Қоронғи режим
Image
Logo

Абу Бакр Сиддиқни танийсизми ?!

Абу Бакр Сиддиқни танийсизми ?!

Саҳобаи киромларнинг энг улуғи бўлган зот барча валийларнинг султони бўлиши табиий ҳолдир. Валийлар султони Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу милодий 573 йилда туғилган. Исми Абдуллоҳ бўлиб, насаби қуйидагича бўлган: Абдуллоҳ ибн Усмон ибн Омир ибн Амр ибн Каъб ибн Сайд ибн Тайм ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан насаблари Мурра ибн Каъбда бирлашган. Бу зотнинг Сиддиқ деб номланиши ҳақида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шундай деган: "Аллоҳ таолонинг Ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиллари билан Абу Бакрни Сиддиқ деб номлаган".

Ҳа, бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тасдиқлашда ҳеч иккиланмаганлари сабабли ана шундай иззатга сазовор бўлганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжидул-Ақсога сайр қилдирилганларида инсонлар буни гапира бошладилар. У зот алайҳиссаломга иймон келтириб, тасдиқлаганларнинг айримлари бундан фитнага учраб муртад бўлиб кетишди. Шунда Абу Бакр: "Мен бундан ҳам узоқроғини тасдиқлайман, унга эрталаб ё кечқурун самодан хабар келишини тасдиқлайман-ку", - деди. Шу сабабли у Сиддиқ деб ном олди".

Бу зот яхши ишларга доимо илгари ташаббус кўрсатгани сабабли "Абу Бакр" (ўта пешқадам) кунясини олган дейилган.

Валийлар султони ҳақида

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анхунинг фазллари

Абу Бакр розияллоҳу анхунинг фазллари ҳақида кўплаб хабарлар келган. Қуръони каримда шундай хабар берилган:

"Тақволи киши эса ундан (дўзахдан) узоқлаштирилур. Қайсики, у мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган бўлса. Унинг (сарф қилувчининг) хузурида (зиммасида) бирор кимсага кайтариладиган неъмат йўкдир" (Лайлсураси, 17, 19-оятлар).

Аксар муфассирлар ушбу ояти карималарда васф қилинган инсон Абу Бакр Сиддикдир, дейишган.

Бу зот Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилиш бахтига муяссар бўлганига Қуръони каримда очиқ-ойдин ишора келган:

"Агар сизлар унга (Муҳаммадга) ёрдам қилмасангиз, Аллоҳ (Ўзи) унга ёрдам қилган. Қачонки, уни кофирлар икки кишининг бири сифатида (ватанидан) чиқариб юборганларида, икковлари ғорда туриб, (Муҳаммад) ҳамроҳи (Абу Бакр)га: "Ташвиш чекма! Албатта, Аллоҳ биз билан биргадир!" - деган эди" (Тавба сураси, 40-оят).

Мана шу ояти каримада зикр этилган икки киши  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васаллам билан Абу Бакр Сиддиқ розияллоху анху эканлари барча муфассирлар томонидан тасдикланган. Шу сабабли ким Абу Бакр розияллоху анхунинг саҳоба эканини инкор қилса, кофир бўлади, дейилган.

Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Абу Бакрга: "Сен Ҳавзда ҳам, ғорда ҳам менинг шеригимсан",- деганлар. Абу Бакр розияллоху анху хайрли ишларда доимо пешқадам бўлган:

Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким бугун рўзадор бўлиб тонг оттирди?" Абу Бакр: "Мен", - деди. У зот: "Ким бугун жанозага қатнашди", дедилар. Абу Бакр: "Мен", - деди. У зот: "Ким бугун бирор мискинни таомлантирди", - дедилар. Абу Бакр: "Мен", - деди. У зот: "Ким бугун бирор касални бориб кўрди", -дедилар. Абу Бакр: "Мен", - деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ушбу ишлар қайси бир кишида жамланган бўлса, у, албатта, жаннатга киради", - дедилар". Муслим ривоят цилган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оилалари

  1. Қутайла бинти Саъд. Бу аёлига жоҳилият даврида уйланган бўлиб, ундан Абдуллоҳ ва Асмо исмли фарзандлари туғилган.
  2. Умму Румон. Бу аёлига ҳам жоҳилият даврида уйланган. Ундан Абдурраҳмон ва Оиша розияллоху анҳолар туғилган.
  3. Асмо бинти Умайс. Бу аёлига Исломга кирганидан сўнг уйланган. Асмо олдин Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоху анхунинг аёли бўлган. Жаъфар "Мўъта" ғазотида шаҳид бўлгач, бева қолган Асмога Абу Бакр розияллоху анху уйланган. Асмодан Муҳаммад исмли фарзанди туғилган.
  4. Ҳабиба бинти Хорижа. Бу аёлига ҳам Исломга кирганидан сўнг уйланган. Ушбу аёлидан Умму Кулсум исмли қизи туғилган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоху анху Пайгамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг ҳижрий 11 йилда робиъул аввал ойининг 12 кунида мусулмонларга биринчи халифа этиб сайланган. Халифалик даврларида муртадларга қарши курашлар ва Қуръоннинг жамланиши каби муҳим ишлар бўлиб ўтган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳижрий 13 (милодий 634) йилда жумадул охир ойининг 23 куни вафот этган. Жанозасини Умар розияллоху анҳу ўқиган.

 

Улуғбек Рахматуллаев,
 Учқўрғон туман “Абдулхамидхожи Абдурахмон ўғли”
жоме масжиди имом-хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг