қоидасига Ислом уламоларидан Икрима, Мужоҳид, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, аз-Зажжож, ат-Табарий, Ибн Касир, ал-Қуртубий, ал-Ожурий, Ибн Абдулбарр, ас-Самъоний, Абу Бакр ал-Жассос, Абу Яъло, Абу Ҳайён, Ибн Батта, Ибн ал-Жавзий ва бошқа минг-минглаб уламолар қўшилган бўлиб, ана шу фикрда бўлганлар.
“Кимки, Қуръонни рад этган ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини инкор этган ҳолда “Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса” ана ўша кофирдир”.
Имом Фахриддин Ар-Розий ўзиниг “Ат-тафсир ул-кабир”да: “Икрима “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир” сўзи Аллоҳнинг қонуни билан унинг ҳақлигини қалби ва тили билан рад этган ҳолда ҳукм қилмайдиганларга ишорадир. Кимки Аллоҳнинг ҳукмини қалби ва тили билан ҳақ деб билса, лекин у билан ҳукм қилмаса, кофир ҳисобланмайди.” деганлар.
Имом Ал-Ғаззолий ўзининг “Ал-Мусташфа” китобида шундай деган:
"قوله تعالى بعد ذكر التوراة وأحكامها {ومن لم يحكم بما أنزل الله فأولئك هم الكافرون} المائدة قلنا المراد به ومن لم يحكم بما أنزل الله مكذبا به وجاحدا له "
“Аллоҳ таолонинг таврот ва унинг аҳкомларини зикр қилиб ўтгандан сўнг “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир” ояти Аллоҳ таолонинг ҳукмларини рад этган ва ёлғонга чиқарган ҳолатда ҳукм қиладиганлар хусусидадир”
يجوز أن يحمل على الجحود في الثلاث فيكون كافرا ظالما فاسقا لأن الفاسق المطلق والظالم المطلق هو الكافر
Буюк бубокалонимиз Имом Абул Баракот Насафий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: “Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир», «Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар фосиқлардир», «Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар золимлардир» оятларининг ҳар учтасини ҳам (Қуръонни) инкор қилишга йўйиш мумкин. Ана шундай киши – кофир, золим ва фосиқ ҳисобланади. Чунки, “золим” ва “фосиқ” умумий қўлланганда кофир назарда тутилиши мумкин”
Имом Абу Муҳаммад ибн Атия Ал-Андалусий ўзининг “Ал-Муҳаррар ал-важиз” китобида шундай деган:
“Аллоҳ таолонинг “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир.” ояти Аллоҳ таолонинг туширган ҳукмлари билан ҳукм қилмайдиган ҳар бир кишини ўз ичига олмайди. Балки, Қуръонни инкор этган ҳолда Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилмайдиганлар хусусидадир. Иймонли киши Аллоҳнинг ҳукмларини инкор этмас ва ёлғонга чиқармас экан агар Аллоҳ таолонинг ҳукми билан ҳукм қилмаса кофир бўлиб қолмайди”.
Баҳодир Шарипов,
Чуст тумани бош имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022