Қоронғи режим
Image
Logo
АЛЛОҲ  ҒАЙРАТЛИ БАНДАЛАРИНИ ЯХШИ КЎРАДИ

АЛЛОҲ ҒАЙРАТЛИ БАНДАЛАРИНИ ЯХШИ КЎРАДИ

Қаерда бепарволик, дангасалик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзбилармончиликка  ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Айниқса, давлат ва жамият ҳаётида жиддий ўзгаришлар содир бўлаётган, Ватан равнақи ва дин йўлида кишидан юксак фаоллик,  масъулият талаб қилинган  шароитдаги бефарқлик нафақат иллат, балки гуноҳдир. Бекорчилик иллати қайси халқда илдиз отса, уни заифлаштиради,  тараққиёт карвонидан ортда  қолдиради. Бу касаллик қайси шахсга етса, уни хор қилади, обрўсини тўкади.

Дангасаликнинг сабаблари деб эса қуйидагиларни айтиш  мумкин:

Қалбнинг қаттиқлашиши, руҳий тарбияга муҳтожлик. Дангасаликка руҳий ҳолатнинг носоғломлиги энг асосий сабаблардандир. Аввало, эътиқоднинг йўқлиги  ёки заифлиги, тақвонинг камлиги, қолаверса, бекорчи нарсалар билан овора бўлиш, ўйин-кулгуга  меъёридан ортиқ ружу қўйиш одамни дангаса қилиб қўяди. Кўп гапириш ҳам киши қувватини кетказиб, ўзини беҳол қилади.  Ялқовлик касалида эзмаликнинг ҳам «ҳиссаси» кам эмас.  Кўп овқат ейиш. Ҳозирда кўп одамлар айнан таомга ружу  қўяётганлари сабаб ҳам  қалблари қорайиб, вазнлари ортиб, маънавий оламлари тубанлашмоқда.  Маънавиятнинг пасайиши дангасалик ва қалб билан  боғлиқ бошқа иллатларга сабаб бўлади. Овқатни  меъёрида еган тақдирда ҳам таомдан сўнг тезда  уйқуга кетишдан эҳтиёт бўлиш керак.

Зеро, бу қалбни қорайтиради, соғлиққа катта зарар келтиради. Оиша розияллоҳу  анҳодан қилинган ривоятда Набий саллаллоҳу  алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Таомларингизни Аллоҳни зикр қилиш  ва намоз ўқиш билан эритинглар (яъни, ҳазм қилинглар). Зинҳор (таомдан сўнг) ухламанглар!  Акс ҳолда қалбларингиз қотиб қолади».  Кўп ухлаш. Овқатни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш уйқучиликка олиб боради. Одам кўп  ухлагани сари унинг руҳий  ва ақлий фаолияти, ишчанлик салоҳияти пасайиб боради. Оиша розияллоҳу анҳо Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Уч нарса қалбнинг қотишига сабаб бўлади: таомга ҳирс қўйиш, уйқу ва роҳат-фароғатни яхши кўриш» (Ибн Мардавайҳ ва Дайламий ривояти).

Ишлаш вақти ва уйқу соатининг бузилиши. Инсон ишлаш ва дам олиш вақтини белгилаб, қатъий тартиб билан ҳаётини изга солмаса, ҳамма ишлари бир-бирига аралашиб кетади. Иш вақтида кўп дам олиш, дам олиш вақтида ҳаддан ташқари  кўп телевизор кўриш,  овқат еяётганда китоб ўқиш билан одам бирон натижага эриша олмайди. Ҳозир кўпчилик  вақтнинг тез ўтишидан нолиб, овқат еяётганда,  ҳатто транспортда кетаётганда ҳам китоб ўқишга,  шу билан вақтни тежашга ҳаракат қилишади. 

Бу нотўғри. Сабаби бу билан кўз ишдан чиқса, ўқилаётган маълумот  диққат тарқоқлиги сабаб яхши ўзлаштирилмайди. 

Зеро, илм олиш фақат ўқишдангина иборат эмас.  Уни фикрлаш, мушоҳада қилиш ва ўқиган маълумотларни мияда қайта ишлаш керак. Кечаси ярим тунгача телевизор кўриб, қуёш чиққач уйқудан турадиган одам ғайратли, шижоатли бўлишини тасаввур қилиш қийин. Динимизда бежизга хуфтон намозидан сўнг уйқуга кетишга тарғиб қилинмаган. 

Шундай қилинса, эрталаб  барвақт турилади, ибодат  ҳам, бошқа ишлар ҳам ўз  вақтида бажарилади.  Аллоҳга тақво қилиш,  қалбни поклаш. Дангасаликдан фориғ бўлиш учун  биринчи галда эътиқодни мустаҳкамлаш, имонда собитқадам бўлиш,  қалбни турли иллат ва нопок нарсалардан сақлаш керак.   Ғайрат ва шижоат фазилати ҳақида ҳадис ва ривоятларни ўқиш. Мўмин одам мулойим ва камтарин бўлиши керак. Аммо  бу нарса унинг бўшашган,  қўрқоқ ва оғзидаги ошни  олдириб қўядиган бўлиши  кераклигини англатмайди. 

Биз сабр билан қўрқоқлик, шижоат билан мулойимлик орасидаги фарқни ажрата билишимиз лозим. Ҳадиси шарифларнинг бирида Расулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи ва саллам кучли мўмин афзал эканини баён қилганлар.  Абу Ҳурайра розияллоҳу  анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва  салламдан ривоят қилади:  «Кучли мўмин Аллоҳ учун кучсиз мўминдан яхшироқ  ва севимлироқдир. Уларнинг иккисида ҳам яхшилик  бор.

Вақтнинг қадрига етиш,  ишларни тартиб билан  бажариш ва умр ғанимат  эканини билиш ҳам дангасаликдан тўсувчи нарсадир. Зеро, умр ўтиб  бораётган, ҳаёт кун ва  соатлардан иборатлигини тушуниб етган банда бирон иш билан машғул бўлади, дангасалик ва боқимандаликка асло йўл қўймайди.

Ишлаш ва таълим вақтида оз-оздан жисмоний машқлар билан шуғулланиш. Илм олишда вақтида дам олиш ва ҳар 30-40 дақиқа орасида 5-10 дақиқа жисмоний  машғулотларни бажариш  фойдалидир. Сабаби бу билан мия дам олади,  ақлий зўриқиш олди олинади, илмга бўлган рағбат ошади. Умуман жисмоний  тарбия билан шуғулланиш  одамни ғайратли, шижоатли ва довюрак ҳамда соғлом-бақувват бўлишини таъминлайди.

Абдулвоҳид  ҚОБИЛХОН ўғли,
Наманган шаҳар «Мирёқуббой Мирҳакимбой»  жоме
масжиди  имом-хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг