Қоронғи режим
Image
Logo
БЕМОРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ОДОБИ

БЕМОРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ОДОБИ

Динимизда ҳар бир хайрли ишнинг одоби бўлгани каби, уламоларимиз беморнинг зиёрати бобидаги одобларни қуйидагича санаб берганлар:

1.Хасталанган кишининг ҳузурига кирганда, очиқ юз, хуш кўнгил, шафқат билан муомала қилинади, унинг юзига синчиклаб қаралмайди, кўп ва қаттиқ овозда гапирилмайди.

  1. Касал кўриш чоғида беморга дард – Аллоҳнинг бир неъмати экани, банда унга сабр қилса, Аллоҳ таоло билиб-билмасдан қилинган гуноҳларни кечиришини айтиб, беморни кўнгли кўтарилади.
  2. Беморнинг бош-кўзи, манглайи, оёқ-қўлини силаб, яхши сўзлар билан кўнгли кўтарилади, дард вақтинчалик эканини айтиб, тасалли берилади.
  3. Касал кишининг зиёратига озроқ ҳадя олиб, салом билан кирилади ва унга яқин, иложи бўлса, бош томонида ўтириб, аҳволи сўралади.
  4. Беморни зиёрат қилиш – Аллоҳ таолони зиёрат қилишга тенглаштирилган, хаста киши гарчи ғайридин киши бўлса ҳам, ҳол сўраш яхшидир.
  5. Касал бўлган одамни бориб кўришнинг савоби ва фазилати жуда кўп. Беморни зиёрат қилиш, ундан ҳол-аҳвол сўраш, бирор етишмовчилиги бўлса, кўмаклашиб юбориш – мусулмон киши зиммасидаги зарур вазифалардандир.
  6. Унинг ҳузурида паст овозда, табассум билан гапирилади, “Кўнглингиз нима тилайди?” – деб сўралади. Агар у хоҳлаган нарсасини айтса ва бу унга зарар қилмаса, хоҳ ўзи, хоҳ яқинлари орқали топиб беришга ҳаракат қилинади.
  7. Бемор ётган уйда кулиш, йиғлаш яхши эмас, ҳар хил кинояли, оғир ботадиган, кўнгилга келадиган сўзларни айтилмайди.
  8. Агар зарурат бўлмаса, касал кўргани кечаси бормаган маъқул, чунки дард одатда кечга бориб кучайиб, беморнинг аҳволи танглашади ёки у чарчаб, оромга шайланган бўлади.
  9. Касални толиқтириб қўймаслик учун унинг олдида узоқ ўтирилмайди. Ўзининг розилиги бўлса, бир оз ўтириб, кўнглини кўтарувчи ибратли ҳикоялар сўзлаб турилади. Гапи совуқ, бефаросат кишиларни беморнинг ёнига йўлатмаган маъқул.
  10. Хасталикка чалинган киши ҳам, ўз навбатида, келганларга дарди ҳақида гапириб, ҳикоя қилавермаслиги, фақат сўралгандагина жавоб қайтариши керак. У дарди кучайганида, ўзига ўлим тиламай, Аллоҳдан шифо сўрайди ва шукрона айтади.
  11. Беморнинг ҳузуридан тураётганда, унинг ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан шифо сўралади. Имкон бўлса беморни дуоси олинади. Чунки унинг дуоси ижобатдир. Хайрлашишда “Худо хоҳласа, тезда тузалиб кетасиз”, “Дард ҳам бир меҳмон, ҳали соғайиб кетасиз” каби сўзлар билан тасалли берилади.

Муҳаммад Шокир Бобохўжаев,
Норин тумани “Умархўжа эшон” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг