Қоронғи режим
Image
Logo

ЁШЛАРНИ ЁТ ҒОЯЛАР ТАЪСИРИДАН АСРАЙЛИК.

ЁШЛАРНИ ЁТ ҒОЯЛАР ТАЪСИРИДАН АСРАЙЛИК.

  Ҳозирги давр, яъни XXI аср - тезкор ахборот асридир. Айни пайтда дунё аҳолисининг деярли 60-70 фоизи интернетдан, шу жумладан, ижтимоий тармоқлардан  фойдаланади.

  Аслида, интернет, айниқса, ижтимоий тармоқларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, илм олиш имкониятларини осонлаштириш, одамларнинг узоғини яқин қилиш, ўзаро муносабатларда қулайлик яратиш эди. Бироқ бугунги кунга келиб, уларнинг вазифалари тобора кенгайиб, мақсадлари ҳам турланиб бормоқда.

  Ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда.

  Жумладан, айни даврда айрим бузғунчи оқимларнинг интернетдан ўз ғаразли мақсадлари йўлида кенг фойдаланаётгани, ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда беҳаёлик, ўз жонига қасд қилиш каби аянчли иллатлар тарғиб этилаётгани, баъзи ижтимоий тармоқларда турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётганини кузатишимиз мумкин.

  Шунинг учун ҳам интернет “ўргимчак тўри” деб номланади. 

  Ушбу “ўргимчак тўри” домига халқимиз, хусусан, ёшларни тушиб қолишдан асраш, уларни ижтимоий тармоқларнинг хатарларидан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг энг долзарб вазифасига айланиб бормоқда. Ижтимоий тармоқларнинг кўплаб хатарлари бор. Қуйида улардан айримларига тўхталиб ўтамиз. 

  Ижтимоий тармоқларнинг хатарларидан бири турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, бўҳтонлар ҳамда уйдирмаларни урчитиш ҳолатларидир. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

  “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (“Ҳужурот” сураси 6-оят).

  Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадис ҳам яққол далил ҳисобланади. Бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

  “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, – деганлар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

  Энг ачинарлиси – кўпинча тарқатилган ёлғон маълумотлар оқибатида инсоннинг обрў ва шаъни топталмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган катта гуноҳларга йўл очилмоқда.

  Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ҳамда обрўсини тўкиш – ҳудди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир.

  Интернетнинг яна бир хатари бу - турли оқимлар ўзларининг манфур қарашларини ёшлар онгига сингдириш учун ижтимоий тармоқлардан кенг кўламда фойдаланишаётганидир. Бу ҳам ёшлар, умуман, диндан, диний маърифатдан яхши хабардор бўлмаган кишиларни соф ақидадан оғиб кетишига, фиқҳий мазҳаблар борасида нотўғри фикр ва тушунчалар шаклланишига сабаб бўлмоқда.

  Аввало шуни айтиш керакки, ислом уламолари ёш авлодга илмларни тартиб билан ўргатишга алоҳида эътибор берганлар. Илмни ўрганиш – динни ўрганишдир! Илмсиз одам ҳеч қачон диннинг мақсадини англолмайди.

  Қолаверса, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди.

Шариатимизга кўра эса уни ким етказаётгани муҳимдир. Шунинг учун машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи:

  “Бу илм – диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар", – деганлар (Имом Муслим ривояти).

  Имом Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лозим”, – деганлар.

  Интернетдаги яна бир хатар бу унда фаҳш ва беҳаёликнинг тарқалишидир.

Ёвуз ниятли кимсалар ғаразли мақсадлари йўлида ҳамда халқнинг ўзлигини емириш учун турли усуллардан фойдаланишади. Улардан бири – жамиятда ахлоқий бузуқликни ёйишдир. Бу йўлда ғаламислар ижтимоий тармоқ орқали ахлоқсизликни, фаҳшни кенг тарқатишга бор имкониятларини сарфламоқдалар. Беҳаёликка йўғрилган тасвирлар, видео-роликлар тарқатиш орқали ер юзида фасод тарқашига “хизмат” қилмоқдалар.

  Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

   “(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (“Нур” сураси 30-оят).

  Ижтимоий тармоқлар орқали динимизга бўлаётган зарарлардан яна бири –  ҳар бир юртнинг пешқадам олимларини таҳқирлаш, туҳмат-бўҳтон сўзлари билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблашдир.   Уларнинг бундан ўйлаган мақсадлари – мусулмон оммасини илмий раҳбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқаришдир.

  Жундаб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бировни шармисор қилса, Аллоҳ ҳам уни Қиёмат куни шарманда қилади, кимки ўзгаларни қийнаса, Аллоҳ ҳам уни Қиёмат куни қийнайди”, – деб айтдилар (Имом Бухорий ривояти).

  Қалбидан дин ташвиши, уммат ғами ўчиб, иши – фақатгина уламоларнинг айбларини қидириш, уларни ғийбат қилиш бўлган кимсаларнинг ушбу найрангларига нисбатан ҳушёр бўлмасак, оқибати жуда ҳам хатарли бўлиши мумкин. Бундай улкан йўқотишга дунё тан олган уламолардан бири, марҳум аллома Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг шаҳид бўлишлари мисолида гувоҳ бўлинди.

  Албатта, ушбу сўзлар билан ижтимоий тармоқни буткул ёмонга чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Интернет ҳам телевидение, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатса – яхши, ёмонликка ишлатса – ёмон натижа беради. Бу ерда энг муҳими – инсон омилидир.

  Ҳаммамиз ҳам янгиликлардан хабардор бўлиш, дунёқарашимизни ўстириш мақсадида интернет тармоқларига мурожаат қиламиз. Муҳими – улардан оқилона фойдалансак, хусусан, ёшларни ақлан ва руҳан тўғри тарбия топишида, турли ёт қарашлар таъсирига тушиб қолмасликларига ҳушёр бўлсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Зеро, ижтимоий тармоқлар хатаридан огоҳ бўлиш – давр талабидир!                                                                                                                      

 

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри "Абдулқодир қори" жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг