Қоронғи режим
Image
Logo

АМАЛЛАР НИЯТГА БОҒЛИҚДИР.

АМАЛЛАР НИЯТГА БОҒЛИҚДИР.

   Ният–динимиздаги энг муҳим амаллардан бири бўлиб, оддий ишлар ҳам ниятни яхшилиги сабабли савобли амалларга айланади ва ниятнинг ёмонлиги туфайли гуноҳ ишлар қаторига киради. Шунинг учун ҳар бир банда чинакам маърифатга эришиш учун яхши ният орқали эзгу амалларни кўпайтириши лозим. Биз қиладиган амалларимиз учун ниятимизга кўра ажр-савобга эришамиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

  “Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади” (Муттафақун алайҳ).

  Ушбу ҳадисга кўра, ҳар бир катта ёки кичик ишни яхши ният билан бажарсак, савоб оламиз. Масалан, ейиш, ичиш каби амаллар ибодат ва касбу-корга қувват бўлиш ниятида бажарилса, ибодатга айланиб, эвазига ажр олинади. Аммо фақат қорнини тўйдириш учун еб-ичилса, савоб бўлмайди.

  Киши ризқ ахтариб кўчага чиқишдан олдин “Аллоҳ таоло аҳл-оилам нафақасини зиммамга фарз қилган, шуни адо этиш учун Ўзидан ёрдам сўраб, ишга чиқяпман, агар Аллоҳ муваффақ қилса, оилам олдидаги шариат юклаган вазифани бажараман, топган пулимдан муҳтожларга ва хайрли ишларга эҳсон қиламан” деб яхши ният қилса, унинг ҳар бир қадами ва олган ҳар бир нафаси ибодатга айланади.

  Киши уйқуга ётиш олдидан “ухлаб тетиклашиб олсам, Аллоҳга янада кўпроқ ибодат қиламан”, деб ният қилса, унинг уйқуси ҳам ибодатга, савобли амалга айланади. Бу ҳақда   Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

  “Ким тунда туриб намоз ўқимоқни ният қилиб, тўшагига ётса, аммо уйқу зўрлик қилиб бомдодда уйғонса, у кишига ният қилган амалининг савоби ёзилади ва уйқуси унга Аллоҳ таолонинг садақаси ҳисобланади” (Имом Насоий ривоятлари). 

  Илм талаб қилишдан мақсад “илм олиш – фарз” деган ниятда бўлса, савоб олади, келажакда ўзгаларга манфаат етказишни ният қилган бўлса, унга алоҳида савоб олади.

  Ҳайвонларни боқишда “динимиз ҳайвонларга меҳрибонлик кўрсатишга буюрган” деган ниятда боқса, савоб олади, у орқали пул топиб, оилани боқишни ният қилса, унга алоҳида савоб олади.

  Бу қоида инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсага нисбатан қўлланилаверади. “Ислом дини – осон дин” дейилишининг маъноси ҳам шу. Исломда одат ва зарурат ҳисобланган нарсаларни ҳам ибодатга айлантириш жуда осон. Биргина ниятни тузатиш билан барча амаллар савобга айланади.

 

Жобирхон Халимхон ўғли,
Мингбулоқ тумани
Мулла Тожи Аҳмад жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг