Қоронғи режим
Image
Logo
СОҒЛОМ ЭЪТИҚОД – ИККИ ДУНЁ САОДАТИ

СОҒЛОМ ЭЪТИҚОД – ИККИ ДУНЁ САОДАТИ

Оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет ривожланган сари, Ислом динининг асл моҳиятини бузиб талқин қилувчилар ҳам тез-тез учрайдиган бўлиб қолди. Бундай кимсаларнинг шароит, ҳолат, вазиятни ҳисобга олмасдан шариат ҳукмларига бир томонлама ёндашиши натижасида жамият ичида турли хил ихтилофлар келиб чиқмоқда.

Маълумки, диний эътиқод мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолатдан бошқа нарса бўлмайди. Ақида – эътиқод масаласи динимизнинг ўзаги ҳисобланади. Барча амалларимизу ибодатларимизнинг Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши айнан эътиқодимизнинг тўғрилигига боғлиқдир. Агар ақида нотўғри ёки бузуқ бўлса, Аллоҳ сақласин, амалларнинг қабул бўлишини умид қилмаса ҳам бўлаверади.

Ақида Ислом динининг асоси бўлгани учун ҳам ҳамма даврда уни бузишга ҳаракатлар бўлиб турган. Хусусан, катта саҳобалар давридаёқ ақидавий баҳслар бўлиб ўтганини кузатиш мумкин. Тобеъинлар даврига келиб ҳолат янада жиддийлашди. Чунки бу пайтда мўътазилий, қадарий, хорижий каби ақидаси бузуқ кўплаб тоифалар тарқалиб бўлган эди. Мусулмон уммати учун ўта таҳликали бўлган мана шундай бир пайтда тўғри йўлдаги соф эътиқодий мазҳабга эҳтиёж туғилди.

Маълумки, дунё мусулмонларининг аксари, жумладан, Ўрта Осиё мусулмонлари ҳам Қуръон ва ҳадисда келган эътиқодий масалаларни тушунишда Аҳли сунна вал жамоанинг Мотуридий ақидасига эргашадилар. Бутун Ислом олами Имом Мотуридийни бир овоздан ақида бўйича “Ҳидоят имоми” деб тан олади. Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ Пайғамбаримиз ва саҳобаи киромларнинг тутган йўлларини аниқ ва тўлиқ асослаб, адашган фирқаларнинг хато ва камчиликларига ўринли раддиялар берганлар.

Аслида “Аҳли сунна вал жамоа” ибораси ҳам “Суннатга амал қилувчи ва жамоатга эргашувчилар”, деган маънони англатади. Минг йиллардан бери мусулмонлар маҳкам тутиб келаётган мана шу соф эътиқодда барчамиз собит туриб, уларни фарзандларимиз ва ёш авлодга сингдиришимиз ўта муҳим. Ўзининг эътиқоди ва мазҳабини яхши билган ҳар бир мусулмон, жумладан, ёшлар ҳам турли хил адашган оқимларнинг алдовларига алданиб қолмайди.

Шу ўринда азиз ўқувчиларимиз билишлари керак бўлган баъзи бир муҳим маълумотларни айтиб ўтишни лозим деб топдик. Ватандошимиз Ҳаким Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ “Саводул аъзам” китобида Аҳли сунна вал жамоага мансуб бўлган кишиларнинг эътиқодий масалаларини баён қилган. Унда мўмин мусулмонлар ўзаро иттифоқда ҳаёт кечириб, бир-бирларини ҳурмат қилишлари, юртнинг обод ва жамиятнинг фаровонлиги учун ўта зарур бўлган қонун-қоидалар ишлаб чиқилган. Масалан, мусулмон киши, модомики қилган гуноҳини ҳалол санамас экан, у кофирга ҳукм қилинмайди. Ноҳақ равишда бирорта мусулмонга қарши қурол кўтармаслик, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини ҳақ деб билиш, авлиёларнинг кароматларини инкор этмаслик, Аллоҳ таолога макон исбот қилмаслик каби кўплаб масалалар борки, буларга барча мусулмонлар бирдек риоя қилсалар, жамиятда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суради.

Зеро, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким мендан кейин яшаса, кўп ихтилофларни кўради. Бас, сизлар менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларнинг суннатини маҳкам тутинглар. Уларга озиқ тишларингиз билан маҳкам ёпишинглар”, деганлар.

Афсуски, ҳозирги кунда ўзини Аҳли сунна вал жамоаданман, деб даъво қилаётган кимсаларнинг баъзиларида ушбу хислатлар умуман топилмайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, биз Ўзбекистонлик мўмин-мусулмонлар ўзларининг улуғ Имоми, Қуръон, суннат ва аввалда ўтган солиҳлар йўлига мувофиқ мусулмонлар ақидасини жамлаган, фирқаланишга қарши турган Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг илмий меросини ўрганиб, ўргатишимиз лозим.

Турғунов Маъсумхон,
Наманган шаҳар “Шайҳ Эшон” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг