У ЁШЛИКНИ ХАЗОН ҚИЛАДИ, ЎЗ ОРТИДАН ЭРГАШГАНЛАРНИ....

Ҳозирги кунда жаҳон интернет тармоғи ҳаётимизнинг деярли ҳамма соҳасига кириб келиб улгурди.Ёшларимиз ҳам бундан четда эмас албатта. Бундай тезкор замондаёшларимизни интернетдан тўғри фойдаланишларига эътибор беришимиз ҳам долзарб масалалардан биридир. Уларни бузғунчи ғоялар, шахвоний ҳирслар уйғотадиган фильмлардан асрашни замоннинг ўзи тақозо қилмокда. Фарзандга чиройли одоб-ахлоқ таълим бериш, ёшликдан илму ҳунар ўргатиш эса келажакка қўйилган тамал тоши ҳисобланади. Қолаверса келажак ёшларимизники, улар жамиятга фойдаси тегадиган, етук инсон бўлиб етишишларида қўлимиздан келганча ҳаракат қилишимиз лозим.. Бунинг учун эса аввало ота-оналар, маҳалла-кўй, ҳаммамиз масъул эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак.
Жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифларида ҳам «…Ёшликни ғанимат билинг, қарилик келишидан олдин дея таъкидлаганлар. Шундай экан, умрни, ёшликни беҳуда ўтказмаслик кераклигини ёшларимизнинг онгига сингдириб боришимиз ва ҳар хил беҳуда ва гуноҳ ишларга ундовчи ёт ғоялардан узоқ бўлишларини доим эслатиб туришимиз лозим. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини бахтли бўлишини истайди. Агар зурриётлар ноқобил бўлиб вояга етса, бундан жамият ҳам, ота-она ҳам зарар кўриши аниқ. Шундай экан, келажакни фарзандингиз туғилган кунидан бошлашингиз лозим.
Ҳозир дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан ўз вактида хабардор бўлишимиз керак. Шундагина лоқайд ва бефарқ бўлмаймиз. Ҳушёрлигимиз янада яхшиланади. Ёшларимизни юрт байроғини баланд кўтарадиган, фидоий инсонлар қилиб тарбияласак, юртимиз келажаги янада буюк бўлиши муқаррар.
Ёшларимиз дўст билан душманни, яхшилик ва иллатни ажрата оладиган бўлишлари лозим. Турли фитна,ёвузликка қарши кураш эса доимий шиоримиз бўлсин. Чунки, ҳар бир ёмон иллат ортида разил мақсад бўлиши мумкин. Бу хакда Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам. «Ота болага гўзал одобдан яхширок; нарса бера олмайди»,- деганлар. Одоб, ахлоқ,, ҳаё ва ибо халқимизга хос ажойиб фазилатлардандир. Бугун дунёнинг айрим минтақаларида илдиз отган «оммавий маданият»га қарши ана шундай ғояларимиз ва ўз сўзимиз билан курашмоғимиз даркор.
Бундай «маданият» таъсирига берилганлар орасида фақат ёшлар эмас, балки айрим ёши катта кишиларнинг борлиги хам ачинарли ҳолат. Зеро, биз кимнинг авлодлари эканлигимизни унутмайлик!
Юртимиздан чиққан буюк алломаларимиз ҳаётлари, одоб-ахлоқлари ва илмий меросларини ҳозирги кунда бутун дунё халклари ўзларига дастур қилиб олишмокда. Биз ҳам буюк аждодларимиз ишини давом эттирган ҳолда спорт, санъат, маданият билан курраи-заминни ўзимизга қаратиб, гуллаб-яшнаётган юртимизга ғаразли, ёвуз ниятли ғаламисларга қарши ҳамжиҳат, бирдам бўлиб маърифат ва маънавиятимиз билан жавоб беришимиз керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «оммавий маданият» инсонни нафақат маънавий, балки жисмоний жиҳатдан ҳам ақли ва тафаккурини заҳарлайди. У ёшликни хазон қилади, ўз ортидан эргашганларни онгсиз – манқуртга айлантириб боради. Тўғри, бу хавф-хатарларни унинг «тўр»ига тушиб қолганлар бирданига тушиниб етмаслиги мумкин, лекин уларни ўз вақтида огоҳлантириш, керак бўлса тўғри йўлни кўрсатиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз эканлигини унутмайлик.
Юнусхон Жаббаров,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022