СОХТА САЛАФИЙЛАРНИНГ ДАЪВОЛАРИ

“Салафийлик” ибораси араб тилидаги “سلف” сўзидан олинган бўлиб, “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъноларини англатади. Қуръони каримнинг Зухруф сурасида “салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “ўтмиш (кишилари)” маъноларида ишлатилган.
Диний истилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони беради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир” (Имом Бухорий ривояти).
Шунга кўра, Ислом уламолари илк мусулмонларни “салаф солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдирлар. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий”лар тушунчаларини ишлатиш умуман мантиқсизлик.
Бироқ, сўнгги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган ва мусулмон жамиятларини илк Ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи диний мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим. Улар бу ишни, Аллоҳ таолонинг:
وَأَنَّ هَـٰذَا صِرَاطِى مُسْتَقِيماً فَٱتَّبِعُوهُ وَلاَ تَتَّبِعُواْ ٱلسُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَن سَبِيلِهِ ذٰلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
Яъни: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз”. Анъом сураси 153-оятига мухолиф ҳолда қилмоқда.
Сохта салафийлар ва аҳли сунна олимлари ўртасидаги ихтилофлар:
– қуръон ва сунна матнларининг зоҳиридан ҳукм чиқарадилар;
– “такфир” (куфрда айблаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) каби диний атамалардан фойдаланиш орқали мусулмонларни ватангадо қиладилар;
– фиқҳий мазҳабларни бидъат деб билишиб, мазҳабсизликни тарғиб қиладилар;
– тасаввуф ва урфни шариатга хилоф деб ҳисоблайдилар;
– ғайридинларга ўта тоқатсиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқламайдилар;
Сохта салафийларнинг ҳанафий мазҳабига зид асосий даъволари қуйидаги ғояларда ўз аксини топади:
– “ийсолус савобга” тоқатсиз муносабатда бўладилар. Масалан, маййитга қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобни йўққа чиқарадилар;
– “васила” қилиш ширк;
– қабрларни зиёрат қилиш ва уларга қуръон тиловати қилиш бидъат;
– ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб ҳисоблаб, уни рад этадилар.
– ўзларини “юқори табақа мусулмонлари” деб ҳисоблаб, мазҳабларга мансуб мусулмонларни паст табақа, заиф, ноқис мусулмонлар, деб биладилар. Улар ўзларини салафларга эргашувчилар, деб ҳисоблаб, мазҳабдаги мусулмонларни эса айрим олимларгагина эргашадилар, деб даъво қиладилар.
Абдуллоҳ Саматов,
Наманган шаҳри вакили,
"Боқи полвон" жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022